Жаҳон | 11:02 / 04.04.2026
5547
3 дақиқада ўқилади

Трамп ФТБ директорини ишдан олиш ҳақида ўйламоқда

The Atlantic нашри манбаларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп ФТБ (Федерал тергов бюроси) директори Кэш Пателни, АҚШ Қуруқликдаги қўшинлар вазири Дэниел Дрисколлни ва меҳнат вазири Лори Чавес-ДеРимерни ишдан бўшатиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Аммо ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.

Фото: REUTERS

АҚШ бош прокурори ва Адлия вазирлиги раҳбари Пэм Бондининг лавозимидан озод этилиши президент Доналд Трамп маъмуриятидаги сўнгги истеъфо бўлмаслиги мумкин, деб ёзади The Atlantic Америка онлайн нашри 2 апрел, пайшанба куни.

Журналистлар Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет томонидан АҚШ Қуруқликдаги қўшинлари штаби бошлиғи Рэнди Жоржнинг лавозимдан озод этилганини эслаб ўтади. Бу воқеа Пэм Бондининг ишдан бўшатилиши билан деярли бир вақтда содир бўлган. Манбаларга таяниб ёзишича, ҳозир Оқ уйда ФТБ раҳбари Кэш Пател, АҚШ Қуруқликдаги қўшинлар вазири Дэниел Дрисколл ва меҳнат вазири Лори Чавес-ДеРимернинг эҳтимолий истеъфолари ҳам муҳокама қилинмоқда.

The Atlantic’нинг исми ошкор этилмаган суҳбатдошлари эҳтимолий янги истеъфоларнинг вақти ҳали белгиланмаганини ва Доналд Трамп бу масалада ҳозирча якуний қарор қабул қилмаганини таъкидлаган.

Нашр ёзишича, бунгача АҚШ президенти Конгрессга оралиқ сайловлар — ноябр ойида ўтадиган сайловларга қадар маъмуриятнинг асосий ходимларидан бирортасини ишдан бўшатишни режалаштирмаган эди.

“Аммо бир пайтлар Трампнинг иккинчи президентлик муддатининг норасмий шиори бўлган ‘ҳеч қандай бошлар олинмайди’ деган тамойил энди долзарб эмас”, — дея манбалар баҳосини келтиради мақола муаллифлари.

Уларнинг фикрича, Трампнинг бу борадаги йўналишини ўзгартириши АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши давом этаётган уруши фонида унинг оммавий қўллови пасайгани билан боғлиқ.

Бундан бир ой олдин — 5 март куни Доналд Трамп ўз маъмуриятида қатъий иммиграция сиёсатини юритган АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг ишдан бўшатилганини эълон қилган эди. Бу истеъфо Миннеаполисда Рене Гуд ва Алекс Преттининг иммиграция хизмати ходимлари томонидан ўлдирилиши билан боғлиқ можаро ортидан юз берган.

Ноэмнинг истеъфосини Вакиллар палатасидаги демократлар талаб қилган, кейинчалик уларнинг бу чақириқларига бир неча республикачилар ҳам қўшилган. Гуд ва Преттини вазир Америка ҳокимият идоралари ҳаракатлари туфайли ҳалок бўлган шахслар сифатида эмас, балки “ички террористлар” деб атаган ва уларнинг ўлими ҳолатлари аниқлаштирилганидан кейин ҳам бу сўзлари учун узр сўрашдан бош тортган.

АҚШ Адлия вазирлиги раҳбарининг истеъфоси эса, The New York Post ва CNN маълумотларига кўра, 60 ёшли Пэм Бонди, хусусан, тадбиркор Жеффри Эпштейннинг жинсий зўравонликка оид жиноятлари ишига муносабати сабаб Трампнинг норозилигига учраган. Шунингдек, ушбу ОАВ манбаларига кўра, президент Адлия вазирлиги раҳбари унинг рақибларига қарши етарлича қаттиқ чора кўрмаганидан ҳам норози бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид