Жаҳон | 10:49 / 16.12.2022
37577
4 дақиқада ўқилади

2023 йилда Ҳиндистон аҳолиси Хитойникидан ошиб кетади. Бу нимани англатади?

Ҳозир дунёда аҳолиси энг кўп давлат Хитой ҳисобланади. Лекин БМТ таҳлилларига кўра, кейинги йил бу мақомни Ҳиндистон қўлга киритиши керак. Агар шундай бўлса, бу Хитойнинг қудратига таъсир қиладими? Ҳиндистон учун бу нималарни англатади?

Фото: Kun.uz

Айни пайтда Хитой дунёнинг энг кўп аҳоли мавжуд давлати ҳисобланади. Кейинги ўринларни эса Ҳиндистон ва АҚШ эгаллаган.

БМТ ҳисоботига кўра, 2023 йилда Ҳиндистон аҳолиси Хитойникидан кўпроқни ташкил қилиши кутилмоқда. Ҳозир ҳар иккала давлатнинг ҳам аҳоли сони 1,4 миллиарддан ошган.

Аҳоли сони нимани белгилайди?

«Аҳолиси энг кўп давлат» мақоми Хитойдан Ҳиндистонга ўтиши қандай маъно англатади?

The Guardian нашри айнан шу саволни таҳлил қилди. Нашрнинг ёзишича, Хитой бу тарихий воқеа юз бергандан кейин ҳам қудратли давлат бўлиб қолаверади ва супер қудратли давлат мақомига эришиш борасида АҚШ билан беллашуви давом этаверади. Шунчаки одамлари сонига қараб ҳисоблаганда энг катта мамлакат мақомидан маҳрум бўлади.

Мавжуд тенденцияларга кўра, аҳоли сонидаги тафовутлар тез суръатлар билан катталашиб бораверади. Бироқ бу дунё миқёсида мамлакатлар нуфузини белгилашда унчалик ҳам катта аҳамиятга эга эмас. Сабаби, мамлакатлар нуфузи инвестиция, давлат бошқаруви каби омиллар билан кўпроқ белгиланади. Яъни аҳолининг қанча бўлиши мамлакатлар истиқболини белгилаб берадиган даражада муҳим эмас.

Хитойнинг «қариши»

Лекин шундай бўлса-да, Ҳиндистоннинг аҳоли сони бўйича Хитойдан ошиб кетиши XXI асрда чексиз юксалишни кўзлаган Хитойнинг чегарасизлигига шубҳа уйғотади. Сабаби, Хитой аҳолиси 1,4 млрд чўққисидан сўнг сезиларли равишда қисқариши прогноз қилинган.

Евросиё гуруҳи президенти Ян Бреммернинг қайд этишича, Хитойнинг аҳоли сони қисқариши Япония ва Жанубий Кореяникидан кўра шиддатлироқ кечади ва бу давлатлар ўртача даромадли бўлгани учун ҳам аҳоли қисқариши улар учун катта муаммо.

Хитой аҳолисининг фақатгина сони қисқармайди, балки ёш профили ҳам ўзгариб боради. Яъни аҳолини ёш тоифаларига бўлганда асосий қатлам меҳнатга лаёқатли ёшдаги авлод эмас, балки кексалар бўлиб бораверади. 2050 йилгача Хитойда 65 ёшдан ошган аҳоли сони икки баравар ошиб, 150 млн кишидан 330 млн кишига етиши прогноз қилиняпти. Бу нафақадаги одамларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам ишлайдиган меҳнат ёшидагилар камайиб бораверишини англатади. 

Албатта, Хитой раҳбарияти иш самарадорлигини ошириш каби йўллар билан мамлакатнинг юксалиб бориш йўлларини топиши мумкин, бироқ бу вақт ўтгани сари кўпроқ капитал талаб қилиб бораверади.

Хитой ҳарбий харажатлари мамлакатга бошқа ҳудудларни таъсир доирасига олиб, ресурслардан фойдаланиш учун ўзига хос имкон бериши мумкин. Бироқ агар бу режа ўхшамаса, Пекин ўсиб борувчи чекловларга мослашиш учун кўп капитал сарфлашга мажбур бўлади ва бу мамлакатни ўрта даромадли иқтисод тузоғига тушириб қўйиши мумкин.

Ҳиндистоннинг ёшариши

Худди шунингдек, аҳоли сони ошиши Ҳиндистонда ҳам ўхшаш дилеммаларни пайдо қилади: мамлакатнинг меҳнатга лаёқатли аҳоли сони ошиб боради, уларни катталар вақтида молиялаштириши керак бўлади. Ҳиндистон бу демографик дивидендни вақтида ўзлаштириб олишига тўғри келади.

«Демографик дивидендлар ўз-ўзидан ҳосил бўлмайди. Бунинг учун мамлакатдаги меҳнатга лаёқатлиларнинг катта қисми ишлаши ва уларнинг меҳнати самарадор бўлиши лозим», дейди Абу-Дабидаги Халифа университети профессори Стюарт Гител Бастен.

Баъзи мамлакатлар, масалан, Жанубий Корея, Сингапур демографик дивиденд тақдим этган имкониятлардан фойдалана олган. Тунис, Миср ва Сурияда эса меҳнатга лаёқатли ёшдагилар сони ошиб, иш топа олмаслиги сабаб бу қатлам 2011 йилдаги «Араб баҳори»нинг асосий ҳаракатлантирувчи кучлари бўлишган. Демографик ўсишни вақтида тўғри йўналтира олган Сингапур ва Жанубий Корея эса бундай муаммолардан йироқ.

Ё муваффақият ё муваффақиятсизлик

Гител Бастеннинг қайд этишича, аҳоли сони ошиши муваффақият ёки муваффақиятсизликка олиб келишига сабаб бўлувчи омиллар кўп. Булар ресурслар, мамлакат жойлашуви ва унинг бошқарилиши, инфратузилма кабилар.

Мавзуга оид