Иқтисодиёт | 17:12 / 28.03.2022
40112
14 дақиқада ўқилади

Галина Саидова савдони эркинлаштириш хавфлари ҳақида гапирди. Иқтисодчилар у келтирган аргументларни рад этди

Иш ўринлари, ташқи савдо дефицити, логистика ва интеграция масалалари: президент маслаҳатчисининг ўринбосари Галина Саидованинг фикрича, булар – савдони эркинлаштиришдаги хавф-хатарлардир. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов буларни “савдони эркинлаштирмаслик учун сунъий ўйлаб топилган қийинчиликлар” деб атади. Ботир Қобилов савдо либерализацияси узоқ йиллардан бери, турли сабаблар билан ортга суриб келинаётганини айтди.

Галина Саидова / Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги / YouTube

Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Галина Саидова 24 март куни Тошкент инвестиция форумида қилган чиқишида Ўзбекистоннинг савдони эркинлаштиришдаги ютуқлари ва бу жараённи давом эттиришга доир хавф-хатарлар ҳақида гапирди. Ўзбекистонлик иқтисодчилар у келтирган аргументларни танқид остига олди.

Ташқи савдони эркинлаштириш: Галина Саидова назаридаги тўртта риск

Gazeta.uz'нинг хабар беришича, Саидова ютуқлар қаторида валюта бозорининг либераллаштирилгани, ташқи савдо айланмаси 5 йилда 1,7 баробарга ошгани, Ўзбекистон илк марта суверен рейтинг олиб, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти рейтингида 6-гуруҳдан 5-гуруҳга кўтарилгани, Евроиттифоқнинг GSP+ имтиёзи қўлга киритилиб, Cotton Campaign бойкоти бекор қилинганини санаб ўтган.

“Мен сизларга айтсам, сўнгги беш йил ичида божхона ставкалари икки бараварга қисқарди. Ўртача божхона ставкаси 15,8% бўлган бўлса, бугунга келиб у 8% дан камроқ. Бу – деярли икки бараварга кам дегани. Ва бу ташқи савдони жиддий рағбатлантира олди”, – деган у.

Галина Саидова, шунингдек, Ўзбекистон учун савдони либераллаштириш ва иқтисодий интеграция йўлидаги хавфларни ҳам санаб ўтди. Унинг фикрича, булар қуйидагилар:

  1. Иш ўринлари яратилиши суръатини сақлаб қолиш;
  2. Ташқи савдодаги манфий баланс;
  3. Логистика муаммолари;
  4. Глобал ва минтақавий интеграция.

Президент администрацияси вакили cавдони эркинлаштириш ва иш ўринлари яратилиши ўртасидаги мувозанатни сақлашни жиддий хатар сифатида қайд этди.

“Барча, айниқса, Ўзбекистонда демографик муаммолар таъсирида биз учун шунчаки эмас, балки ҳақиқатда иш ўринларини яратиш жуда муҳимлигини яхши тушунади. Халқимиз етарли даражада юқори билимга эга. Ва гап таълим, маданият, илмий даражалар ва бошқаларга мос равишда иш ўринларини яратиш ҳақида кетмоқда. Яъни ҳеч бўлмаганда муносиб ҳақ тўланадиган – мен юқори маош тўланадиган сўзларидан ҳайиқаман – бироқ, ҳеч бўлмаганда муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари”, – деди президент маслаҳатчиси ўринбосари.

Унинг айтишича, импорт учун чегараларни очувчи савдо либераллашуви “ўзига хос қарама-қаршиликка эга”. Саидовага кўра, бу қарама-қаршиликка шундай ечим топиш керакки, бунда иш ўринларини яратиш деган чиройли шиорлар остида яна протекционизмга қайтиб қолмаслик, шу билан бирга маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобатга ҳам тўсиқ яратиб қўймаслик лозим.

Галина Саидова “муносиб ҳақ тўланадиган” иш ўринлари яратиш муаммосини ҳал этиш учун икки йўналишда иш олиб борилаётганини айтди: (1) хомашёни чуқур қайта ишлаб, қўшилган қиймат яратиш ҳамда (2) хомашёни ҳеч қандай тўсиқсиз импорт қилиб, уни тайёр маҳсулот экспортига айлантириш.

У ўз нутқида савдони эркинлаштиришдаги иккинчи “қарама-қаршилик” сифатида ташқи савдодаги катта дефицитни кўрсатди.

“Ўтган йили бу дефицит 8 млрд сўмдан ошиб кетди. Бир дақиқа, бу – умумий ташқи савдо айланмаси 42 млрд долларни ташкил қиладиган Ўзбекистон учун кичкина рақам эмас. Тўлов баланси тўғридан тўғри хорижий инвестициялар оқимининг тезлашиши, умуман чет эл капитали ва меҳнат муҳожирлари даромадлари ҳисобига қопланяпти. У ёпилмоқда – бизда барқарор тўлов баланси мавжуд, бироқ, шунга қарамай, бу рақам ўзига эътиборни тортади”, – дея маърузачининг сўзларини келтирмоқда Gazeta.uz.

Саидованинг фикрича, савдо дефицити муаммосини ҳал қилиш лозим, чунки “биз молиявий ресурсларнинг кирувчи оқимлари мувозанатини таъминлашимиз керак”. У бунинг учун “иложи борича тезроқ хомашё экспортидан тайёр маҳсулот экспортига ўтиш” зарурлигини айтиб, бу вазифа пахта-тўқимачилик, мис ва газ-кимё каби секторларда кластерлар ташкил этиш орқали амалга оширилаётганини таъкидлади.

“Биз бу [кластерлар] базасида жуда жиддий юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини яратамиз, улар очиқ платформада бўлади. Очиқ платформа дегани нима? Биз ҳар қандай инвесторни таклиф қиламиз, хоҳ у маҳаллий, хоҳ хорижий бўлсин, уларга ўз технологиялари, “ноу-хау”ларини олиб кириши учун шароитларни яратиб берамиз, жой берамиз, инфратузилма қилиб берамиз. Лекин улар шу ерда, бизнинг хомашёмизни биз билан бирга қайта ишлаши, шунга мос равишда иш ўринлари яратиши керак”, – деди Галина Саидова.

Президент маслаҳатчисининг ўринбосари савдони либераллаштиришдаги навбатдаги риск дея логистикани келтириб, бу “охирги пайтларда жуда оғир муаммо”га айланганини қайд этди.

“Биз учун булар [логистика муаммолари] – жиддий хатар. Харитага қарасангиз, Ўзбекистон қаерда жойлашганини кўрасиз. Очиғини айтамиз, ҳозирги вазият шароитида бизнинг логистика имкониятларимиз ёмонлашди. Ҳозир маълум ҳудудларни айланиб ўтишимизга тўғри келмоқда. Бу, юмшоқ қилиб айтганда, бизга ёқмаяпти. Қўполроқ қилиб айтганда, бу бугунги ҳолатимизни ҳисобга олсак, ҳеч вақо эмас”, – деди у.

Саидова маҳаллий маҳсулотлар экспорти учун муқобил транспорт коридорларини ишлаб чиқиш заруратини қайд этди.

“Табиийки, яқин атрофдагилар билан савдони ривожлантириш [керак]. Кимга транспорт билан етиб олиш осонроқ бўлса. Харитага қарайдиган бўлсак, мен уларни сизга айтишимга ҳам ҳожат қолмайди. Яқин атрофимизда катта салоҳиятли, катта бозор ва кўп аҳолига эга йирик давлатлар бор. Баъзи мамлакатларга етиб бориш қийин, бироқ, бу бизнинг челленж, бу бизнинг чақирув, бу бизнинг вазифамиз. Биз у ерга етиб боришимиз керак, бунинг учун эса маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини оширишимиз керак”.

ПА расмийсига кўра, тўртинчи риск – глобал ва минтақавий интеграциялар, яъни Жаҳон савдо ташкилоти ҳамда Евросиё иқтисодий иттифоқи йўналишларида оқилона ва мувозанатлашган сиёсат олиб бориш.

“Биз ҳам у, ҳам бу йўналишда иш олиб боряпмиз. Биз ҳар иккисининг ҳам плюс ва минуслари, қийинчилик ва зарурат томонларини кўриб чиқяпмиз. Биз ҳам глобал интеграция, ҳам минтақавий интеграцияни жуда яхши амалга оширишимиз учун тегишли органлар тегишлича ишларни пухта амалга ошириши керак.

Агар биз ана шу анчагина мураккаб тўртта блокдаги муаммоларни ҳал қила олсак, ташқи савдо фаолиятини либераллаштиришнинг кейинги босқичи ва маҳсулотларимиз рақобатбардошлигини оширишда кейинги поғона ҳақида гапиришимиз мумкин бўлади”, – деди Саидова.

Галина Саидованинг ушбу чиқишида билдирган позицияга нисбатан иқтисодчилар Беҳзод Ҳошимов ва Ботир Қобилов танқидий баҳо берди.

“Айтилган “рисклар” савдони эркинлаштирмаслик учун сунъий ўйлаб топилган қийинчиликлар. Улар мавжуд эмас”

Беҳзод Ҳошимов / Фото: Kun.uz

АҚШнинг Висконсин университети бизнес-мактаби докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов мазкур баёнотдан келиб чиқиб, “Ўзбекистон келажакда ҳам савдони эркинлаштирмоқчи эмас” деган хулосага келганини айтди.

“Айтилган “рисклар” савдони эркинлаштирмаслик учун сунъий ўйлаб топилган қийинчиликлар. Улар мавжуд эмас.

Масалан, ишчи жойлари яратилиши бу эркин савдога қарама-қарши эмас – айнан тескариси. Дунё савдосидан ўзимизни ўзимиз тўсганимиз учун ишчи жойлар бизда яратилиши қийин. Айнан шу энг катта муаммо – савдодан ўзини тўсган мамлакатда, янги ишчи жойларини яратиш ниҳоятда “қиммат”, – дея ёзди у Telegram-каналида.

Иқтисодчининг тушунтиришича, савдони эркинлаштирмаслик – мамлакатнинг халқаро занжирларга кириши ва инвестициялар жалб қилишини қийинлаштиради, бунинг натижасида янги иш жойлари яратилмасдан қолиб кетади.

“Лекин, – дейди у. – “ҳимояланган” ва бир қўлда санаб чиқса бўладиган ташкилотлар бундан кўп манфаат олишади ва бир неча ўн минг инсонлар учун ойлик тўлашни баҳона қилиб, қолган 34 миллион инсон қимматроқ товар ва хизматлардан фойдаланиши керак ва муҳими, дунёда рақобатбардош бўлган товар ишлаб чиқариш рағбатидан барча бошқа потенциал корхоналарни маҳрум қиламиз”.

Ҳошимовнинг сўзларига кўра, логистика қимматлиги ҳам эркин савдога ўтишда хавф-хатар бўла олмайди.

“Тескариси – айнан қиммат логистика бўлгани учун, савдони буни устига янада эрксиз қилиш – икки карра мантиқсиз. Чунки савдога бож қўйиш ва қиммат логистика – тенг нарсалар. Иккови ҳам савдони қиммат қилади. Агар қиммат логистика ёмон бўлса, демак савдога чеклов ҳам, ёмон дегани. Бу мантиқий номутаносиблик.

Масалан, чет элдан келган шакар бизни бозорда чет элдан 50 фоиз қиммат бўлса ва бунинг 25 фоизи логистика, қолган 25 фоизи божлар бўлса, иқтисодий нуқтайи назардан теппа-тенг ўлчовлар. Шакар 50 фоиз қиммат, нуқта. Демак, агар логистикани арзонлаштирсак, дейлик мўъжиза бўлиб шакарнинг логистикаси 25 фоиздан 5 фоизга тушса, хафа бўламизми? Йўқ. Худди шундай, бож ҳам 25 фоиздан, нолга тушса, хурсанд бўлишимиз даркор. Яъни риск деб саналган сабаб, аслида савдони эркинлаштириш учун аргумент. Тепадаги “ишсизлик” ҳам”.

Иқтисодчи ўз муносабатида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш учун 1994 йилда ариза берганини эслатган.

“Сиёсий риск сабаблари: ЕОИИнинг барча аъзолари, ҳатто бутун дунё санкция қўллаган Россия ҳам, ЖСТ аъзоси. ЖСТга кирмаслигимизга сабаб қилиб сиёсатни кўрсатиш, ҳақиқатдан узоқроқ. 1994 йилдан бери ЖСТга кирамиз, ҳар беш йилда янги сабаб: Осиё молиявий инқирози, Россияда “дефолт”, дунёдаги иқтисодий инқироз, минтақада ностабиллик, коронавирус ва ҳоказо. Яъни кирмаслик учун сабаб қидириб топиш бўйича бизга тенг келадигани йўқ. ЖСТда ҳам тушунишса керак – 28 йилдан бери “кириш нияти” бор мамлакат бу йили ҳам кирмаслиги аниқ.

Иккинчи риск эса – тўлиқ тескари. Савдодаги негатив тўлов баланси – бу табиийки мусбат инвестицион баланснинг ҳосиласи. Яъни, эртага бизда инвестициялар кўпайиб кетса ва биз валютани фиксация қилмасак, табиийки негатив савдо баланси бўлади. Бу энг оддий қонуният. Ҳозирги негатив баланс – бизга кириб келаётган долларлар ҳисобига қондирилади. Масалан, давлат қарз оляпти ва бу пулга спорт саройи қуряпти. Четдан келган ускуналар, ўша “негатив баланс”да. Оила Россиядан доллар оляпти ва чет элда чиққан ун сотиб оляпти – бу ҳам ўша балансда. Қисқаси, “негатив баланс”ни хоҳламасак, чет элликлар инвестиция қилишини хоҳламаслигимиз керак, ёки валютани сунъий равишда ушлаб туришимиз керак. Қандайдир маънода, савдони чеклашимиз ҳам, ўша “негатив баланс”нинг сабаби, оқибати эмас.

Хулоса шуки, менинг тушунишимча, бизда савдо қандай эркин бўлмаган бўлса, шундайлигича қолади”, – дея ёзади Беҳзод Ҳошимов.

“Савдони либераллаштириш ва ишчи ўринлари нега бир-бирига қарши қўйиляпти?”

Фото: Ботир Қобиловнинг шахсий архивидан / Gazeta.uz

Ҳарвард университети докторанти, иқтисодчи Ботир Қобилов Галина Саидованинг фикрларига муносабат билдираркан, савдони эркинлаштириш масаласи узоқ йиллардан бери турли сабаблар кўрсатган ҳолда ортга суриб келинаётганини таъкидлади.

“2-3 ҳафта бу ерда ҳеч нарса ёзмаганим учун ўқиш ва тушуниш қобилиятим сусайган шекил, ушбу мақолани 3 маротаба ўқисам ҳам иқтисодиётимизга либерализациянинг қандай рисклари мавжуд эканлиги ҳақида тушунмадим. Тўғриси.

Айтилган шундай рисклардан бири, адашмасам, бу – иқтисодиётни эркинлаштириш ва иш ўринлари яратиш масалалари ўртасидаги мувозанатни сақлаш зарурияти экан. Яъни савдони либераллаштириш ва иқтисодий интеграция амалга оширилса, ишчи ўринлари хавф-хатарга учрайдиган бўлиб чиқяптими? Нега иккаласи бир-бирига қарши омиллар бўлиши керак?

География тилга олинган қисмида эса мен ўқишни тўхтатдим…

Умуман олганда, мақолани четга суриб турадиган бўлсак, савдо либерализацияси ва иқтисодиётни эркинлаштириш керакми, керак эмасми, унинг хатарлари қандай, келинг шошмайлик, эҳтиёт бўлиш керак, геосиёсатни ўйлайлик, ишчи ўринлари нима бўлади, ва ҳоказо ва ҳоказо аргументларни ҳалигача (календарда 2022 йил) эшитиш менга шахсан ғалати. Компартия баёноти ёзилган касетасини жуда кўп маротаба ўйнатдик, тингладик. Ваҳоланки, касеталар – икки авлод ортда қолиб кетган технология…” – дея ёзди Ҳарвард тадқиқотчиси.

“Буёғига иллюзияга берилмаслик керак”

Иқтисодчи Отабек Бакиров:

Отабек Бакиров / Kun.uz 

— Чидаб ўқидим, лекин ЕОИИ альтернативаси тилга олинган жойда тўхтатдим.

Бу худди 1945 йил апрелда Ҳитлер Германиясига иттифоқчи бўлишни режалаш каби ёки 1989 йилда СЭВ шартномасига қўшилишни мўлжаллаш сингаридир. Тасаввур қилишингиз учун.

Ўқиган жойимгача англаганим шуки, булар иқтисодий парадигмаларда оқни қора, қора оқ, деб айта олишади ва энг ёмони - сиёсий қарорлар қабул қилувчиларга шуни ишонтириб ҳам келишмоқда.

Инвестиция форумидан олган ягона фойдамиз менимча шу. Форум баҳона иқтисодий мафкура шакллантираётган собиқ госпланчиларнинг дунёқарашини ўзимиз учун ҳеч қурса тасаввур қилиб олдик. Энди буёғига иллюзияга берилмаслик керак.

Таҳририятдан: Kun.uz айни мавзу юзасидан ҳукумат расмийларининг қўшимча изоҳлари ва муқобил фикрга эга иқтисодчиларнинг муносабатларига ҳам минбар бўлишга тайёр эканини билдиради.

Мавзуга оид