Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Чанг ютишдан чарчадим» — Фаоллар тоза ҳаво учун флешмоб уюштиришди
Фаоллар ва блогерлар аҳоли ва ҳукумат эътиборини экологик муаммоларга, жумладан ҳаво сифати ёмонлашганига қаратиш мақсадида Тошкент шаҳри марказида #TozaHavoKerak ҳештеги билан флешмоб ўтказишди.
Фото: t.me/Urik_guli
Ўзбекистондаги таниқли фаоллар жума куни аҳоли ва ҳукуматнинг эътиборини оғирлашиб бораётган экологик муаммоларга қаратиш мақсадида Тошкент шаҳри марказида #TozaHavoKerak флешмобини ўтказишди.
Акцияда экоблогер Мўътабар Хушвақтова (Ўрикгули), рэпер Konsta, стендапчи Миршакар Файзуллаев, блогерлар Умид Гафуров, Мирзаёр Эркинов, Сарвиноз Толибаева, Аъзам Қаҳрамоний, Саъдулла Абдуллаев ва бошқалар қатнашган.
Мирзаёр Эркинов телеграм-каналида флешмобдан мақсад кўпроқ ўзбекистонликлар экология билан боғлиқ ҳолатга бефарқ бўлмаслиги, курашишига чорлов эканини таъкидлаган.
«Сўнгги йилларда юртимиз ҳудудида нафас олиш йўллари билан боғлиқ касалликлар кўпайгани сайин дарахтлар кесилиши, турар жойлар тинимсиз қурилиши, автомобиллар ҳам ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани сезиляпти, сувнинг қадрига етилмаётгани ва энг ёмони — турли заҳарли газ, чанг, тутунлар чиқарадиган завод-фабрикаларнинг тўпориларча ишлаши ҳам аҳоли саломатлигида ўзининг изини кўрсатяпти.
Флешмобдан мақсадимиз кўпроқ ўзбекистонликлар экология билан боғлиқ ҳолатга бефарқ бўлмаслиги, курашишига чорлов. Бугун Ватан ҳимоячилари куни, унинг мусаффо осмонини ва одамларини қурол эмас, табиатга нисбатан муносабат билан ҳам ҳимоя қилса бўлади. Ҳар бир ўзбекистонлик ўзи учунмас, атрофидагилар учун ҳам масъуллиги даражасини ошириши керак.
Ундан кутаётган мақсадимиз — ҳукуматнинг масъул бўғинлари экология масаласини кун тартибида ушлаб туриши, қатъий-қатъий чоралар кўриши, дарахтлар кесилишига шунчаки жарима билан жавоб бермаслиги, қурилишларни камайтириши ва табиатни асрашда жиддийроқ қонунлар қабул қилиши», деган у.
Экофаол Мўтабар Хушвақтова акция Ўзбекистондаги ҳаво билан боғлиқ экологик муаммоларга одамлар ва ҳукумат эътиборини қаратишга бағишланганини айтади.
«Муаммо бир марта кўтарилгани учун „бир марталик“ ечим қилиниб, охиригача тизимли ечим бўлмаслигидан жуда қўрқяпман. Акция бутун эътиборни шу муаммога қаратиш учун ўтказилган.
Ҳукумат бир марталик эмас, балки узоқ йилларга мўлжалланган ва қатъий чоралар билан чиқишини кутяпман. „Муаммо ҳозир бор, буни ҳозир ечамиз“, деб ечим бермасдан, 10 йилдан кейин бундай натижага эришамиз, 20 йилдан кейин бундай натижага эга бўламиз, дейдиган узоқ муддатли ечим хоҳлаяпман.
Вазият яхши тарафга ўзгаради, деган умиддаман, чунки одамлар ҳам, фаоллар ҳам, ҳукумат ҳам бефарқ эмас. Ҳамма бирлашса, ҳамма бу муаммонинг муҳимлигини тушунса, албатта, яхши томонга ўзгаради», — деган у Gazeta.uz нашрига.
Умид Гафуров ўз интервюсида мақсад Ўзбекистон аҳолиси ва ҳукуматининг эътиборини «бугунги куннинг энг долзарб, энг муҳим, биринчи навбатда ҳал қилиниши керак бўлган муаммосига» қаратиш эканини таъкидлади.
«Анчадан бери Ўзбекистонда ҳаво ёмонлашяпти, сув муаммолари бор, экологик муаммолар тобора ўсиб бормоқда, ҳавонинг сифати [ёмонлашгани]ни кўз билан кўриб бўляпти. Агар ҳозир чора кўрилмаса, кейин кеч бўлади
Мен бу ҳолатнинг тўлиқ, керак бўлса, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда тўлиқ таҳлил қилинишини кутяпман. Бир томонлама таҳлиллар масалани ҳал қилишда ёрдам бермайди. Шунинг учун тўлақонли, комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишларини хоҳлар эдим.
Мен вазият яхши томонга ўзгаришини кутяпман, менимча, ҳамма буни кутмоқда», дея таъкидлаган блогер.
Ўзбекистонда дарахтлар кесилиши, яшил ҳудудларда қурилишлар қилиниши, ҳаво сифати ёмонлашиши муаммолари ҳақида бир неча йилдан буён ёзиб келинади, аммо ҳукумат томонидан қатъий чоралар кўрилмаган. Бу йил эса ҳаво сифати бузилишининг ташқи белгилари яққолроқ кўрина бошлади ва экология масаласи янада долзарблашди.
Шу кунларда Экология вазирлиги Тошкент ҳавоси ифлосланишига таъсир этаётган омилларни маълум қилди. Таҳлилларга кўра, пойтахт ҳавоси ифлосланишига яшилликнинг камайгани, бетартиб қурилишлар, транспорт оқими юқорилиги, кўмир ва мазутдан чиқаётган заҳарли ташланмалар сабаб бўлмоқда. Вазирлик атмосфера ҳавосига кўрсатилаётган салбий оқибатларни камайтириш бўйича таклифларини илгари сурган.
Мавзуга оид
17:31 / 04.12.2025
Паст Дарғомда чўчқахона эгалари ҳавони ифлослаб келгани аниқланди
18:36 / 03.12.2025
“Экологик” рейдлар: Андижонда сомса ёпиладиган тандирлар бузиб ташланди
21:34 / 30.11.2025
Фарғонада ҳаво ифлосланиши рекорд даражани ташкил этди
09:00 / 30.11.2025