Жаҳон | 20:56 / 28.04.2024
13130
10 дақиқада ўқилади

Блинкеннинг Хитойга ташрифи. Нималар муҳокама қилинган?

Энтони Блинкеннинг Хитой раҳбарияти билан учрашуви глобал беқарор геосиёсий фонда юз берди. Учрашувлар ёпиқ тарзда ўтган бўлса-да, асосий муҳокама мавзулари ҳақида муждалар бор. Хўш, Си Жинпинг «қизил чизиқлар» деганда нимани назарда тутди?

Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги мавзу сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Ҳикматилла Казакбаев билан таҳлил қилинди.

— Блинкеннинг Хитойга сафари қандай сабаблар билан амалга оширилди ва муҳокама мавзулар қайсилар бўлди?

Ҳикматилла Казакбаев: — Икки давлат ўртасида кўриладиган 4 та масала бор эди. Биринчиси — Сан Франциско саммитида Си Жинпинг ва Байден ўртасидаги келишувларни амалга ошириш; иккинчиси — Тайван атрофидаги масалалар; учинчиси — Филиппин билан боғлиқ масала, яқинда Филиппин ҳукумати АҚШ ёрдами билан Хитойга тегишли кемани чўктирганди; тўртинчиси — икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар.

Давлатлар ўртасида рақобат бор бўлса-да, иқтисодий алоқалар муҳимроқ. АҚШда ЯИМ ўсиш даражаси режадагидек эмас, инфляция, ишсизлик ҳолати бор, шунинг учун ҳам иқтисодий масалалар муҳим ҳисобланади. Хитой ташқи сиёсатида иқтисод доимо биринчи ўринда туради. Умуман, асосан шу 4 та масала бўлди.

— Блинкен ташрифи доирасида Украина масаласи ҳам кўрилганми?

Камолиддин Раббимов: — Бор эди. АҚШ ва Хитой муносабатлари халқаро майдондаги энг интригали масала. Чунки АҚШ ва Хитой дунёнинг биринчи ва иккинчи қудратли давлатлари. Дунё геосиёсатидаги бугунги савол бу икки давлат муносабати 21-асрда қандай бўлади, тирашув қай кўринишда давом этади, тўқнашувлар ёки масалаларнинг келишув даражаси қандай бўлади, деган саволлар турибди.

Ўтган йили Си Жинпинг Сан-Францискога боргач, муносабатлар совиши даражаси секинлашди, илиқлашув ҳам йўқ. Экспертлар фикрича, бу икки давлат ўртасидаги рақобат энди тўхтамайди. АҚШ ўз глобал ҳокимиятини узайтиришни истайди ва Хитойни ўзига биринчи асосий чақириқ сифатида кўради. АҚШ стратегик таҳлилларига кўра, Россия душман сифатида кўрилади, лекин Россиянинг салоҳияти пастроқ бўлгани учун у узоқ муддатли катта чақириқ эмас.

Хитойнинг сиёсати анча совуққон ва вазмин. Лекин унинг инсон ресурслари, иқтисоди, ҳарбий технологиялари АҚШ, коллектив Ғарб учун узоқ муддатли жиддий чақириқ сифатида кўрилади.

Блинкен тарафидан Россия масаласи кўтарилди. АҚШ Россияга тинчлик йўлида ҳам, ҳарбий мақсадларда ҳам ишлатиладиган товарлар бермаслигини истайди. Блинкен ҳам агар Хитой ёрдам бермаса, Россия тезроқ енгилади, деган позицияни очиқ айтди. Хитой Россия билан салмоқли ҳамкорлик қилмаслиги талаб қилиняпти, Хитой эса Тайван борасидаги талабини қўймоқда.

АҚШ Хитойнинг суверенитетини эътироф этади, лекин айни пайтда демократик интилишдаги Тайванни қўллашда давом этади.

Ҳикматилла Казакбаев: — Украина масаласи АҚШ ва Хитой ўртасидаги музокараларда кун тартибидаги мавзу. АҚШ Хитойни Россиядаги заводларга қуроллар ишлаб чиқариш учун воситалар етказиб беришда айблаяпти.

Блинкендан олдин АҚШ молия вазирининг Хитойга ташрифида ҳам бу масала кўрилганди. Агар Хитой етказиб беришни тўхтатмаса, Америка Хитойнинг йирик банкларига санкциялар қўллаши ҳақида огоҳлантирилди.

— Си Жинпинг «қизил чизиқлар» деганда нимани назарда тутди? Жанубий Хитой денгизидаги рақобат ва Тайван масаласи қандай муҳокама қилинди?

Камолиддин Раббимов: — Авваламбор, Тайван масаласи назарда тутилган. Хитой Тайван масаласида ҳеч бир давлат билан келишмаймиз, деган позицияда. Умуман, Хитой ташқи сиёсий доктринасида унинг ҳудудий яхлитлигини тан олмаган давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатмайди. Тайван мустақиллигини тан олган давлатлар билан ҳам дипломатик алоқалар узилган.

Тайван АҚШ, коллектив Ғарб учун катта таъсир қилиш воситаси. Хитой учун «қизил чизиқ» — Тайван. АҚШ конгресси Украина, Исроил ва Тайванга салкам 100 млрд доллар ёрдам қонунини маъқуллади. Шундан 8 млрд доллар Тайванга ажратилган. Бу унинг ҳарбий жиҳатдан мудофаа салоҳиятини оширади. Бу эса Хитойга чақириқ. Шунинг учун Блинкенни кутиб олиш даражаси паст бўлди, яъни бу борада келишувга бормаймиз, деб сигнал беряпти Хитой. Агар тўқнашув бўлса, Хитой АҚШдан кучсиз айни пайт. Аммо Хитойнинг мақсади Тайванни қўшиб олиш, қандай тактика бўлиши, узоқ муддатли ёки уруш орқали бўлиши кабилар фарқ қилиши мумкин.

Ҳикматилла Казакбаев: — Жанубий Хитой денгизида, Тайванда бу икки давлат манфаатлари тўқнашади. Тайванни тан олувчи давлатлар 13 та, йилдан йилга камайиб борди бу, асосан кичик давлатлар булар. Хитой Тайван масаласида ҳеч қандай келишувга бормайди, у Хитойнинг бир қисми бўлиши керак, қандай йўл билан бўлиши кейинги масала. «Қизил чизиқ» деганда Тайванни қуроллантириш масаласи назарда тутиляпти деб ўйлайман.

АҚШ 90-йилларда F-16 қирувчиларини етказиб беришга ҳаракат қилган, охирги етказиб бериш 2022 йилда бўлди ва бу давом этади. Янгича қуроллар ҳам етказяпти, хусусан, ҳарбий кемаларга қарши.

Бундан ташқари, минтақада AUKS ва QUAD мавжудлиги. Филиппин билан охирги келишув ҳам бор, АҚШ ва Филиппин муносабатлари иттифоқ даражасига кўтарилган. АҚШ Филиппиннинг 5 та ҳарбий базасидан фойдаланарди, энди АҚШнинг ўз ҳарбий базалари ҳам қурилади 2025-2027 йилларда ва бундан Хитой билан эҳтимолий тўқнашувда фойдаланиши мумкин. Хитой тинч йўл орқали Тайван билан бирлашмоқчи, лекин бу тарафдан АҚШ Тайванни қуроллантиряпти. Бу масала қизил чизиқ сифатида кўрилади.

Камолиддин Раббимов: — Ветнам масаласини олайлик. Ўтган йили АҚШ президенти Ветнамга борди, уч ой ўтиб Хитой раҳбари ҳам борди. Икки давлат ўртасида Хитой атрофидаги давлатлар билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш, иттифоқчига айлантириш, эҳтимолий урушда ўз тарафига тортиш учун рақобат кетяпти.

— Бу рақобат кескинлашиб, қуруқлик минтақаларига ҳам ўтиши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: — Ўтиши мумкин. Украинадаги уруш, Тинч океанидаги рақобат фонида Хитой ва ғарбий Европанинг қуруқликдаги транспорт логистикасига эҳтиёж ортяпти. Бу Марказий Осиё учун яхши имконият. Агар АҚШ ва Хитой уруши бошланса, денгиз йўллари ёпилади. Хитой чегараси катта, кўп давлатлар билан чегарадош. Масалан, Ҳиндистон, у Хитойни ўзига мухолиф сифатида кўради, чегара муаммолари бор, тарихий муаммолар бор. Покистон эса Хитойнинг иттифоқчиси. Мана шундай ҳолат мавжуд Хитой атрофида.

Ҳикматилла Казакбаев: — Хитойнинг «Бир макон — бир йўл» лойиҳасига муқобил лойиҳа таклиф этиляпти. Ўтган йил Ҳиндистондаги G20 саммитида янги коридор ҳақида гапирилди, буни АҚШ қўллади кўпроқ. Чунки агар ҳарбий тўқнашув чиқса, иқтисодий коридор масаласи қийин бўлиб қолади. Агар Ҳиндистон лойиҳаси кўп давлатлар томонидан қўлланса, Хитой стратегиясига қарши стратегия бўлиб қолади. Транспорт коридорлари жуда муҳим, урушлар фонида бу билиняпти. АҚШ ва Хитой тўқнашуви Хитой иқтисодиётига катта зарар келтиради, шу нуқтайи назардан ҳам рақобат кўпроқ денгизда бўлади, шунинг учун ҳам Хитой асосан денгиз кучларини ривожлантиришга урғу беряпти.

— Яқин Шарқ масаласи ҳам муҳокама қилинганми?

Ҳикматилла Казакбаев: — Бу масала барибир муҳокама қилинади. Хитой ҳукумати араблар ва Фаластинни қўлласа, АҚШ Исроилни қўллайди, бу ерда ҳам манфаатлар тўқнашади. Эрон омили ҳам бор, минтақадаги кучларга Эрон орқали таъсир қилиш мумкин, Эронга эса Хитой орқали.

Камолиддин Раббимов: — Дунёда геосиёсий қутблашув кетяпти. АҚШ Исроилни қўллайди, шартли равишда Россия ва Хитой араб кўчасини, Фаластинни қўллайди. Россия ва Хитой ички сиёсатда қанчалик авторитар, ислом омилига ҳадик билан қарамасин, Яқин Шарқда Фаластин давлати ташкил топиши тарафдори эканини айтади. Бошқа танлов йўқ бу борада, чунки Исроилни АҚШ қўллайди. Умуман, мувозанат шакллантириш мураккаб бу ерда.

— Тинч океанидаги хавфсизлик муаммолари билан боғлиқ MODEP тизимида қандай муҳокама қилинди?

Камолиддин Раббимов: — АҚШ Хитой денгиз чегараларидан ташқарида доимий сузиб юрувчи ҳарбий технологик оролчаларни яратишни олдига мақсад қилиб қўйяпти. Агар уруш бошланса, қайсидир давлатдан рухсат сўрамасдан тўғридан тўғри Хитойга ҳужум қиладиган мобил оролчалар яратиш кўзланяпти. Йирик ҳарбий саноат компаниялари бундай технологияларни синаб кўриб, анча юқори натижалар олинган.

Ҳикматилла Казакбаев: — Бу оролчалар кичик аэродром вазифасини ҳам бажариши мумкин ҳужумкор вертолётлар учун, замонавий ракета тизимлари бўлади. Кичик бир ҳарбий базадек бўлади, бошқа минтақаларга ҳам бориши мумкин керак бўлганда. Бу лойиҳа Тинч океани минтақасида юз берадиган тўқнашувда жуда муҳим бўлади. Бу лойиҳа ўзи ҳарбий саноат компаниялари иши, лоббилари орқали АҚШ ҳукумати сотиб олишига ҳам эришади. Бу нарса ҳарбий соҳада янги босқичга чиқиш ҳам ҳисобланади. Энди оддий танклар, бошқа классик қуроллар билан уришиш мумкинмаслигини ҳам тушуниб етяпти давлатлар.

— Бу нарса баёнотларда йўқ, шундайми?

Ҳикматилла Казакбаев: — Баёнотларда йўқ, кўпроқ АҚШдаги нашрларда ёритилди. Умуман, Блинкен ташрифи Хитойда кенг ёритилмади, кутиб олиш, кузатиш жараёнлари ҳам юқори даражада бўлмаган, бу билан Хитой позициясини кўрсатяпти.

Камолиддин Раббимов: — Икки давлат, кўпроқ Хитой қуролланишни бошлаб юборган, чунки ҳарбий салоҳият тафовути катта эди. АҚШнинг ҳарбий бюджети 900 млрд доллардан ошади, Хитойники 250-300 млрд атрофида, лекин кейинги вақтларда Хитой сувости ва сувусти кемалари сони бўйича АҚШдан ўтиб кетди, шу билан бирга, кемалар катталиги, кучига кўра АҚШ ҳали ҳам олдинда.

Ҳикматилла Казакбаев: — Денгиз кучларининг қудрати авиаташувчи кемалар сонига қараб белгиланади одатда ва бу бўйича Хитой ортда.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид