Ўзбекистон | 09:45 / 27.11.2021
5228
2 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ОТМнинг битирувчи талабалари доимий яшаш жойидаги тиббиёт муассасаларида амалиёт ўтайди

“Андижон давлат тиббиёт институти ва унинг клиникаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорга кўра, Андижон давлат тиббиёт институти ва унинг клиникаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан қуйидаги йўналишлар бўйича юридик шахс бўлмаган филиаллар ташкил этилади:

  • академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг – хирургия;
  • Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг – кардиохирургия; 
  • Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг – нейрохирургия;
  • Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт марказининг – урология;
  • Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказининг – нефрология.

Трансплантология, эндохирургия, рентгенэндоваскуляр хирургия, эндоурология, неврология ва тиббий генетика янги бўлимлари ҳамда иммуногенетик лаборатория ташкил этилади.

2022/2023 ўқув йилидан барча тиббиёт ОТМнинг “Даволаш иши” ва “Педиатрия иши” таълим йўналишлари битирувчи курс талабалари ўқув йилининг 1-семестри (5 ой) давомида доимий яшаш жойларидаги тиббиёт муассасаларида амалиёт ўтайди ҳамда маъруза ва ўқув машғулотларининг назарий қисми масофавий шаклда олиб борилади. 

Институт ва клиника томонидан аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш, касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришда “Шаҳрихон тумани тажрибаси” жорий қилинади.

Мавзуга оид