Жаҳон | 09:19 / 08.10.2025
2726
2 дақиқада ўқилади

Эквадорда намойишчилар президент кортежига ҳужум қилди

Эквадор президенти Даниэл Нобоанинг кортежи мамлакатда ёнилғи нархи ошишига норозилик билдирилаётган бир пайтда тошбўрон қилинди.

Фото: X / Presidencia_Ec

Эквадордаги намойишчилар автомобиллар карвонига ҳужум қилди, улардан бирида президент Даниэл Нобоа бўлган. Президент маъмурияти X ижтимоий платформасида хабар берганидек, ҳодиса 7 октябр, сешанба куни мамлакатнинг марказий қисмидаги Канар провинциясида содир бўлган.

Эквадор атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Инес Манзанонинг сўзларига кўра, Нобоа Канардаги сув тозалаш иншооти очилишига кетаётганида унинг кортежи юзлаб намойишчилар томонидан қуршаб олинган. «500 га яқин одам келиб, унга тош отди, президентнинг машинасида ўқдан тешиклар ҳам бўлган», — дея расмийнинг сўзларидан иқтибос келтирган AFP.

Эквадор президент аппарати ҳужумга учраган машиналар суратларини, шунингдек, воқеа вақтида машиналардан биридан олинган видеони чоп этди.

ОАВ маълумотларига кўра, кортежга уюштирилган ҳужумга алоқадор камида беш киши қўлга олинган. Президент маъмурияти уларни «терроризм ва қотилликка уриниш» учун жиноий жавобгарликка тортишга ваъда берди.

Сентябр ойи охирида ҳам Нобоанинг кортежи тошлар билан ҳужумга учраганди, деб хабар берди CNN. Ўшанда президент билан машинада хорижий дипломатлар, жумладан Ватикан вакили ва Европа Иттифоқи элчиси бўлган. Сиёсатчилардан ҳеч ким жабрланмади.

Эквадорда Нобоага қарши намойишлар сентябр ойи ўрталаридан бери давом этмоқда. Уларга расмийларнинг мамлакатда дизел ёнилғисини субсидиялашдан бош тортиши сабаб бўлган. Расмийлар бу қарорни давлат харажатларини камайтириш, ёнилғи контрабандасига қарши курашиш ва ижтимоий дастурлар учун маблағларни бўшатиш истаги билан изоҳлади.

Ўшандан бери Эквадор ҳукуматига қарши норозилик намойишлари бир неча бор полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди, камида бир фуқаро ҳалок бўлди. Мамлакат ҳукумати тартибсизликларни уюштирганликда наркокартелларини айблади ва ҳукумат амалдорларига қилинган ҳужумларни террористик ҳаракатлар сифатида тавсифлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид