Ўзбекистон | 17:46 / 02.08.2022
21058
7 дақиқада ўқилади

«Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китоби учун мобил илова ишлаб чиқишга 2,6 млрд сўм сўралди. Вазир эътироз билдирди

Акмал Саидов раҳбарлигидаги лойиҳа тайёрлаган «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китобининг мобил иловаси ҳамда Янги Ўзбекистон луғатини ишлаб чиқиш учун 2,6 млрд сўм маблағ ажратиш сўралди. Луғат яратишга Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» китобига ҳам алоҳида луғат қилингани эталон сифатида кўрсатилди.

Фото: Видеодан кадр

2 август куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъати йиғилишида «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китобининг мобил иловаси лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳа ташаббускорлари иловани яратишга 2,6 млрд сўм маблағ ажратишни сўраган. Лойиҳа раҳбари Акмал Холматович Саидов бўлиб, ижрочи ташкилот «Барқарор ривожланиш маркази» нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳисобланади.

Йиғилиш ҳайъат раиси, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва вазирликнинг «Филология ва ижтимоий фанлар» йўналиши бўйича илмий-техник раиси ўринбосари Қиёмиддин Назаров ўртасидаги қизғин баҳс билан кечди. Kun.uz йиғилишни кузатиб, муҳокамалар чоғидаги мулоқотнинг қисқача мазмунини ёзиб олди.

Вазир: Бу пул қаерга ишлатилади, нега бунча маблағ?

Жасур Икрамшиков, бошқарма бошлиғи: Мобил иловани Google Play’га жойлаштириш, iOS'га жойлаштириш, Creative Cloud, мобил иловани яратишда дизайнер, андроид девелопер, бекэнд девелоперга харажатлар, ундан ташқари, Янги Ўзбекистон ўқув материалларини 1000 ададда чоп этиш, Янги Ўзбекистон ташвиқот рисолалари 1000 адад, мобил илованинг методик қўлланмаси 1000 адад, 10 турдаги реклама харажатлари кўзда тутилган.

Вазир: 100 миллион сўм ойлик кўпми, камми, нега ҳеч ким гапирмаяпти?

Қиёмиддин Назаров: Лойиҳа доирасида хизмат сафарлари ҳам кўзда тутилган. Корея ва Ҳиндистонга бориб мобил илова яратишда тажриба ўрганилади.

Вазир: Ўзи мобил илова яратиш тажрибаси бор-ку, Кореяга бориб ўрганиш шарт эмас.  2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг онлайн платформаси бор, ишлаб турибди.

Қиёмиддин Назаров: «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китоби ҳақида гап кетяпти, китобда муайян даражада назарий жиҳатлар бор. У стратегиядан фарқ қилади. Биз бу масалани жуда ҳам кўп ўрганиб чиқдик.

Бир йилга бешта вазифа қўйилган, шу масалага маблағларни ҳам ажратиб чиқдик. 4та нарса 1000 донадан чиқяпти. Марказ (Барқарор ривожланиш маркази назарда тутиляпти – таҳр.) етмаган пулни ёнимиздан тўлаяпмиз деяпти.

Вазир: Аутсорсингга қанча маблағ беряпти? Аутсорсингга берса, мобил илова тайёр-ку?

Қиёмиддин Назаров: Масала мобил иловада эмас, унинг реализацияси ва доимий тўлдириб туришда.

Вазир: Унинг реализацияси бўлса, давлат ташкилотлари, ҳокимликлар бор. Лойиҳа нотўғри қилинганини кўриб турибман. Мобил илова 269 миллион сўм, қарийб 300 миллион сўм дейлик. Президентимиз асарни ёзиб қўйган бўлсалар, уни ёзиш керак бўлмаса, унга битта сўз қўшилмайди.

Қиёмиддин Назаров: Асосий маблағ мобил илованинг ўзига эмас, ўзим шуни тушунмаганим учун нимага қанча сарфлашингиз ҳақида ёзиб беринглар дедим. Ўқув қўлланма, мажмуа, луғат қилишмоқчи.

Вазир: Луғат нимага керак?

Қиёмиддин Назаров: Бизда Янги Ўзбекистон луғати йўқ, бу керак. Ҳамма ҳар хил гапиряпти.

Вазир: Янги Ўзбекистон луғати деганда нимани назарда тутяпсизлар?

Қиёмиддин Назаров: Марказ Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси деган луғат қилмоқчики, тараққиёт нима, янги Ўзбекистон нималиги каби тушунчалар киритилади. Бизнинг тараққиёт стратегиямиз деган чўнтак луғатимиз бўлса ёмон бўлмасди. Улар кўп пул сўрамоқчи эмас.

Вазир: Ўзим тушунмайман Янги Ўзбекистон луғати нималигини. Стратегия ёзилган, янги терминологиялар ўз-ўзидан келиб қолмаган, тараққиёт сўзи ҳам ўзгармаган.

Қиёмиддин Назаров: Муҳтарам биринчи президентнинг «Юксак маънавият енгилмас куч» китоби чиққанда, 800 сўздан иборат жуда катта луғат бўлди. «Маънавият» маркази билан 290 та янги сўз қўшилди. Ўшанда ҳам «Маънавият» деган луғат қилинганди.

Вазир: Ҳамма китобнинг глоссарийси бўлади, лекин у луғат дегани эмас.

Қиёмиддин Назаров: Мен марказга Инновация вазирлиги энг кўп берган маблағ 1 млрд 200 миллион сўм, шунча сўраганларингда савол бўлмас эди дедим.

Вазир: Дунёда бир йиллик илм-фан лойиҳаларини молиялаштириш 100 минг доллардан ошмайди. НАСАдан ташқари лойиҳаларни оладиган бўлсангиз ҳам 100 минг доллардан ошмайди йиллик молияси. Луғат масаласида қаттиқ бўлишингиз керак, тараққиёт стратегиясини ўқиш учун, тушуниш учун қийин бўлган сўзларни глоссарий қилса бўлади, луғат эмас лекин.

Ҳозир ҳамма устимиздан кулади, ҳамма янги Ўзбекистонни гапиради «қаери янги» деб. Буни тўғри тушунтиришимиз керак. Луғат қиламиз десак, энди тасаввур қилинг. Зиёлилар ўз айбимизни билишимиз керак, ҳали тушунмасдан туриб янги йўналиш очяпмиз. Шунинг учун фикримни айтдим, илмда ҳамма нарсани тўғри баҳолашни хоҳлайман. Мобил илова 800 миллион сўм экан, унда ишлайдиган 18 одам нима каромат кўрсатади? Ташвиқотини тушунганим йўқ.

***

Шундан сўнг ахборотлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фанлари бўйича Илмий-техник кенгаш раиси Намоз Мирзаев мобил иловага таклиф қилинаётган маблағ ва хизмат сафарлари ҳақида фикр билдирди.

«Методологик қўлланма, рисолаларни 1000 ададдан чиқарамиз деяпсизлар. Бундан фойда йўқ, бу билан аҳолининг ҳамма қисмини қамраб олмаймиз. Ундан кўра, уларнинг электрон вариантини чиқариб, интернетга жойлайлик. Маблағ ҳам сарфланмайди бунга. Хизмат сафари ҳақида эшитмаган эканман.

Ўйлайманки, чет эл тажрибасини ўрганиш учун чет элга бориш шарт эмас. Бирор нарса очиқ манбаларда бўлмаса, борганингиз билан уни сизга бермайди», – деди Намоз Мирзаев.

«Янги Ўзбекистон» луғати халқда тескари реакция пайдо қилиши эҳтимолини эслатган Иброҳим Абдураҳмонов шундай деди:

«Мобил иловани биринчи марта қилаётганимиз ҳам йўқ. Мени онлайнда кўриб, ҳар хил хулоса қилаётганлар бўлиши мумкин. Янги Ўзбекистон луғатига қарши ҳам эмасман. Ҳар хил луғат қиламиз деб бу сўзга нисбатан халқимизда тескари реакция бўлишига сабаб бўлишимиз мумкин».

Инновацион ривожланиш вазирлигининг йиғилишдан кейинги баёнотига кўра, илмий техник кенгаш лойиҳага таклиф қилинган – 2,6 млрд сўмлик суммани қабул қилмаган.

Шунингдек, лойиҳа умуман рад этиб ҳам юборилмаган. Аксинча кенгаш уни амалга ошириш учун 1 млрд 932 млн сўм таклиф этган. Лойиҳа қабул қилиниши учун уни вазир бошчилигидаги вазирлик ҳайъати маъқуллаши керак.

Мавзуга оид