Ўзбекистон | 16:04 / 27.07.2019
81677
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарё ҳокими Яккабоғга келди: тадбиркорнинг дўкони бузилмайдиган, моддий зарар қопланадиган бўлди

Бугун, 27 июль куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев бўлаётган воқеалар билан яқиндан танишиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Яккабоғ туманида бўлиб турибди. У «Эски Яккабоғ» қўрғончасига ташриф буюриб, бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашган, уларнинг муаммо ва мурожаатларини тинглаган.

Яккабоғ туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Бозор Азизовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, вилоят раҳбари туман ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевга бензин сепиб, ёқиб юборган Баҳриддин Исомовнинг рафиқаси Нодира Ҳайдарова ҳамда фарзанди Шарофиддин Даминов билан якка тартибда суҳбатлашган. Маълумотларга кўра, тадбиркорнинг дўкони бузилмайдиган, етказилган моддий зарар эса суд орқали ундириладиган бўлди.

«Тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг дўкони бузилмайдиган бўлди. У қайта реконструкция қилинади. Фасад қисми ўзгартирилади. Шунингдек, бошқа тадбиркорларнинг ҳам дўконлари бузилмайди. Бузилганларига эса, ер ажратилиб, компенсация берилади. Бу ишларни вилоят ҳокими шахсан назоратга олишини таъкидлаб ўтди», — дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда Б.Азизов.

Туман матбуот хизмати маълумотига кўра, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев эрта тонгдан қўрғончага ташриф буюрган ва дўкони бузилган 30 нафар тадбиркорга ўз дўконлари олдида бўлиб туришни сўраган ва уларнинг ҳар бири билан гаплашиб, муаммосини тинглаган. Жойида мутасаддиларга муаммони ҳал этиш бўйича зарур кўрсатмалар берган.

Шунингдек, З.Рўзиев туман ҳокимлиги ва тадбиркорлар ўртасида юзага келган тушунмовчилик ва англашилмовчиликларга чек қўйиш мақсадида, «Обод қишлоқ» дастури бўйича олиб борилаётган ишлар мазмун-моҳияти ҳақида тушунтирган.

Айни дамда, вилоят ҳокими мазкур қўрғончада бўлиб турибди. Kun.uz яқин соатлар ичида ушбу учрашув якуни ва ҳолат юзасидан тўлиқ материал эълон қилади.

Эслатиб ўтамиз, сайтимизда аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Эски Яккабоғ қўрғончасида «Обод қишлоқ» дастури бўйича олиб борилаётган ишлар ва нотураржой иморатларининг бузилиши ва унга тадбиркорлар томонидан бўлаётган кескин норозилик бўйича суриштирув ва таҳлилий мақолалар эълон қилинган эди.

Мавзуга оид