Ўзбекистон | 21:15 / 08.11.2020
14096
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат мигрантлари учун солиқ жорий қилинаётгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Хорижда ишлаётган фуқаролар Ўзбекистонда пенсия олмоқчи бўлса, ижтимоий солиқ тўлайди.

Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда меҳнат мигранти ўзини ўзи банд қилган шахсга тенглаштирилиши ҳамда солиқ тўлаши ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан ойдинлик киритди.

Маълум қилинишича, ўзини ўзи банд қилган шахслар даромад солиғи тўламайди, ижтимоий солиқни эса пенсия олиш учун иш стажига эҳтиёж сезсагина тўлайди.

«2021 йил 1 январдан бошлаб меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларига тенглаштирилади.

Уларга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади.

Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин, бу 2020 йил учун камида БҲМнинг 50 фоизи ҳажмида (111 минг 500 сўм) белгиланган.

Агар чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, унда Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлашнинг ҳожати йўқ», дейилган хабарда.

Вазирлик меҳнат мигрантларининг ўзини ўзи банд қилган шахсга тенглаштирилиши уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилганини қайд этиб ўтган.

Давлат солиқ қўмитаси эса бу меҳнат муҳожирлари учун мажбурият эмас, балки янги имконият эканига урғу қаратган.

«Президентимизнинг ПҚ-4829-сонли қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлар ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилгани сабабли, интернет тармоқларида меҳнат муҳожирлари учун солиқ жорий этилаётганлиги тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқалмоқда. 

Ушбу хабарлар юзасидан Давлат солиқ қўмитаси ўз муносабатини билдиради. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун Пенсия жамғармасига ИХТИЁРИЙ РАВИШДА ижтимоий солиқ тўлаши мумкин, бу 2020 йил учун энг камида БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланган, бу ҳозирги вақтда 111 500 сўмни ташкил этади.

Шу билан бирга, агар чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, унда Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлашнинг ҳожати йўқ.

Ушбу чора меҳнат муҳожирларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, келажакда уларни моддий ҳимоя қилиш кафолати бўлиб хизмат қилади», дейилган қўмита хабарида.

Мавзуга оид