09:10 / 09.02.2021
6850

Ўзбекистонда суғориладиган ерларнинг 44,7 фоизи шўрлангани маълум қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда шўр ювиш ишларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистонда жами 4,3 млн гектар суғориладиган ер майдони бўлиб, 2020 йил 1 октябр ҳолатига кўра суғориладиган ерларнинг 44,7 фоизи ҳар хил даражада, жумладан, 31,0 фоизи кучсиз, 11,9 фоизи ўртача, 1,9 фоизи эса кучли шўрлангани айтилади.

“Ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини тизимли ташкил этишга, уларнинг сифати ва сув истеъмолини назорат қилишга етарли эътибор берилмаяпти. Натижада, агрокластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўрини ювишда, айниқса, Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида, шунингдек, Бухоро, Навоий, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг кўпчилик туманларида агротехника қоидалари ва муддатлари қўпол равишда бузилиб, сув исрофгарчилигига йўл қўйилмоқда, шўр ювиш ишларининг самараси эса пастлигича қолмоқда.

Сувни тежайдиган суғориш ва лазерли ер текислаш технологиялари жорий қилинган майдонларда ерни шўр ювишга тайёрлаш ва шўрини ювиш ишларини амалга ошириш юзасидан хорижий тажрибаларни ўрганиш, янги илмий-тадқиқот ишларини яратиш ишлари соҳа талабларидан ортда қолмоқда”, - дейилади ҳужжатда.

Қарор лойиҳаси билан:

Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 10 ноябрга қадар ҳар бир агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликларига ерларнинг мелиоратив ҳолати ва шўри ювиладиган майдонлар, шўр ювишга пол олиш, сув меъёрлари ҳамда шўр ювишга ер тайёрлаш ва шўр ювиш ишларининг мақбул муддатлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда тавсияларни контурлар кесимида номма-ном етказиб беришни таъминлаш ҳамда уларни ташкил қилишда амалий ёрдам кўрсатиши;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари шўр ювишга ер тайёрлаш ишларида ерларнинг лазерли ёки узун базали текислагичлар ёрдамида текисланишини, шўр ювиш тадбирларини назорат қилиб бориш ҳамда шўри ювилган майдонларнинг белгиланган тартибда қабул қилиб олиниши бўйича туманларда ишчи гуруҳлар тузиши;

ерларнинг шўрини ювиш меъёрлари ва технологияларига амал қилмаган, сув исрофгарчилигига ва шўр сифатсиз ювилишига йўл қўйган агрокластер, фермер ва деҳқон хўжалиги раҳбарларига шўр ювиш ишларини қабул қилиб олиш бўйича ишчи гуруҳи хулосасига кўра Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан белгиланган тартибда таъсирчан чоралар қўллаш масалалари назарда тутилган.

Қарор лойиҳасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти томонидан 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб “Қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш услублари” ва “Шўр ювиш технологиялари” бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалари янги авлодини яратиш белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, қарор лойиҳасида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўрини ювиш ишларини ташкил этиш тўғрисидаги тартиб ҳамда шўр ювиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланиши таклиф этилмоқда.

Top