Жамият | 13:56 / 17.01.2022
20634
8 дақиқада ўқилади

Аварияларнинг илдизи билимсизликда – Ҳайдовчилик гувоҳномаси қандай олинса жамият учун хавфсиз бўлади?

«Права»ни пулга сотиб олиш қон-қонимизга сингиб кетган. Бузилган тизим маҳсули бўлган уқувсиз ҳайдовчиларни деб авариялар кўпайса кўпайяптики камаймаяпти. Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонларни инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда ўтказиладиган тизимга бу муаммонинг ечими дея умид билдирилмоқда.

Ушбу мақолада ҳайдовчилик гувоҳномасини осон олиш учун «барча шароитлар яратилган» Ўзбекистон «тажрибаси» ҳақида фикр юритилади.

2021 йилда 10 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани, унда 2 мингдан ошиқ инсон ҳаётдан кўз юмгани, минглаб одамлар турли даражада жароҳат олгани аварияларнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича қайта ва қайта фикрлашга мажбур қилаверади.

Оқибатлари қўрқинчи ҳикоя

«Дўстим, бизнинг уйда аёллар «қўзғолон» кўтаришди. Ҳаммаси машина мингиси келиб қолди. Ўзимнинг аёлим ва икки акамнинг турмуш ўртоқлари бир бўлиб автомактабга ҳужжат топширишди. Уч ойда ҳафтасига 5 кун, 4 соатдан давом этиши айтилган дарсларга нари борса 10 марта боришди. Лекин ўқишга борганларида сарф бўладиганидан кўра кўпроқ пул кетди (давоматда муаммо бўлмаслиги учун).

Хуллас, 3 ой эмас 2 ойдан сал ўтиб «В» тоифа учун ўқишни тамомлаганликлари тўғрисида ҳужжат олишди. Машина ҳайдашни эса уйда мустақил ўрганишди.

Кейин имтиҳон топшириш учун биргалашиб «ГАИ»га боришди. Имтиҳондан 1 кун олдин катта акам «ГАИ»га кириб чиқди. Ким билан қандай келишишди билмадиму, эртаси куни рулга ўтирса оёғи қалтирайдиган, газ билан «сцепление»нинг фарқига бормайдиган 3 аёл ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишди (келинларнинг айтишича, имтиҳон компьютерда бўлган, тест саволларини етарли даражада тўғри топа олишмаган, амалий имтиҳон топширишмаган)

Аёлимнинг бу борада «нималарга қодир» эканини билганим учун ҳам олинган гувоҳнома ҳозирча жавонни безатишга яраяпти, холос».

Ҳикоядан хулоса

Хўш, нега машина ҳайдашни билмайдиган одамлар ўқимаса ҳам «ўқиди» деган ҳужжатни олмоқда? Улар ЙҲХБнинг назарий ва амалий имтиҳонларини қандай қилиб топширмоқда?

Кузатувларга кўра асл муаммо ҳам мана шу ерда. Бугунги кунда аксарият одамлар ҳайдовчилик гувоҳномасини тўғри йўл билан қўлга киритмаган. Йўлларда маданиятсиз ҳайдовчилар, авариялар ва ўлимлар сони камаймаётганининг энг асосий сабабларидан бири ҳам шунда.

Бу вазият ҳайдовчиларни ўқитиш ва улардан имтиҳон олишнинг мавжуд тизими тўғри ишлаётганини сўроқ остига келтириб қўймоқда.

Арзоннинг оши татимас ёхуд «чалажон» автомактаблар

Амалдаги тартибга кўра ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритиш учун аввал махсус автомактабларда ўқиш лозим. Аммо муаммонинг боши шундаки, аксарият автомактабларда ҳатто ўз ўқув машинаси ҳам йўқ. Ўртача 1-1,5 млн сўм эвазига талабгорлар ўқишга қабул қилинади. Улар ўқитилмайди ҳам. Ўқувчилардан гувоҳнома олингунга қадар бўлган ҳар бир босқич учун пул йиғилиб, уларга «права» олиб беришга ҳаракат қилинади.

Уларнинг аксариятида таълим сифати ҳам ҳаминқадар. Давоматлар назорат қилинмайди. Назарий ва амалий машғулотларга бормасдан ҳам «ГАИ»даги имтиҳонга бориш мумкин. Бундан ташқари, у ерда ҳам таниш топиб ёки автомактаб орқали пора бериб имтиҳонни ҳал қилиш мумкин.

Масалан, мақола муаллифи сифатида вилоятлардан бирида «СЕ» тоифасини ўқимасдан, амалий машғулот ўтказмасдан олган уч кишини биламиз. Улардан бири бунинг учун 350 АҚШ доллари сарфлаган.

 Масала «ГАИ»да қандай ҳал бўлади?

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ДЙҲХБ ТРИБ бўлимида берилади. Бу ҳар қанақасига нобоп ҳайдовчилар кўпайиши ва уларга ҳайдовчилик гувоҳномаси берилишида ДЙҲХХ бош айбдор эканлигини кўрсатади. Имтиҳонларни олиш, ҳайдовчи-курсантларни синаш ишларига панжа орасидан қаралаётгани ҳеч кимга сир эмас. Юқоридаги ҳикоя ҳам буни етарлича тасдиқламоқда.

«Права» енгил қўлга киритилиши оқибатларини эса йўллардаги ҳолатнинг қўрқинчли статистика кўрсатиб турибди. Инсон омили бор жойда ҳар қандай камчиликка кўз юмилиши мумкинлиги сир эмас.

Наф бермаган амалий ҳаракат

2021 йил 1 июнида республикада йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва амалий муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилганди.

Ишчи гуруҳ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб, кўриладиган комплекс чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликка ахборот бериши, фуқаролар томонидан билдирилган таклифларни синчковлик билан ўрганиб чиқиши айтилганди.

Аммо шундан бери, на таркиби ва на қиладиган иши тайин бўлган бу ишчи гуруҳнинг фаолияти ҳақида бирор ерда маълумот учрамади.

Вазият яхши томонга ўзгаришидан эса дарак йўқ.

Ечим қаерда?

Президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ-4913-сон қарорида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолашни хусусий секторда инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий этилиши назарда тутилганди.

Шундан сўнг ҳукуматнинг тегишли ҳужжатига керакли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Демак, яқин ойларда имтиҳонларни ЙҲХБда эмас, хусусий ташкилотларнинг автодромларида топшириш ҳам бошланиб қолади.

Бунинг афзалликлари борми?

Янги жорий этилган тартибдан кутилаётган асосий натижа – машина ҳайдашни билмайдиган инсонларга «права» берилишига йўл қўймаслик. Муаммо илдизи «сотиб олинган права»га тақалаётган экан, кутилаётган янгиликдан яхши умидлар қилса бўлади.

Чунки, ҳукумат қарорига кўра, амалий имтиҳон олиш жараёнида бажарилган ҳар бир синов машқи ҳамда якуний натижалар инсон омилисиз баҳоланади, уларга ўзгартириш киритиш имконияти тўлиқ чекланган бўлади. Имтиҳон топширувчининг натижалари АИТда автоматик назорат қилинади. Унда пора бериш имкони йўқ – чунки компьютерни «кўндириб» бўлмайди.

Шу тизим тўлиқ ишлаб кетса ва унга қатъий амал қилинса, билими йўқ одам имтиҳондан албатта йиқилади, «права» ололмайди ва жамият битта потенциал қотилдан халос бўлади. Қанча кўп одам имтиҳондан [адолатли] йиқилса, жамият учун шунча фойдали бўлади.

Албатта, хусусий сектордаги автоматлаштирилган имтиҳонлар ҳам бепул бўлмайди. Назарий ва амалий имтиҳонларга маълум миқдорда тўлов белгиланиши тайин. Лекин бу одатда бир талаба пора кўринишида сарфлайдиган жами суммадан кўп бўлмаса керак.

Муҳими, етарли билими бўлмаган бўлажак ҳайдовчи пулига куймаслик учун ҳам ўқиш-ўрганишига, ҳақиқатан яхши тайёргарлик кўришга интилади. Натижада, йўлларимизга билимли ва маҳоратли ҳайдовчилар кириб кела бошлайди.

Жамоатчилик вакиллари ва журналистлар амалдаги қонунлар қайта кўриб чиқилишини, қоидабузарларга қаттиқроқ, айтайлик маъмурий қамоқ ёки узоқ муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишдан тортиб, жиноий жавобгарликка тортишгача жазо жорий қилиш кераклигини айтишмоқда.

Дарҳақиқат, буларни чуқурроқ ўрганиб чиқиш вақти аллақачон келган. Бу ёғига йўлларимизда машиналар кўпайса кўпаядики асло камаймайди. Тинчлигимиз ва хавфсизлигимиз эса ҳар биримиз учун муҳим.

Амалдаги тартиб-таомиллар бўйича ҳайдовчилик гувоҳномаси олишга кетадиган харажатлар (шу жумладан асоссиз ортиқча йиғимлар) ҳақида навбатдаги мақолада батафсил баён қилинади.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид