Ўзбекистон | 12:28 / 22.01.2021
19336
2 дақиқада ўқилади

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди

Нозимжон Холмуродов

Бухоро шаҳрида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Нозимжон Холмуродов тайинланди.

Нозимжон Холмуродов 1977 йили Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилган. Маълумоти олий, 1998 йилда Туркиянинг Гази университетини, 2005 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.

У 1998-2001 йилларда Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги тизимида, 2001-2005 йилларда Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитасида, 2005-2006 йилда Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасида, 2006-2010 йилларда қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

2010-2013 йилларда Тошкент шаҳар монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқарма бошлиғи, 2013-2015 йилларда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида бошқарма бошлиғи, 2015-2017 йилда Меҳнат вазирлиги Меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитлари экспертизаси бошқармаси бошлиғи, 2017-2018 йилда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудларнинг туризм салоҳиятини  ривожлантиришни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи бўлган.

Нозимжон Холмуродов 2018-2019 йилда президент администрацияси инвестиция жараёнлари ва дастурларини мувофиқлаштириш шуъбаси мудири сифатида ишлаган. 2019 йилдан ҳозирги вақтга қадар инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари бўлган. 

Аввалроқ, Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокими этиб тасдиқлангани хабар берилганди

Мавзуга оид