Ўзбекистон | 18:38 / 19.06.2021
32296
9 дақиқада ўқилади

«3 минг долларлик ов» — Экоқўм мутасаддилари ўлдирилган қўнғир айиқ бўйича тушунтириш берди

Қўнғир айиқ — Ўзбекистон фаунасининг ноёб турларидан бири. Мутахассислар тили билан айтганда, у табиатан камёб, яъни мозаик тарқалган кенжа тур саналади.

Соҳа олимларининг огоҳлантиришича, бугунги кунга келиб, ушбу тур жониворларининг сони кескин камайиб бормоқда. Жумладан, ҳозирга келиб қўнғир айиқларнинг жами сони атиги 150-200 бош атрофида қолган.

Шунга қарамай, яқинда ижтимоий тармоқларда Россия фуқароси «Қизил китоб»га киритилган айиқни Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Алишер Мақсудовнинг рухсатномаси билан ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалди.

Жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган бу хабар ўзи билан  бир қатор саволларни ҳам ўртага чиқарди.

Хўш, отиб ўлдирилаверар экан, унда камёб ҳайвонлар нега «Қизил китоб»га  киритилади? Камёб ҳайвонлар отилмаса-чи, нима бўлади? Битта айиқни ўлдириш учун Экология қўмитаси овчилардан қанча пул олади?

Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволлар юзасидан Экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқов билан интервью уюштирди.

— Шафқатсизларча отилган айиқ воқеаси ҳақида гапирарканмиз, бир ҳолат ёдга тушади. Бугунги кунда Хитойда 1000 дан сал ортиқроқ панда айиғи яшайди. Хитойда пандани овлаганларга нисбатан ўлим жазоси қўлланилади. Ўзбекистонда эса қўнғир айиқ 150-200 дона атрофида қолган. Хўш, қайси соғлом ақл билан қўнғир айиғини ўлдиришга Қўмита томонидан квота берилган?

— Ваҳшийларча ўлдириш деган сўз бу ерда сал нотўғри бўлса керак, сабаби, «Ов ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунда ҳам бунга нисбатан «табиатдан ажратиб олиш» ибораси ишлатилади. Бу эстетик тарафдан ҳам отиш эмас.

— Олиб деймизми, ажратиб деймизми, айиқ барибир ўлдириляпти-ку.

— Кечирасиз, яна қайтараман, бу ерда рухсатномага ариза берилганда, Вазирлар маҳкамаси қарорида кўрсатилганидек, «табиатдан ажратиб олиш» деб айтилади.

Биласиз, қўнғир айиқ ваҳший ҳайвон, уни ушлаб бўлмайди, отиб олинади. Бу ўлжа овига киради. Бу биринчидан. Иккинчидан, сиз Хитойдаги ҳолатни мисол қилиб келтиряпсиз, лекин у ерда панда миллий тимсол. Хитой президенти хорижий давлат раҳбарларига ҳам панда совға қилади, лекин панда шу давлатнинг ўзидан чиқарилмаган ҳолда совға қилинади.

Экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқов

— Демак биз ҳам сақлаб қолишимиз учун қўнғир айиқларни миллий тимсолга айлантиришимиз керак экан-да.

— Фикримча, Ўзбекистоннинг ноёб ҳайвонлар бўйича тимсоли бу – Бухоро хон гули. Бу эндемик ва бошқа давлатларда учрамайдиган ҳайвон. Қўнғир айиқ эса, нафақат бизда, балки Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияда ҳам бор.

Биз, шу воқеа сабаб бир нарсани билдикки, халққа ов, ўлжа ови ва туризм ови тўғрисида кўпроқ тушунчалар беришимиз керак.

— «Қизил китоб»га киритилган ва йўқолиб кетаётган ҳайвонларни отиш ҳақида ҳам.

— Бизда қўнғир айиқни отиш бўйича 2019 йил учун 1та рухсатнома берилган, лекин у отилмаган. 2020 йилда 2та рухсатнома берилган. 2020 йилда ҳам бу рухсатномадан фойдаланилмаган. 2021 йилда эса битта квотадан фойдаланилди.

Бу ерда популяция жараёни ҳам бор. Сиз ҳозир қўнғир айиқ 150-200 та атрофида қолган деяпсиз. Ўзбекистонда оқ тирноқли қўғир айиқлар сони 500дан ортиқ. Масалан, Давлат экология қўмитаси тасарруфидаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги айиқлар сонининг ўзи 400дан ортиқ. Бизда бундан ташқари 11 млн.дан ортиқ миллий табиат ўрмонлари бор.

Ҳолатга яна бошқа ракурсдан ҳам қарайлик. Мустақиллик даврида айиқларнинг инсонга ташланиши билан боғлиқ 6 та ҳолат кузатилган. Шулардан 4 таси эса ўлим билан тугаган.

Охирги, 2020 йил ноябрь ойидаги ҳолатда браконьерлар томонидан қўйилган қопқонга йирик она айиқ тушган. Биз бу ҳақда сигнал келиши билан, ҳайвонни ухлатадиган қурол ва мутахассис билан ўша жойга бордик. Айиқнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Бундан ташқари, бир ой ўтмасдан Ангрен шаҳрига айиқча кириб келди. Биз уни ҳам табиатга қўйиб юбордик.

Чироқчидаги ҳолатни ҳам яхши биласиз. Айиқ аҳоли пунктига оралаганди. Шунда 500 дан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди. Айиқ аҳоли пунктига оч қолгани сабаб, хонаки ҳайвонларни овлаш учун кириб келган. У ҳоким, прокурор ва ички ишлар бошлиқлари ўзаро келишган ҳолда отилган.

Мен сизга Ангрендаги яна бир ҳолатни айтаман. Тоғга яқин бир қишлоқда одамлар оламдан ўтган кишини қабристонда кўмишган. 2 соатдан кейин яқинлари шу жойга боришса, айиқ марҳуманинг жасадини титиб ташлаган. Бундай ҳолатлар эса кўп бўляпти.

«Қизил китоб»га кирган ҳар бир ҳайвоннинг ҳам ўз қизил чизиқлари бор. Вақти келиб, балки, панжаси оқ қўнғир айиқни ўлдиришга тўлиқ мораторий киритилар. Шунда бу ҳайвоннинг популяцияси ушлаб турилади.

Яна бир нарса, қаердаки айиқ кўпайиб кетса, у ердан бошқа ҳайвонлар қочади. Бу – биохилмахиллик.

Хўш, нима учун айиққа рухсат берилди? Бу бўйича бизга овчилардан ариза келиб тушади. Биз шу аризани Фанлар академиясига кўриб чиқиш учун юборамиз. Чунки бизда «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонларнинг ҳисобини Фанлар академияси юритади.

Академиядаги олимлар сўралган ҳайвонларни ҳисоблаб чиққач, уни табиатдан ажратиб олишга аввал идоралараро комиссия ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқади. Қўмита раисининг рухсатномаси эса фақат шулардан кейингина чиқади.

— Бир дона айиқни отиш нархи қанча? Овчилар қанча тўлайди сизларга?

— Чет элдан келган овчиларга бир дона айиқни табиатдан ажратиб олиш нархи 3 минг доллар этиб белгиланган. Биз бу нархни белгилашда ён атрофдаги давлатларнинг ҳолатини ўргандик. Биздаги нарх энг қиммати. Масалан, Россияда бу нарх биздагидан 5 баробар, Қозоғистонда 5 баробар ва Тожикистонда 3 баробар арзонроқ.

Ўзбекистон фуқароси учун эса бу нарх базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробари этиб белгиланган, яъни 25 млн.

— «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонни отиш қонуний экан, нега унда рухсатнома берилган иккинчи айиқ отилмайдиган бўлди?

— Қайтараман, айиққа рухсатнома қонуний берилган. Бу ерда ҳайвонни отиб, қонини кўрсатиб, суратга олиш овчининг виждонига боғлиқ. Отилдими, қонини кўрсатиб, оммага намойиш қилиш эстетикага ҳам тўғри келмайди.

Биласизми, «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонларнинг овидан келадиган пулнинг 80 фоизи ов қаерда бўлган бўлса, ўша туман ҳокимлиги ҳисобида қолади. Бу пулнинг 12 фоизи Фанлар академиясида ва фақат 8 фоизи бизда қолади.

Ўлжа овидан тушган пулларга табиий питомниклар қилинади. Шунингдек, туманда қолган пуллар ногиронлиги бор фуқароларга кўмак бериш, ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш ва бошқа ишларга сарфланади.

Саволингизга жавобан яна шуни айтишим керакки, «Қизил китоб» бу – индикатор. Агар қўнғир айиқнинг популяцияси эртага 2 мингта бўлиб кетса ҳам, у бу китобдан чиқарилмайди.

«Қизил китоб» – шу ҳайвон ҳар доим эътибор марказида туриш керак, дегани.

— Айрим овчиларга кўра, ов қилиш учун квота «корзинка» қилган (ўзи отган ўлжанинг маълум қисмини Экоқўм инспекторларига берган) овчига осонроқ берилади. Бундай коррупцион ҳолатни ким назорат қилади?

— Сиздан илтимос, фикрингизнинг исботи билан гапиринг. Бу жуда ноўрин савол. Бизда эколог билан овчи умуман кўришмайди. Мен буни айиқ мисолида тушунтириб бердим. Ов қилишга Давлат хизматлари агентлиги томонидан ариза келиб тушади. Республикада рўйхатимиздан ўтган 40 мингта овчи бор. Бунда ҳар бир уюшма ўзига бириктирган ҳудудда ҳисобни ҳам ўзи олиб боради. Барча рухсатномалар Фанлар академияси хулосаси билан берилади.

Бу айблов – мантиқсизлик.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид