Компенсация контракт бўйича хизмат қилаётган, вазирлик ва идоралар йўналиши бўйича турар жой билан таъминланмаган ҳарбий хизматчиларга берилади. Компенсация амалдаги ижара сарф-харажатлари доирасида тўланади, коммунал хизматлар ҳақи бунга кирмайди.

Низомга кўра, пул компенсацияси турар жой ижарага олинган (ижарада турган) кундан ҳамда ҳарбий хизматчи хизмат ўташ жойига келганидан кейин тўлаб борилади.

Ҳар ойлик компенсациянинг энг юқори миқдори БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)га боғланган ҳолда қуйидагича белгиланган:

Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 4,8 бараваригача;
Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — БҲМнинг 3,6 бараваригача;
республиканинг бошқа шаҳарлари, туман марказлари ва аҳоли пунктларида — БҲМнинг 2,4 бараваригача.

Агар ҳарбий хизматчининг оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлса, мазкур компенсация миқдорлари 50 фоизга оширилиши назарда тутилган.

Низомда компенсациянинг тўғри тўланиши тўловни амалга оширувчи орган раҳбари, уй-жой комиссияси ҳамда қонунчиликка мувофиқ назорат қилувчи органлар томонидан назорат қилиниши белгиланган.