Ўзбекистонда сўнгги йилларда қилинган энг катта ўзгаришлардан бири бу –шубҳасиз, мажбурий меҳнатнинг оммавий шаклларига барҳам берилгани бўлди. Бугун ўқитувчилар, ўқувчилар ва давлат хизматчилари оммавий тарзда пахта йиғим-терими ёки кўча тозалаш каби ишларга жалб қилинмайди. Бунга қарши жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган. Аммо давлат идораларида нормаланмаган иш режимида кўринувчи мажбурий меҳнат ҳамон сақланиб қолмоқда.

Давлат хизматида сақланиб қолаётган иш вақти меъёрларига амал қилмаслик, бевақт ўтадиган ва соатлаб давом этадиган йиғилишлар ҳамда дам олиш кунларида ҳам ходимларни ишга чиқишга мажбурлаш каби ҳолатлар борки, бу ҳам аслида мажбурий меҳнатнинг бир шакли.

Kun.uz мухбири ташкил қилган навбатдаги суҳбатда мажбурий меҳнатнинг ана шу шакллари, уни юзага келтираётган омиллар, шунингдек, ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган Касаба уюшмалари Федерацияси фаолияти ҳақида сўз борди.

Суҳбат меҳмонлари: меҳнат қонунчилиги соҳаси экспертлари, ҳуқуқшунослар Муҳаммадамин Каримжонов ва адвокат Саидали Мухторалиев бўлди.

— Бугун Ўзбекистонда нафақат бюджет ходимлари, балки корхона ташкилотларни катта-кичик раҳбарлари ҳам мажбурий меҳнат ўзи нима экани борасида етарли дунёқарашга эга эмасдек.

Мана сизлар меҳнат қонунчилиги масаласида мутахассиссизлар. Келинг, мажбурий меҳнат нима ўзи, нима қилса, у мажбурий бўлади-ю, нима қилса, мажбурий бўлмайди, деган саволга оддий қилиб тушунтириш бериб ўтсангиз?

Саидали Мухторалиев:

— Амалдаги Меҳнат кодексининг (МК) 5-моддасида айнан мажбурий меҳнатга таъриф берилган. Унинг қисқача таърифини айтаман. Мажбурий меҳнат бу — ҳар қандай фуқарони ихтиёрига қарши равишда муайян жазо тайинлаш таҳдиди билан маълум бир ишларни бажаришга мажбурлаш. Унинг энг муҳим белгиси – фуқарода розилик ва ихтиёр бўлмайди, иккинчи белги эса қанақадир жазо қўллаш таҳдиди.

Муҳаммадамин Каримжонов:

— Олдинги МКда мажбурий меҳнатга таъриф 7-моддада келтирилган эди. Янги кодексда бу 5 моддага кўчди ва ўша жазо қўллаш таҳдидига таъриф берилди. Бунга кўра, энди фақат моддий эмас, ходимни изза қилиш, унга руҳий босим ўтказиш каби ҳолатлар ҳам жазо сифатида кўрилади.