Жаҳон | 21:09 / 05.11.2024
5612
15 дақиқада ўқилади

Сайловдан кейин Америка Россия ва Украинага нисбатан сиёсатини ўзгартирадими?

Ҳаррис ва Трамп уруш якунини қандай кўради? Ва энди тинчлик музокаралари яқинроқ бўладими?

Украина президенти матбуот хизмати / SIPA / Scanpix / LETA

АҚШда президентлик сайловларида овоз беришнинг сўнгги куни старт олди — бу 2024 йилда жаҳоннинг энг асосий сиёсий воқеаларидан биридир. Америкалик сайловчиларни ички сиёсатдаги кун тартиби кўпроқ ташвишлантираётган бўлса-да, Россия босқини ҳам бу пойгадаги асосий мавзулардан бири бўлди. Камала Ҳаррис ҳозирги президент Жо Байден белгилаган йўналишни давом эттирмоқчи: у Кремл билан Киевнинг иштирокисиз музокара ўтказоқчи эмас. Доналд Трамп урушни 24 соат ичида якунлашни ваъда қилган — аммо буни қандай қилишини изоҳламаган. Американинг RAND таҳлил маркази катта илмий ходими Самуэл Чарап «Медуза» билан суҳбатда сайлов натижаларидан кейин ушу уч мамлакат муносабатлари ҳар қанақасига жиддий ўзгаришга учрашини тушунтириб берган.

Research And Development (RAND) — 1948 йилда Америка ҳукумати ва хайрия ташкилотлари маблағлари ҳисобига ташкил этилган таҳлил марказидир. Ҳозирда RAND тадқиқотлари АҚШ, Австралия, Евроиттифоқ мамлакатлари ҳукуматлари, шунингдек Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар томонидан буюртма қилинади.

— Украинага кенг кўламли босқин ー ҳар икки номзоднинг сайловолди риторикасидаги асосий мавзулардан бири бўлди. АҚШнинг Россия-Украина урушидаги позицияси сайлов натижаларига қараб қандай ўзгариши мумкин?

— АҚШнинг урушга нисбатан муносабати ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгаради. Жо Байден қайта сайланганида ҳам шундай бўлган бўларди. Гап шундаки, биз можаронинг бошқа фазасига ўтяпмиз. Айниқса, фронтдаги ҳозирги воқеалар ривожида АҚШ охирги икки йил мобайнида қўллаб келган ёндашувлар абадий давом этиши даргумон.

Албатта, агар Трампнинг иккинчи президентлиги бошланадиган бўлса, сиёсатдаги ўзгаришлар анча кескинроқ бўлиши мумкин. У [урушга таъсир ўтказиш учун] нимадир қилишга уриниши тайин, аммо айнан нима қилишини — айтиш қийин. Мен бу борада прогноз беришга шошилмаган бўлардим, чунки Трамп — ҳаракатларини олдиндан айтиб бўлмайдиган сиёсатчи. Бу ҳақда гапирганда тушуниш керакки, сайловолди риторикаси — бошқа нарса, реал сиёсат эса мутлақо бошқа нарса бўлиши мумкин. Ҳаррис ғалаба қозонган тақдирда Украинадаги уруш масаласида [Байден маъмурияти ҳаракатлари] давом эттирилишини кутиш мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам унинг маъмурияти уруш майдонида ва Киевда юзага келган шароитларга мос келадиган янги ёндашувларни қидиришга мажбур бўлади.

— Сиз фронтдаги шароит ва можаронинг бошқа фазасига ўтилишини тилга олдингиз. Бу билан айнан нимани назарда тутяпсиз?

— Бу фазани тавсифлаш қийин. Биз кўряпмизки, Россия қўшинининг ҳужум суръати ортиб бормоқда. Агар Курскни айтмасак, Украина қуролли кучлари охирги бор фақат Харкив областида кичик ҳудудни қайтариб олганди. Улар бир ярим йилдан буён шунчаки мудофааланмоқда ва [ҳудудларини] бой бермоқда. Албатта, бу ҳозирча ҳалокатли темп эмас, аммо айни вақтда [Украина қуролли кучлари томонидан] қандайдир ҳужум ҳаракатларининг яқин истиқболлари борлигини айтиб бўлмайди.

Қолаверса, сўнгги ойларда украин раҳбарияти қарашларини ўзгартирди ва энди кўп ҳолларда ўзига терс келмоқда. Ҳозирда уларнинг сўзларидан маълум бўладики, Украина раҳбарияти урушни фақат ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини тушуна бошлаган. Шунингдек, улар энди Россиядаги [эҳтимолий] тартибсизликлар ёки санкциялар туфайли Россия иқтисодиёти қулаши орқали урушда енгиб чиқишдан умид қилмай қўйишган.

— Сайлов натижасига қараб АҚШ Россия билан қандай мулоқот олиб бориши ҳозирдан тушунарлими? Масалан, Камала Ҳаррис Украина иштирокисиз Владимир Путин билан музокаралар столига ўтирмаслигини айтган.

— Эътиборга олиш керакки, у бу гапни айнан уруш контекстида айтган. АҚШ ва Россияда [Украина масаласидан ташқари] муҳокама учун бошқа мавзулар ҳам бор. Албатта, уруш ҳал қилинмагунича мулоқот ва икки томонлама муносабатларнинг бошқа жиҳатлари музлатилади ва фақатгина АҚШ ташаббуси билан эмас. Масалан, Москва икки томонлама муносабатларнинг тарихан муҳим соҳаси — қуроллар назоратидан амалда воз кечган.

Байден маъмурияти уруш даврида ҳам СНВ-3 (Россия ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш бўйича чоралар тўғрисидаги битим)даги иштирокини давом эттиришга тайёр эди, аммо Россия 2023 йил февралида ундан чиқди. Ҳатто шундан кейин ҳам АҚШ стратегик барқарорлик келажаги бўйича мулоқотни давом эттиришни таклиф қилди, аммо Москва АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатаётганини рўкач қилиб, рад жавобини берди. Барчаси уруш натижасига боғлиқ бўлиб чиқмоқда: ҳарбий ҳаракатлар ривожидаги тафсилотларга эмас, балки Украинадаги можарони ҳал қилишнинг имкони бўлиш-бўлмаслигига. Агар уруш Ҳаррис даврида ҳам давом этса, [Россия ва АҚШ ўртасидаги] ўзаро ҳамкорликнинг бошқа истиқболлари бўлиши ҳам даргумон. 

Албатта, Трамп даврида нима бўлишини прогноз қилиш қийин. Россия қуроллар назорати бўйича позициясини ўзгартирмайди, деб ўйламайман. Трампнинг янги маъмурияти бу масала билан қизиқиш-қизиқмаслиги ҳозирча номаълум. Унинг ўзи бу соҳани муҳим деб билишини айтади, аммо у тайинлаганлар, қурол назоратига агар буткул қарши бўлмаса, камида скептик қарашган. Бу ўринда ноаниқлик кўп. Биринчидан, кўп нарсани сайлов натижалари белгилайди. Иккинчидан, кўп нарса урушнинг боришига боғлиқ.

— The Economist журнали манбаларига кўра, Володимир Зеленскийнинг «Ғалаба режаси» Оқ уйдагиларда таассурот қолдира олмаган. Бундай ҳолатда Вашингтон урушни якунлашга эришиш учун қандай сценарийларни кўриб чиқиши мумкин?

— Трамп ва унинг вице-президентликка номзоди Жей Ди Вэнс Украина учун ҳеч қандай махсус кафолатларсиз ҳозирги фронт чизиғи бўйича ўт очишни тўхтатиш сценарийсига ишора қилмоқда. Байден маъмурияти урушни якунлаш бўйича ўз қарашларини очиқламаган. Байденнинг ташқи сиёсатида иштирок этган ва бир неча бор Зеленский билан учрашган Ҳаррис ҳам можарога барҳам беришга доир қарашлари ҳақида аниқ гапирмайди — ва [фақат] халқаро ҳуқуқ тамойилларига ҳавола беради. Амалда у ва маъмуриятнинг бошқа ходимлари Киевнинг баёнотларига реакция билдиришади, аммо урушни якунлаш бўйича ўз қарашларини илгари суришмайди.

Бундай ёндашув абадий давом этмайди. Эҳтимол, [Оқ уй расмийлари] бу ҳақда аввал украинлар ва бошқа иттифоқчилар билан ёпиқ эшиклар ортида гаплашиб олиб, кейин омма олдида гапиришига тўғри келар. [Бундан ташқари, АҚШнинг рақиби] Хитой аллақачон тинчлик бўйича учта режага эга (ўзиники, Бразилия билан биргаликдаги ва «Тинчлик дўстлари» деб аталган гуруҳ номидан), АҚШда эса — йўқ.

— Трамп Украинадаги можарога 24 соат ичида барҳам беришини айтган. Трампнинг ваъдалари қанчалик ҳақиқатга мос келади ва унинг сулҳ режаси қандай бўлиши мумкин?

— Бу реалликка деярли алоқаси бўлмаган ёрқин образ. Табиийки, бундай урушни 24 соат ичида тўхтатиб бўлмайди. АҚШда бундай ричаглар йўқ: ахир улар бевосита жанг қилаётгани йўқ. Можарони ҳал қилиш АҚШдан кўра урушаётган томонларга кўпроқ боғлиқ. Мен Доналд Трампда Украина масаласида муайян режалар бор ёки йўқлигини билмайман. Мен ишонч билан айтишим мумкинки, Трамп урушни якунлаш учун нимадир қилишга уринади. Аммо у музокаралар ёки келишув борасида айнан нима чора кўради. Буниси умуман тушунарсиз.

— Financial Times журналистлари ёзишича, Трамп Минск келишувларини қайта кўриб чиқишга эришмоқчи, бу эса, катта эҳтимол билан, можаро музлатилишига олиб келади. Шу билан бирга, унинг вице-президентликка номзоди Жей Ди Вэнс ёрдамни тўлиқ тўхтатиш тарафдори.

— Мен Минск бўйича гапларни тушунмаяпман. Бу келишув бутунлай бошқа дунёда тузилган ва ҳеч ким энди у дунёга қайта олмайди. Вэнсга келадиган бўлсак — у бу гапни ўз номидан айтганми ёки Трамп номидан, буниси аниқ эмас.

— Нима деб ўйлайсиз, ғалаба қозонган тақдирда Украинага чинакамига кенг кўламли ёрдам ташкил этиш учун Ҳарриснинг сиёсий вазни етарли бўладими?

— Ҳаррис аниқ сумма ёки [Украинага етказиб берилиши мумкин бўлган] ўқ-дориларнинг муайян миқдорини айтмаган. У шунчаки АҚШ Украинага ёрдам беришда давом этишини айтган, аммо айнан қандайлигига аниқлик киритмаган.

Бу ерда шуни тушуниш муҳимки, номзодларнинг сайловолди кампания давридаги гаплари халқаро аудитория ёки экспертларга мўлжалланмаган. Улар сайловчиларга мурожаат қилишади. Биз сайловолди риторикасидан қандайдир умумий нарсаларни таҳлил қилишимиз ва номзодлар орасидаги принципиал фарқларни аниқлашимиз мумкин, аммо улар асосида реал прогноз бериш қийин.

Номзодлардан бири олдинги маъмурият ишини давом эттиришга ваъда берган, аммо барча тушуниб турибдики, ҳозирги президент иккинчи муддатга қолган тақдирда ҳам Украина масаласида ўзгаришлар муқаррар бўлади. Иккинчи номзод эса моҳиятан инқилоб ваъда қилмоқда, аммо у буни ўзи ваъда қилганидек бу қадар тез уюштира олмайди — чунки бу реалликка тўғри келмайди. Албатта, кампания вақтидаги бу ваъдалар экспертлар таҳлили маҳсули эмас, балки, образли қилиб айтганда, Пенсилвания штатидаги сайловчилар фокус-гуруҳлари учун материалдир.

— Камала Ҳаррис ғалаба қозонган тақдирда, уруш якунига таъсир қилиш учун Байден маъмурияти қўл урмаган бошқа инструментлардан фойдаланиши мумкинми? Агар ҳа бўлса, қайси воситалар?

— У Байден даврида қилинган ишларга қўшимча қилиши мумкин. АҚШ қурол-яроғ етказиб беришни давом эттириши, молиявий ёрдам ҳамда [Украинада] демократик ва аксилкоррупция ислоҳотлари ўтказишда ёрдам таклиф қилиши мумкин. Шунингдек, Оқ уй санкция коалициясини кенгайтириши мумкин бўлади. Олдинроқ айтганимдек, биз урушнинг янги фазасига ўтмоқдамиз, шу туфайли олдинги ёндашув абадий ишлашда давом этолмайди. 

Янги инструментларга келадиган бўлсак, Ҳаррис дипломатия бўйича қўшимча саъй-ҳаракатлар кўрсатиши мумкин. Бу уруш якунларига таъсир кўрсатган бўларди.

— Дипломатиянинг янги инструментлари деганда айнан нимани назарда тутяпсиз?

— Мен доимо айтганман, қўшимча дастак сифатида украинлар ҳамда иттифоқчилар билан урушни якунлаш шартлари бўйича мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, бу масалада Москва билан алоқа ўрнатиш зарур. Албатта, бу ишни Украина раҳбариятини хабардор қилган ҳолда амалга ошириш керак бўлади.

Ўйлайманки, бундай қарорлар АҚШ учун Украинага нисбатан худди шу мақсадларга эришишнинг қўшимча усули бўлиши мумкин. Бундай усул йўқлиги ҳозирги маъмуриятнинг ушбу масаладаги яққол камчилиги ва хатоси эди… Лекин бу уларнинг ҳаракатлари натижаси бугунги кунга келиб бошқача бўлган бўларди дегани эмас. Шунга қарамай, АҚШ Украинага ҳарбий юклар етказиш йўли билан Россияга босим ўтказиш ва санкциялар жорий этиш билан параллел равишда дипломатияни ҳам давом эттириш мумкинлигига кўникиши керак. Ундан бошқа томоннинг ҳаракатларини ўзгартириш учун восита сифатида фойдаланиш ҳам мумкин.

Акс ҳолда сен шунчаки [рақиб томонга] тош отиб, бу томон тузалишини кутган бўласан. Бу Россия билан иш бермайди. Ҳатто Эрон ва Шимолий Кореяга нисбатан ҳам бундай сиёсат юритиш қийин бўлмоқда. Ҳеч қандай музокараларсиз, шунчаки босим ўтказиш йўли билан олдинга қўйилган мақсадларга эришишга мисоллар жуда кам — айниқса ўртага ушбу босим субъектининг миллий манфаатлари қўйилган ҳолатда.

— Аввалроқ Egmont Institute директори Свен Бископ АҚШдаги сайловлар натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, Оқ уй Украинани қўллаб-қувватлашни қисқартириши ва бу ишни Европа иттифоқи гарданига ташлаши мумкинлигини айтганди.Чиндан ҳам сайловда Камала Ҳаррис ютган тақдирдаям Украина қўлловдан маҳрум бўлиши мумкинми?

— Бундай деб ўйламайман. Тўғри, бу нафақат Ҳаррисга, балки конгрессга ҳам боғлиқ. Қолаверса, ёрдамни бирданига тўхтатиб, кутилмаганда нолга тушириб бўлмайди. Украина учун қурол олиш йўлларидан бири — АҚШ ҳукумати ва Американинг ҳарбий-саноат комплекси компаниялари ўртасида Украина қуролли кучлари манфаатлари учун янги шартномалар имзоланишидир. Улардан кўпчилиги узоқ муддатли характерга эга: улар 2022 йилдан бошлаб имзоланган, аммо бажариш кўплаб ойлардан кейин бўлади. Бундай шартномалар бўйича қурол-яроғ етказиб бериш нима бўлишидан қатъи назар амалга оширилади, чунки пуллар аллақачон йўналтирилган ва компанияларнинг юридик мажбуриятлари бор.

Украина АҚШ армияси омборларида сақланадиган қурол ва ўқ-дориларни иттифоқчилар фойдасига ҳисобдан чиқаришга асосланган PDA (President Drawdown Authority) доирасида ҳам Америка қуролли кучлари омборларидан қурол олиши мумкин. Бу PDA маблағларидан фойдаланишга рухсат берадиган конгресс ҳамда уни қўллайдиган президентга боғлиқ.

— Камала Ҳаррис Украинани қўллаш масаласида собит. Агар у ғалаба қозонса, аммо конгресснинг икки палатасини ҳам фаол ёрдам кўрсатишга қарши бўлган республикачилар эгалласа, нима бўлади? Ва тескари сценарийда-чи?

— Бу ўринда биз фаразлар билан гапирамиз. Биринчи сценарийда агар Трамп ютқазса, Республикачилар партияси қанчалик ўзгаришини тушуниш лозим. Бу катта савол. Унинг Украина ва Россия бўйича қарашлари партия ичида устунлик қилмайди. Агар республикачи сенаторлар ва конгрессменлар орасида сўров ўтказсангиз ва уларнинг баёнотларига қарасангиз, улардан айримларининг қарашлари Байден маъмурияти вакиллариникига қараганда ўткирроқ бўлиб чиқади. Агар Трамп ютқазса, у аввалги каби Вакиллар палатаси спикери Майкл Жонсонга [Украинага ёрдам контекстида] босим ўтказа оладиган даражада таъсир кучига эга бўлмай қолади. 

Аммо партиялар икки палатада ҳам барқарор устунликка эриша олмаслиги мумкин. Ҳозир буни айтиб бўлмайди. 

— АҚШдаги сайлов натижалари Украинанинг НАТОга қўшилиш жараёнига қандай таъсир кўрсатади?

— Айтиш мумкинки, Трамп бу масалага кўпроқ шубҳа билан қарайди. Шу билан бирга, демократлар ҳам Украинани НАТОда қучоқ очиб кутиб олади деб бўлмайди. Ҳаррис бундай қадам ташлашга жазм этмаслиги мумкин: биз Байден ҳам бунга журъат этганини кўрмадик. Ҳозирча Украинани НАТОга таклиф этишмади.

Мавзуга оид