Америкаликлар кейинги 4 йил учун янги президентни сайламоқда. Давлат бўйлаб 168 миллион сайловчидан 81 миллиони муддатидан аввал овоз берган. Номзод Ҳаррис ҳамда амалдаги президент ҳам сайлов кунидан аввал овоз беришда қатнашди. Таҳлилчилар бирор номзод мутлақ устунликка эга эмаслигидан келиб чиқиб, якуний натижалар чўзилишини айтмоқда. Бироқ Питсбург университети профессори, сиёсатшунос Женнифер Брик Муртазашвили фикрича, 5 ноябр тундаёқ ғолиб ким экани маълум бўлади.

Биринчи сайлов участкалари Ню-Ҳемпшир штатидаги посёлкаларда очилди. Кейинги президент амалдаги вице-президент ва юрист Камала Ҳаррис ёки собиқ президент, миллиардер Доналд Трамп бўлиши мумкин. АҚШдаги Президент сайлови натижалари баъзан овоз бериш тугаганидан бир неча соат ўтибоқ эълон қилинади, лекин бу гал икки номзод ҳам яққол устунликка эга эмас. Шунинг учун ҳам сайлов натижалари бироз чўзилиши мумкин. ББС таҳлилига кўра, штатма-штат кескин рақобат, пичоқ пойгаси одамларни бироз кутишга мажбур қилади. ОАВ ҳам ким ютишини тахмин қилолмай, яхшиси сайловнинг якуний натижаларини кутиб туриш ҳақида гапирмоқда.

Овозлар саналиши қонун-қоидаси ҳам бор, агарда икки номзод ўртасида фарқ кичик бўлса, бюллетенлар қайта саналади. Масалан, Пенсилвания штатида ғолиб ва мағлуб номзод ўртасидаги овозлар фарқи 0,5 фоиз бўлса, штат бўйлаб бюллетенлар қайта санашга буюрилади. 2020 йилги сайловларда Пенсилванияда Байден ва Трамп учун овозлар фарқи 1,1 фоиз бўлган.

Сайлов олдидан ҳуқуқий бузилишлар ва бу бўйича аризалар бор. Айниқса, республикачилар томонидан сайловчилар рўйхатини бошқариш ҳолати қайд этилган. Ҳар қандай тартибсизликлар, сайлов участкаларидаги норозиликлар ҳам натижалар кечикишига сабаб бўлади.

Бу йил аксарият америкаликлар муддатидан аввал овоз беришни маъқул кўрди. Ковид пандемияси давридагидан фарқли ўлароқ одамлар бу гал ўз овозини камроқ почта орқали йўлламоқда.

Агарда аввалги сайловларга эътибор қаратсак, 2020 йилда 3 ноябрь, сешанба куни сайлов бўлиб ўтган. Лекин ОАВ 7 ноябрь тонгига қадар Байденни ғолиб дея атамаган. Яқин йиллардаги сайловларда ҳам якуний натижалар узоқ кутилмаган. 2016 йилда Трамп ғалаба қозонгани сайловнинг эртасига, 2012 йилда эса Обаманинг иккинчи муддатга қайта сайланиши сайлов куни тугаши биланоқ башорат қилинган. Лекин натижалар чўзилган ҳолатлар ҳам бор. Масалан, 2000 йилда Жорж Буш ва Ал-Гор ўртасидаги кампания ўта кескин кечиб, 7 ноябрь куни бўлиб ўтган сайлов натижалари декабрнинг ўртасигача чўзилган. Флоридадаги сайловолди рақобат можарога айланиб кетган ҳамда бу 12 декабргача давом этган. АҚШ олий суди овозларни қайта санашни тугатишга қарор қилган ва Оқ Уйни Жорж Бушга топширган.