Ўзбекистон | 11:10
903
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятини ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилинди

“Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, вилоятда драйвер лойиҳаларни амалга ошириш учун манзилли дастур тасдиқланиб, йўл инфратузилмаси, электр таъминоти ва сув хўжалигини яхшилаш бўйича аниқ чоралар белгиланди.

Фото: Kun.uz

2025 йил 27 декабр куни “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ–392-сон) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Самарқанд вилоятида драйвер лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишни назарда тутувчи манзилли дастур тасдиқланди. Унда, хусусан, транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга ҳамда ички хўжаликлараро 298 км автомобил йўллари, шунингдек 15 та йўл ўтказгични қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари белгиланган.

Электр таъминоти тизимини такомиллаштириш доирасида 14 та туман (шаҳар)да 1 та подстанцияни таъмирлаш, 70 та трансформатор пунктини ўрнатиш, 137 км электр тармоқларини янгилаш режалаштирилган.

Ичимлик суви ва оқова сув тизимини яхшилаш мақсадида эса 14 та туманда 90 та сув иншооти, 242 км сув тармоғини қуриш ва таъмирлаш назарда тутилган.

Қарорга асосан, 2026 йил 1 июлдан Самарқанд вилоятида қатор янги механизмлар жорий этилади. Жумладан, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари тўлиқ туман (шаҳар) сув корхоналари ихтиёрига ўтказилади. Шунингдек, сув тежовчи технологияларни кенгайтириш мақсадида талабгорларга пахта майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш тизимлари учун белгиланган тартибда ҳар бир гектарига 12 млн сўмдан субсидия ажратилади.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан вилоятдаги қурилиш, таъмирлаш ва модернизация қилиш лойиҳалари қатъий равишда “яшил” тамойиллар ҳамда энергия самарадорлиги бўйича минимал талаблар асосида амалга оширилиши белгиланди.

Таълим соҳасида ҳам янги ташаббуслар кўзда тутилган. Хусусан, 2026-2027 ўқув йилидан Каттақўрғон давлат педагогика институтида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети билан ҳамкорликда муҳандислик йўналишлари бўйича факултет ташкил этиш чоралари кўрилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид