Ўзбекистон | 19:33 / 07.11.2022
25037
6 дақиқада ўқилади

«1,5 миллион сўмгача» – давлат хизматчилари учун совға олиш ва уни тасарруф этиш тартиблари белгиланмоқда

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафари ва расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға, тақиқланган совғалар, совғанинг қиймати ҳамда уни тасарруф этиш тартибига доир ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. 

Фото: Getty Images

7 ноябрь куни эълон қилинган мазкур Низом билан давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати ва уни тасарруф этиш тартиби белгиланмоқда. Ҳужжатга амал қилиш давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган барча давлат фуқаролик хизматчилари учун мажбурий ҳисобланади.

Низомга кўра, давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати қуйидагича белгиланмоқда:

-        давлат фуқаролик хизматининг барча сиёсий гуруҳи, даража ва лавозимдаги давлат фуқаролик хизматчилари учун – барча солиқлар ва йиғимларни ҳисобга олган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан (бугунги кунда 1,5 миллион сўм) кўп бўлмаган миқдорда.

Тақдим этилган совғанинг миқдори белгиланган миқдордан ошган тақдирда, ошган қисми ходим томонидан давлат ташкилотига тўлаш орқали совғани тасарруф этиши мумкин бўлади.

Лойиҳада ҳукумат қарори бўйича Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан кетаётган делегация ёки алоҳида шахслар бундан мустасно эканлиги кўрсатилган. Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларига тақдим этилган совға меҳмон томоннинг рамзлари ва логотипи туширилган эсдалик совғалар баҳоланмаслиги ва уни ходим ўз хоҳишига кўра тасарруф этиши белгиланмоқда.

Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан қабул қилинадиган совға:

  • Ўзбекистоннинг қонунчилик ҳужжатлари ва давлат органининг ички идоравий ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши;
  • ихтиёрий, аниқ бир сабаб, воқеа муносабати билан қабул қилиниши ва тақдим этилиши ҳамда мазкур белгиланган миқдордан ошмаслиги ва ҳашамат предмети бўлмаслиги;
  • совғани қабул қилиш ёки тақдим этиш натижасида бирор бир тарафнинг шахсий манфаатдорлиги, шунингдек манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий хавф-хатарларнинг келиб чиқишига олиб келмаслиги, хусусан, холис қарор қабул қилишига таъсир кўрсатадиган мажбуриятни юзага келтирмаслиги;
  • совға хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирларда очиқ ва ошкора қабул қилиниши ва тақдим этилиши, давлат органи обрў-эътиборига путур етишига олиб келмаслиги;
  • давлат фуқаролик хизматчиси томонидан тақдим этиладиган совға унинг шахсий ҳисобидан амалга оширилмаслиги;
  • совға бериш табрик нутқи билан биргаликда, унда совға беришга сабаб бўлган воқеа ўзининг аниқ ифодасини топган, шунингдек дипломатик протокол талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирларда совға тақдим этилишини талаб қилиш, сўраш ёки совға беришга мажбурлашга йўл қўйилмайди. Давлат фуқаролик хизматчисига:

-        нақд ёки нақдсиз пул;

-        қимматли қоғозлар;

-        криптовалюта;

-        барча турдаги ўқотар ва совуқ қуроллар, ўқ-дорилар;

-        гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, кучли таъсир этувчи препаратлар;

-        порнографик ва диний экстремистик хусусиятга эга бўлган нашр ҳамда материалларни совға сифатида қабул қилиш ёки тақдим этиш тақиқланади.

Давлат фуқаролик хизматчисига тақдим этилган гуллар, озиқ-овқатлар ташкилотларнинг канцелярия тўпламлари совға деб қабул қилинмайди ва расмийлаштирилмайди.

Хизмат сафарлари ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан делегация раҳбарига тақдим этилган совға қийматидан қатъи назар, давлат органи тасарруфига ўтказилади ҳамда баҳоланмайди.

Давлат хизматчиси ўзига берилган совғанинг қийматини сўраши ёки уни баҳолаш учун экспертизага топшириши керак бўлади. Шунингдек, ўзига тақдим қилинган совға тўғрисида уч иш куни ичида давлат органининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмасига ҳисобот тақдим қилади. Бундан совғанинг қиймати ички ёки ташқи экспертиза ёрдамида аниқланади.

Агар совғанинг баҳоси белгиланган миқдордан (БҲМнинг 5 баробаридан) ортиқ бўлса масала қуйидагича ҳал қилинади:

-         совға тақдим этилган давлат фуқаролик хизматчиси томонидан совғанинг рухсат этилган қийматидан зиёд миқдори учун давлат органига тўлов амалга оширилади ва сотиб олинади. Совғани сотишдан тушган маблағ давлат органининг бюджети ёки бюджетдан ташқари даромадлари ҳисобига ўтказилади;

-        агар давлат фуқаролик хизматчиси совғанинг рухсат этилган қийматидан зиёд миқдори учун тўловни амалга оширишни ҳамда сотиб олишни рад этса, давлат органининг тегишли масъул тузилмаси томонидан расмийлаштирилиб, давлат органи балансига ўтказилади.

Ҳужжатда ушбу талаблар бузилишида айбдор бўлган шахслар жавобгар бўлиши кўрсатилган. Ушбу Низом лойиҳаси муҳокамаси 22 ноябрга қадар давом этади. Унда қатнашиб, ўз таклифларингизни беришингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига кўра, давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан белгиланади.

Мавзуга оид