Жаҳон | 18:59 / 02.11.2025
3850
5 дақиқада ўқилади

Танзанияда сайловдан кейинги тартибсизликлар: юзлаб одамлар ҳалок бўлгани айтилмоқда

Амалдаги президент ғолиб деб эълон қилинган.

Фото: Reuters

Танзанияда чоршанба куни бўлиб ўтган умумий сайловлардан кейинги уч кунлик норозилик намойишларида юзлаб одамлар ҳалок бўлди, дея маълум қилди мамлакатнинг асосий мухолифат партияси.

Мухолифатдаги «Чадема» партияси вакилининг AFP агентлигига маълум қилишича, хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда «тахминан 700 киши» ҳалок бўлган; Танзаниядаги дипломатик манбанинг BBC’га айтишича, камида 500 киши ҳалок бўлгани ҳақида ишончли далиллар мавжуд.

Қурбонлар сони бўйича ҳисоб-китоблар турлича, бутун мамлакат бўйлаб интернет ўчирилиши эса маълумотларни текширишни қийинлаштиради.

Ҳукумат зўравонлик кўламини камайтиришга ҳаракат қилмоқда – ҳокимият тартибсизликларни бостириш учун комендантлик соатини узайтирди.

Намойишлар асосан адолатсиз сайловларга қарши шаҳар кўчаларига чиққан ёшлар иштирокида бўлиб ўтмоқда.

Намойишчилар ҳукуматни мухолифат етакчиларини таъқиб қилиш орқали демократияга путур етказишда айбламоқда – бири қамоқда, иккинчиси техник сабабларга кўра сайловдан четлатилган – бу эса амалдаги президент Самия Сулуҳу Ҳасаннинг ғалаба қозониш имкониятини оширди.

Шанба куни эрталаб мамлакат сайлов комиссияси Самия сайловда 98 фоиз овоз билан ғалаба қозонганини эълон қилди. Расмийларга кўра, овоз беришда жами 32 миллион фуқаро иштирок этган.

Овоз бериш куни мамлакатнинг амалдаги пойтахти Дор-ус-Саломда тартибсизликлар юзага келди

Бир кун аввал Танзаниядаги норозилик намойишлари мамлакатнинг иқтисодий пойтахти, Дор-ус-Салом порт шаҳрида намойишчилар ҳарбийларнинг талабларига эътибор бермасдан норозилик акциясини давом эттирди.

Ташқи ишлар вазири Маҳмуд Комбо Табит зўравонлик «бир нечта алоҳида ҳодисалар» кўринишида содир бўлганини айтди ва «хавфсизлик кучлари вазиятни ҳал қилиш учун жуда тез ва қатъий ҳаракат қилгани»ни таъкидлади.

«Биз, шунингдек, вандализм ҳақида хабарлар олишда давом этмоқдамиз», деди вазир BBC Focus on Africa эфирида ва интернет ўчирилиши одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлганини қўшимча қилди.

Журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳалок бўлганлар ҳақидаги хабарларни текширишда қийналмоқда, шифохоналар эса қурбонлар ҳақида маълумот беришдан бош тортмоқда.

BBC’нинг Дор-ус-Саломдаги шифохоналардан биридаги манбаси маълум қилишича, шифохона пайшанба кунидан бери жабрланганлар билан тўлиб-тошган, шаҳардаги аксарият давлат шифохоналари ва ўликхоналар ҳам худди шундай аҳволда.

«Чадема» партияси раҳбарларидан бири ўз ҳаёти учун хавотирда экани, чунки «қирғин тунда, ҳеч ким кўра олмайдиган вақтда содир бўлаётгани»ни айтди.

«[Хавфсизлик кучлари] барча етакчиларимизни қидирмоқда, баъзилари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Бу одамлар ҳеч қандай жазо бўлмаслигини билган ҳолда ўлдирмоқда», – деди партиянинг ташқи ишлар ва диаспоралар бўйича директори Жон Китока BBC Newshour дастурида.

«Сайловолди даврида мухолифатчилар, журналистлар ва фуқаролик жамияти вакилларини таъқиб қилиш, ўғирлаш ва қўрқитиш ҳолатлари кузатилганидан хавотирдамиз», - дея қўшимча қилди у.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Танзания хавфсизлик кучларини ноўрин куч ишлатишдан тийилишга чақирди, Буюк Британия, Канада ва Норвегия ташқи ишлар вазирлари эса қўшма баёнот билан чиқиб, расмийларни «иложи борича вазмин ҳаракат қилиш»га ва сўз эркинлигини ҳурмат қилишга чорлаган.

Кўплаб намойишчилар мухолифат номзодлари қўйилмагани учун сайловга бормасликка қарор қилишган.

Ўз ҳукумати ва раҳбарини сайлайдиган Занзибар автоном архипелагида ҳам ҳукмрон «Чама Ча Мапиндузи» партиясининг амалдаги раҳбари Ҳусайн Мвини ғалаба қозонди. У деярли 80 фоиз овоз тўплаган.

Занзибар мухолифати оммавий сохталаштиришлар ҳақида баёнот берди, деб хабар бермоқда AP агентлиги.

Хабар қилишларича, оролдаги сайёҳлар қитъадаги норозилик намойишлари ва интернет узилиши ортидан рейслар кечикаётгани сабабли аэропортда қолиб кетган.

Самия Сулуҳу Ҳасан 2021 йилда собиқ президент Жон Магуфули вафотидан кейин ҳокимият тепасига келган ва Танзанияни бошқарган биринчи аёлга айланганди.

Кения билан чегара яқинидаги Наманга шаҳрида намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўлланган.

Аввалига Самия сиёсий қатағонларни юмшатгани учун эътироф этилганди, аммо кейинчалик сиёсий макон торайиб, унинг ҳукумати ҳибсга олиш ва ўғирлаш орқали рақибларни таъқиб қилишда айблана бошланди.

Бу йилги сайловларда иштирок этиши режалаштирилган асосий мухолифатчи номзодлардан бири Тунду Лисса давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсда сақланмоқда, иккинчиси Лухаг Мпинанинг номзоди ўтказилмади.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид