Ўзбекистон | 11:29 / 05.09.2020
17751
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда солиқ инспекторининг билимсизлиги туфайли тадбиркор ҳисоб рақамига инкассо талабномаси қўйилди

Президент ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан “Radjabov Farid Stroy” хусусий корхонаси раҳбари Ф.Ражабовнинг Самарқанд шаҳар ДСИ ходимларининг ҳаракатларидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди.

Аниқланишича, Самарқанд шаҳар ДСИ бошлиғи Э.Толлиевнинг 24 июндаги буйруғи асосида ҚҚС тўғри ҳисобланиши ва бюджетга тўланиши юзасидан “Radjabov Farid Stroy” хусусий корхонасида катта инспектор А.Яркулов томонидан камерал солиқ текшируви ўтказилган.

Камерал солиқ текшируви якунида “Radjabov Farid Stroy” хусусий корхонасининг 2020 йил январь-апрель ойи учун ҚҚС бўйича 778 млн 890 минг сўм миқдорда тафовути борлиги аниқланиб, 2020 йил 25 июнь куни “Солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида талабнома” юборилган.

Ушбу талабнома “Radjabov Farid Stroy” хусусий корхонаси томонидан кўриб чиқилиб, ҚҚС ҳисобланишича асос бўлган 5 млрд 390 млн сўм корхона томонидан уйлари бузилган фуқароларга тўлаб берилган компенсация маблағи эканлиги ва англашилмовчилик сабабли ушбу маблағ бухгалтерия баланси ҳисоботига қўшилгани баён қилиниб, 2019 йил бухгалтерия балансига тузатишлар киритилган ва тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда қайта ҳисобот тақдим этилган.

Бироқ, Самарқанд шаҳар ДСИ томонидан тақдим этилган ҳужжатлар инобатга олинмасдан, асоссиз деб топилган ва қўшимча ҳисобланган ҚҚС тўланмаган тақдирда мажбурий тартибда ундирилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Ф.Ражабовнинг ДСҚ ва вилоят ДСБга Самарқанд шаҳар ДСИ ходимларининг ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган мурожаатлари Самарқанд шаҳар ДСИга жўнатилган ва шаҳар солиқчилари томонидан кўриб чиқилиб, бир хил мазмунда рад жавоб берилган. Аммо жавобларда қайта тақдим этган ҳисоботи нима сабабдан ва қандай асосларга кўра инобатга олинмаганлиги баён қилинмаган.

Бу ҳолат Самарқанд шаҳар ДСИ ходимлари Солиқ кодексининг 9-моддасида баён қилинган “Солиқ органлари солиқ муносабатлари доирасида солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шарт” эканлиги принципларга амал қилинмаётганлигидан далолат берарди ва Ф.Ражабовнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди.

ДСИ томонидан “Radjabov Farid Stroy” хусусий корхонаси ҳисоб рақамига 778 млн 890 минг сўм ундириш юзасидан инкассо топшириқномаси қўйилиб, 125 млн 302 минг сўм миқдордаги маблағ ечиб олинган.

Ф.Ражабов ўз мурожаатида Самарқанд шаҳар ДСИ ходимлари Солиқ кодексининг 248-моддаси 7-қисми мазмунини нотўғри талқин қилиб, ҚҚС ҳисобланишига асос бўлган 5 млрд 390 млн сўм амалга оширилган қурилиш ишлари эмаслигини, балки фуқароларга тўлаб берилган компенсация маблағи эканлигини, бироқ ДСИ ходимларига барча ҳужжат тақдим этилса-да, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик бўлаётганлигини баён қилган.

Юқоридагиларга кўра, хусусий корхонада ўтказилган камерал текширув билан боғлиқ ҳолат вилоят ДСБнинг малакали ходимлари томонидан кўриб чиқилишини, корхона ҳисоб рақамига асоссиз равишда инкассо топшириқномаси қўйилганлиги аниқланган тақдирда, инкассо топшириқномаларини чақириб олинишини таъминлаш юзасидан вилоят ДСБга 21 август куни қайта ўрганиш юзасидан сўров юборилди.

Бизнес-омбудсман бош инспектори Б.Холматовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Самарқанд вилоят ДСБ ходимлари томонидан ўтказилган такрорий ўрганишда Самарқанд шаҳар ДСИ томонидан “Radjabov Farid Stroy” хусусий корхонаси ҳисоб рақамига 778 млн 890 минг сўм ундириш юзасидан инкассо топшириқномаси асоссиз қўйилганлиги аниқланиб, инкассо топшириқномаси олиб ташланиши таъминланди.

Корхона ҳисоб рақамидан ечиб олинган 125 млн. 302 минг сўм миқдордаги маблағ Самарқанд шаҳар ДСИ томонидан белгиланган тартибда қайтариб бериладиган бўлди.

Таҳририятдан: тадбиркорнинг нормал фаолият кўрсатишига тўсқинлик яратган, ё мавжуд солиқ қонунчилигидан хабари йўқлиги туфайли ҳисоб китобларни билиб-билмай, ё қасддан нотўғри амалга оширган инспектор А.Яркуловга нисбатан қандай интизомий ёки маъмурий чора кўрилгани борасида Самарқанд шаҳар ДСИдан муносабат кутиб қоламиз.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид