Ўзбекистон | 13:38 / 29.09.2021
1414
2 дақиқада ўқилади

Андижон давлат чет тиллари институти қайта ташкил этилади

2010 йилда тугатиб юборилган Андижон давлат чет тиллари институти қайта ташкил этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Вилоятда келгуси беш йилда 1 минг 100 та давлат, давлат-хусусий шериклик ва оилавий боғчалар ташкил этиш ҳисобига, мактабгача таълим қамров даражаси 69 фоиздан 78 фоизга етказилади. Келгуси беш йилда 33 та янги мактаб қурилади, 145 таси реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади.

Шунингдек, 2010 йилда тугатиб юборилган Андижон давлат чет тиллари институти қайта ташкил этилади. Бундан ташқари, вилоятда яна 4 та хусусий олийгоҳ ташкил этилади. Натижада, олий таълим қамрови 23 фоиздан 50 фоизга ошади. Давлат-хусусий шериклик асосида 7 минг ўринли 16 та талабалар турар-жойлари қурилади. 

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилади. Жумладан, бюджет маблағлари ҳисобидан Андижон шаҳар, Андижон, Марҳамат туманларида “Маданият маркази” қайта таъмирланади. Бўстон туманида замонавий “Ёшлар маркази” қурилиб, фойдаланишга топширилади. Келгуси беш йилда вилоятдаги 23 та спорт таълим муассасаларида қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилади”, деди президентликка номзод.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид