Жамият | 20:44 / 03.07.2025
8530
6 дақиқада ўқилади

Ерости газ қувури сабаб хонадон портлаб кетди. Зарар қоплаб бериладими?

Фарғона шаҳрида ер остидаги қувурдан газ чиқиб, уйнинг хонасига тўпланиши оқибатида портлаш содир бўлган. Бир киши куйиш жароҳатини олган, уй яроқсиз ҳолга келган. 5 ойдан бери омборхонада яшашга мажбур бўлаётган уй эгаларига кўра, кадастр ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай, айбдорлар зарарни қоплашни пайсалга соляпти. Газ идораси эса айбни хонадон эгалари зиммасига юкламоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Воқеа январ ойи охирида Фарғона шаҳри Саид Аҳмад кўчаси 39-уйда рўй берган. Kun.uz'га мурожаат қилган хонадон соҳибаси Назокат Шербобоева “Фарғонашаҳаргаз” газ таъминоти бўлимидан норози.

“2025 йил 31 январда соат 22:30 лар чамасида уйимиз бомба портлагандек портлади. Томлар қулаб, уйлар ёнди, бор-будимиздан айрилдик.

Назокат Шербобоева

Кўчадан давлатнинг катта газ қувури ўтган экан. Чириб кетган тешиклардан газ сизиб чиқиб, портлаш бўлган-да. Жами 10 та хонамиз яроқсиз ҳолатга келди. Қўлимизда кадастр ҳужжати бор, ҳаммаси қонуний. Уйимиз остидан газ қувури ўтганини билмаганмиз. Уйни қурмасдан аввал кадастр қилиб, кейин қурилиш ишларини бошлаган эдик.

Портлашдан кейин униси келади, ҳужжатга қарайди, ҳа яхши экан, тўғри экан, деб кетади. Буниси келади... Кадастрдан келиб текширишди, кўришди. Аввалига уйларингга тортилган табиий газ портлаган деб, айбни бизга ағдармоқчи бўлишди. Кўчадаги “колодец” қопқоғи очилгандан кейин, ҳаммаси аён бўлди. Газ ўша ердан сизиб чиқиб, уйимизга тўпланган экан.

Ерости газ тармоғи ўтган бўлса, қувурлар тармоғи соз ёки носозлиги тегишли ташкилотлар томонидан текшириб турилмайдими? Ҳалиям қўрқувда яшаяпмиз, худди бомба устида ўтиргандек. Газ идораси бошлиғи эса ерости газ қувурларини назорат қиладиган ходимлар йўқлигини айтди.

Омборхонада икки ўғлим, олти неварам, келинларим, турмуш ўртоғим билан яшашга мажбур бўляпмиз. Бу портлаган уйларни тиклашга маблағимиз йўқ. Маблағ бўлганда эди, шу пайтгача ҳеч кимга қарамас эдик. Ҳолатдан прокуратура ҳам хабардор.

Ўғлим куйиш жароҳати билан шифохонада қанча ётди, ҳеч ким ҳолидан хабар олмади. Чорасизликдан Фарғона шаҳар ҳокими қабулига бордим. Ҳоким уйимизга келиб, ҳолатни кўриб, 1 000 доллар ёрдам бериб кетди.

Ҳадемай қиш келади. Кунлар совигунича, тегишли идоралар уйимизни таъмирлаб беришларини талаб қиламан”, – дейди Назокат Шербобоева.

Омборхонада яшаяпмиз...”

Назокат аянинг қизи Насиба Шербобоева ҳам вазиятни тасвирлаб берди.

“Беш ойдан бериб сарсонмиз. Омборхонада яшаяпмиз. Уйимиз яшаб бўлмайдиган ҳолатга келган. Укам жонини хатарга қўйиб бўлса ҳам, оиласи билан бир томони қулаб тушган уйда яшаяпти. Портлашда акамлардан бирининг бутун тана аъзоси 45 фоизгача куйиб кетди. Ҳозирда ота-онам, икки акам, икки келин, етти невараси билан ота-онам омборхонага ўхшаган жойда, бонкалар сақлайдиган уйда яшашяпти.

Насиба Шербобоева

Ягона талабим – ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар адолат қарор топишини таъминлаб беришсин. Ишимиз ҳали ҳам терговга қадар суриштирувда юрибди-да. Ишни негадир судга чиқаришмаяпти. Уларга нима тўсқинлик қиляпти? Муаммо нимада билмаймиз. Уйимизни тиклаб беришсин. Акамнинг соғлиғини тиклаб беришсин. Бўлди, бошқа ҳеч нарса керак эмас”, – дейди у

5 ойдан бери халоватимиз йўқ”

Портлаш сабаб Маҳсуджон Шербобоев куйиш жароҳатини олган.

“Ўша куни уйга кириб чироқни ёққанимни биламан, кучли гумбурлаб, портлаб, ҳамма ёқ остин-устун бўлиб кетди. Ичкарида қолиб кетдим. Юзим, қўлим, бутун баданим куйиб кетди. Куйишдан кейин баданимда оқ доғлар қолди. Энди эса уйни таъмирлашни пайсалга солишяпти. Уйда яшаб бўлмаяпти.

Маҳсуджон Шербобоев

Етказилган зарарни қоплаб беришсин. Биз ҳам одамга ўхшаб яшайлик. 5 ойдан бери халоватимиз йўқолган. Шу кунгача уйсиз сарсон-саргардон бўлиб юрибмиз, қарзга ботиб кетдик. Нега бошқаларнинг айби учун биз азоб чекишимиз керак?”

Шаҳаргаз: “Кимнинг айби билан бўлганини суд ҳал қилади”

Фарғона шаҳар газ таъминоти бўлими хизмат бошлиғи Аброр Умрзоқов айнан зарар кўрган хоналар ҳужжатсиз бўлганини даъво қилди.

“Ҳақиқатан ҳам Саидаҳмад кўчаси 39-хонадонда 31 январ куни кечаси чақнаш содир бўлган. Мутахассислар ҳолатни бориб ўрганишган. Зарур материалларни етказиб бериб, уйларни ҳашар йўли билан таъмирлаб бериш таклифини берганимизда, улар рад этди. Пул маблағини берасизлар, қурилиш ишини ўзимиз бажариб оламиз деган гапларни айтишган.

Аброр Умрзоқов. Фарғона шаҳар газ таъминоти бўлими хизмат бошлиғи

Ҳовлининг кадастр ҳужжат бор-ку, лекин зарар кўрган бино ҳужжатсиз бўлган. Мана, қўлимда кадастрнинг маълумоти бор. Мазкур яшаш биноси ҳуқуқий ҳужжатсиз бўлиб, фойдаланишга қабул қилинмагани тўғрисида кадастр берган ҳужжат бор.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖдан бизга мобил лаборатория бириктирилган. Махсус автоулов орқали мана шу каби ерости газ қувурларидан газ сизиб чиқиши ҳолатларини текшириб, газ сизиб чиқиш ҳолатлари аниқланган жойларни ўз вақтида бартараф этиб боряпмиз. Фарғона шаҳар бўйича жами 493 км ерости газ қувурлари бор, шуларнинг шикастланган қисмлари бартараф этиб бориляпти.

Портлаш ҳолати қонуний ўрганиб чиқилади. Охирги нуқтани суд қарори қўяди. Айб “Ҳудудгаз”дами ё фуқаронинг ўзидами, шунга қараб хулоса қилинади”, – дейди Фарғона шаҳар газ таъминоти бўлими хизмат бошлиғи.

Kun.uz ҳолатни кузатишда давом этади.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид