Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Англия, Германия ва Францияда пешқадамлар тўқнашуви, Испанияда кубок финали. Ҳафта ўйинлари анонси
Учта яхши хабар бор. Биринчиси, ниҳоят миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус тугаб, клублар футболи қайтмоқда. Иккинчидан, биринчи ҳафтаданоқ бизни одатдагидан ҳам кўп қизиқарли учрашувлар кутиб турибди.
Англиядаги топ ўйинлардан ташқари, Берлин ва Турин дербилари-ю Испания кубоги финали шулар жумласидандир. Учинчиси, энг қувонарлиси, Европа ёзги вақтга қайтмоқда, демак, футбол томоша қилган тақдиримизда ҳам, аввалгидан бир соат кўпроқ ухлаш имкониятига эга бўламиз.
Германия Бундеслигаси. 27-тур.
3 апрель (шанба)
БОРУССИЯ Д – АЙНТРАХТ
Ўйин бошланиш вақти: 18:30
ТВ-трансляция: «Спорт»
Бундеслигада доим ҳам чемпионлик учун кураш бўлмаслиги мумкин, аммо ЕЧЛга йўлланма берадиган ўринлар учун даъвогарлар керагидан ортиқ топилади. Дортмундликларнинг «Айнтрахт» билан ўйини айнан мана шу йўлланма учун олти очколик баҳслар тоифасига киради.
Ёзда Санчо каби қимматбаҳо активларини сотмай, «Бавария» билан рақобат қилишга уриниб кўрган «Боруссия» январни жуда ёмон ўтказди ва нафақат чемпионлик пойгасидан, балки кучли тўртликдан ҳам чиқиб кетди. Бугунги ўйиндаги мағлубият эса дортмундликларни топ-4дан 7 очкогача узоқлаштириши мумкин. Ғалаба эса «Айнтрахт», яъни тўртинчи ўриндаги жамоа билан фарқни бир очкогача қисқартиради. «Боруссия» учун ЕЧЛ йўлланмасининг яна бир муҳим тарафи шундаки, ушбу турнирдан четда қолиш Ҳоланд, Санчо каби юлдузларни Дортмундда олиб қолишни қийинлаштириб қўяди. Маълумки, клуб бу икки футболчидан бирини келаси мавсум учун ҳам олиб қолмоқчи.
Мезбонлар таркибида Витцел, Загаду, Шмелцер каби футболчилардан ташқари, Жейдон Санчо ҳам майдонга туша олмайди. Франкфуртликлар сафида эса ўтган турда навбатдаги сариқ карточкасини олган Хасебе дисквалификацияга учраган.
Дарвоқе, «Айнтрахт» айнан Дортмундда меҳмон бўлганида охирги марта 2010 йилнинг февралида ғалаба қозонган эди. Шундан буён 10 учрашувдан бери ҳатто дуранг ҳам содир бўлмаган, 5 тасида мезбонлар йирик ҳисобда ғалаба қозонишган. Шу 10 ўйиннинг 9тасида Дортмунд клуби камида 3 гол уришнинг уддасидан чиққан экан.
Франция чемпионати. 31-тур.
3 апрель (шанба)
ПСЖ – ЛИЛЛЬ
Ўйин бошланиш вақти: 20:00
ТВ-трансляция: «Матч ТВ Футбол»
Одатда, баҳоргача ички турнирларда барчасини ҳал қилиб қўядиган «ПСЖ» бу сафар «Лион» ва «Лилль»нинг рақобатига учради. Почеттинонинг соврин юта олмаслиги ҳақида ҳазиллашадиганлар бу анъана Францияда ҳам давом этиши мумкинлигини ёза бошлашганди. Аммо «Лилль» сўнгги турларда беқарор ўйнай бошлади, 6 ўйиннинг 4 тасида ғалаба қозона олмади. Натижада «ПСЖ» тўплар нисбатига кўра, Лига 1 пешқадамига айланиб олди. Лекин ушбу ўйиндаги ғалаба «Лилль»ни чемпионлик учун ҳақиқий фаворитга айлантириши мумкин. Сабаби, келаси ҳафтада «ПСЖ» учун Чемпионлар лигаси бошланади, бу эса табиийки, лига ўйинларига ўз таъсирини ўтказади. Жумладан, мана шу келаётган чоршанба куни «ПСЖ»ни «Бавария»га қарши қийин сафар кутиб турибди. Ғалаба «Лилль» учун у қадар амалга ошириб бўлмас иш ҳам эмас, зеро икки йил олдин апрелда айнан «Лилль» парижликлар устидан 5:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу мавсумдаги биринчи даврадаги ўйинда эса ҳисоб очилмаганди.
Жамоалар ўртасидаги охирги ўйин эса яқиндагина, 17 март куни Парижда бўлиб ўтганди. Франция кубоги учун баҳсда «ПСЖ» Икарди ва Мбаппенинг голлари эвазига 3:0 ҳисобида устун келганди. Кутилаётган ўйинда Икарди ҳамда Вератти, Бернат, Сарабия каби футболчилар жароҳат туфайли мезбонларга ёрдам бера олишмайди.
Италия А Серияси. 29-тур.
3 апрель (шанба)
ТОРИНО – ЮВЕНТУС
Ўйин бошланиш вақти: 21:00
ТВ-трансляция: «Futbol TV»
Сўнгги турда «Ювентус» ўз майдонида «Бонавенто»га ютқазиб қўйди ва энди пешқадам «Интер» билан орадаги фарқ 10 очкога етди. Конте жамоасининг деярли очко йўқотмаётганини эътиборга олсак, «Ювентус» учун чемпионлик пойгаси деярли ниҳоясига етди. Лекин бундан ҳам бадтар бўлиши мумкин, чунки турнир жадвалида шундай ҳолатки, биргина мағлубият Пирло жамоасини кучли тўртликдан ҳам чиқариб юбориши ҳеч гап эмас. Айтиш мумкинки, сўнгги ўн йилда биринчи марта «Ювентус» баҳорда мана шундай қийинчиликка дуч келмоқда.

«Торино» эса ўз мақсадлари йўлида бор имкониятини ишга солиши лозим. Жамоа ҳозирда хавфли зонада атиги 1 очко масофада турибди холос. Хуллас, бу учрашув дерби эканидан ташқари ҳам, жуда аҳамиятли мақомда турибди. «Торино» мезбон бўлган сўнгги 5 дерби «Ювентус»нинг ғалабаси билан тугаган, охирги 3 тасида эса меҳмонлар бир хил – 1:0 ҳисобида устун келган.
АПЛ. 30-тур.
3 апрель (шанба)
ЛЕСТЕР – МАНЧЕСТЕР СИТИ
Ўйин бошланиш вақти: 21:30
ТВ-трансляция: «UzReport TV»
Пеп Гвардиола футбол оламидаги энг максималист инсон эканини яхши билсак-да, ушбу ўйинда манчестерликлардан кўра, «Лестер»га ғалаба кўпроқ зарурлигини эътироф этиш керак. «Сити» охирги турда дербида мағлуб бўлиб, ғалабали сериясига барҳам берган бўлса-да, орада етарлича фарқ бор ва чемпионлик вақт масаласи холос. Бунинг устига, келаси ҳафтада «Манчестер Сити»ни Дортмундга қарши ЕЧЛ ўйини кутиб турибди. Гвардиола бу омилни ҳисобга олиб, таркибда бир қатор ротациялар амалга ошириши ҳам ҳеч гап эмас.
Рожерс эса ўтган йилги хатони такрорламаслик, яъни мавсум охирида яхши позицияни бой бермаслик учун бор имкониятини ишга солади. «Лестер» ҳозирча ишончли тарзда кучли учликдан жой олиб турган бўлса-да, ортда «Челси» ишонч билан таъқиб қилмоқда, шунингдек, «Тоттенҳэм», «Вест Ҳэм», «Эвертон» ва ҳатто «Ливерпуль»ни ҳам унутмаслик керак. Англияда бир он бўлса-да, бўшашишга имкон йўқ. Бундан ташқари, мезбонлар сафида жароҳатланган футболчилар бор ва уларнинг аксарияти мавсум давомида муҳим ижрочилар – Жастин, Барнс, шунингдек, бир ойдан кўпроқ вақтдан бери сафдан ташқарида бўлган Мэддисоннинг қай даражада тайёр экани ҳам маълум эмас.
«Лестер» Гвардиола жамоаси учун ўзига яраша ноқулай рақиб ҳисобланади. Хусусан, биринчи даврадаги ўйинда ҳам, эсингизда бўлса, 5:2 ҳисобида Рожерс шогирдлари устун келгандилар. Шу билан бирга «Лестер»нинг ўйин услуби қайсидир жиҳатдан ЕЧЛдаги бўлажак рақиб дортмундликларга ўхшаб ҳам кетади. Гвардиола буни ҳам эътиборга олиши ва тактик жиҳатдан қандайдир янгиликка қўл уриши ҳам мумкин.
Германия Бундеслигаси. 27-тур.
3 апрель (шанба)
ЛЕЙПЦИГ – БАВАРИЯ
Ўйин бошланиш вақти: 21:30
ТВ-трансляция: «Спорт»
Ўйин мазмунан Франция чемпионатидаги марказий учрашувга ҳам ўхшаш. Худди «ПСЖ» каби «Бавария» ҳам миллий чемпионатдаги масалани тўлиқ ҳал қилмаган, рақиб эса асосий рақобатчи – «Лейпциг». Тўғри, орада 4 очколик фарқ бор, яъни, «редбулчилар» ғалаба қозонган тақдирда ҳам, пешқадамга айланиб олишмайди, лекин чемпионлик пойгаси қай тариқа ва қачонгача давом этиши ҳақидаги саволларга айнан шу тўқнашув жавоб беради.

Рақибларнинг Бундеслигадаги сўнгги ўйинлари ҳам бугунги ўйин анча шиддатли ўтишидан дарак – охирги 4 ўйин дуранг билан тугаган. Биринчи даврадаги учрашув эса голлар шоусига айланиб кетганди – 3:3.
Фақат, ҳар икки томон таркибидаги бир қатор жароҳатлар, уларнинг етакчи футболчилар экани ўйинга соя солиши мумкин. Айниқса, Роберт Левандовскининг бир ой муддатга сафдан чиққани меҳмонлар учун катта йўқотиш. Мезбонлар сафида эса Анхелиньонинг йўқлигини алоҳида таъкидлаш керак. Шунингдек, Кампльт «Арминия»га қарши ўйинда сарик карточка олиб, дисквалификацияга учраган. Балким, мураббийлар ихтиёрида керакли футболчиларнинг йўқлиги, аксинча, уларнинг қандайдир тактик қолиплардан чиқариб, учрашувнинг янада очиқроқ ва қизиқарлироқ ўтишини таъминлар...
АПЛ. 30-тур.
3 апрель (шанба)
АРСЕНАЛ – ЛИВЕРПУЛЬ
Ўйин бошланиш вақти: 23:55
ТВ-трансляция: «Futbol TV»
«Ливерпуль» «Арсенал»га қарши охирги 4 сафар ўйинида ғалаба қозона олмаган бўлса-да, айнан ҳозирги кунларда учрашувнинг «Энфилд»да бўлмаётгани кўпроқ Клопп жамоаси ва унинг мухлисларига умид бахш этаётган бўлса керак. Зеро «Ливерпуль» охирги 7 ғалабасини Ливерпулдан ташқарида нишонлади, ўз майдонида эса охирги марта ўтган йилнинг декабрида уч очкога эга бўлганди. Балки миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус ниҳоят «Ливерпуль»нинг бу нохуш анъанасига чек қўйишда баҳона бўлар?

Аслида агар ғалабадан бошқаси қониқтирмайдиган пайт учун «Арсенал» анча ноқулай рақиб. Лондонликлар айниқса Артета қўл остида иккинчи рақамда ўйнашни анча яхши ўзлаштириб олишган. Бунинг устига охирги Лондон дербиларидаги ирода ҳам «Арсенал»га қанот бўлиши ҳеч гап эмас. «Арсенал» «Тоттенҳэм» устидан иродали ғалабага эришган бўлса, «Вест Ҳэм» билан ўйинда 0:3дан қутулиб қолди. Гол уришда қийналаётган «Ливерпуль» учун «тўпчилар» етарлича синов бўлишлари турган гап.
Таркибларга келсак, мезбонларда Луиз йўқ, шунингдек, Смит Роу ва Жакаларнинг майдонга тушишлари сўроқ остида қолмоқда. «Ливерпуль» бу борада яхшироқ аҳволда, биз билган узоқ муддатли жароҳатлардан ташқари, ортиқча йўқотишлар йўқ. Сўнгги ўйинлардан келиб чиқсак, Фирминонинг ўрнига Жотанинг тушиши ёки Фабиньонинг майдон марказига қайтиши кутиляпти.
Шу билан бирга Клопп жамоаси уч кун ўтиб, Мадридга сафар қилишларини ҳам унутмаслик керак. Нима бўлгандаям, Чемпионлар лигаси «Ливерпуль»га мавсумни қутқариб олиш имкониятини берадиган охирги турнир.
Испания кубоги. Финал.
3 апрель (шанба)
АТЛЕТИК – РЕАЛ СОСЬЕДАД
Ўйин бошланиш вақти: 00:30
ТВ-трансляция: «Матч ТВ»
Қизиқ ҳолат, «Атлетик» январда «Барселона» устидан ғалаба қозониб, Испания суперкубогини қўлга киритиб бўлган, лекин ўша суперкубокда қатнашиш имкониятини тақдим этган турнир энди якунланади. Пандемия туфайли ўтган мавсумдаги Қироллик кубоги финали кечиктирилиб, бугунга белгиланган эди. Янаям қизиғи, икки ҳафта ўтиб, «Атлетик» яна бир финалда – айнан шу турнирнинг 2020/21 мавсуми ғолибини аниқлаш учун ҳам майдонга тушади. 18 апрель куни бильбаоликлар «Барселона» билан тўқнаш келадилар. Хуллас, бу йили бир совринни ютиб бўлган «Атлетик» яна икки кубокни боши узра кўтариши мумкин.
«Сосьедад» учун ҳам бу ўйиннинг аҳамияти жуда катта. Клуб охирги марта бундан 34 йил олдин Испания кубогини қўлга киритган ва бу соврин сосьедадликлар учун охиргиси бўлиб турибди. Жуда кўп таниқли футболчилар тўп сурган ва айниқса, сўнгги йилларда анча барқарор натижалар қайд этаётган жамоа учун Испания кубоги соврини жуда ажойиб мукофот бўлар эди.
Бундан ташқари, ҳар икки клуб ҳам Баскониядан, яъни ҳам финал, ҳам дерби. Шиддат ва қизиқарлилик борасида бу қарама-қаршилик Андалусия ва ҳатто Мадрид дербисини ҳам ортда қолдиради.
Германия Бундеслигаси. 27-тур.
4 апрель (якшанба)
УНИОН – ҲЕРТА
Ўйин бошланиш вақти: 21:00
ТВ-трансляция: «Спорт»
2013 йилнинг февралида иккинчи Бундеслига доирасида бўлиб ўтган Берлин дербисини 75 мингга яқин томошабин стадиондан кузатган ва бу турнирнинг рекордига айланганди. Умуман Берлин дербиси Германиянинг ўзига хос, тарихий тўқнашувларидан биридир. Қизиғи, 90-йилларгача, яъни Германия бирлашувидан аввал «Ҳерта» ғарбий Германияни, «Унион» эса шарқни тамсил этарди. «Унион»нинг қизиқ тарихи бор. ГДРда Берлиннинг «Динамо» клуби кўпроқ ҳукумат томонидан қувватланар, жумладан, 80-йилларда ўн маротаба мамлакат чемпиони бўлганди. «Унион» эса Берлин дербисида «Динамо»га қаршилик қилгани учун кўпроқ, ҳукуматга қарши кайфиятдагиларнинг севимли жамоасига айланиб қолганди. Балки шунинг учун ҳам, бирлашувдан сўнг, айнан «Унион» Берлинда кўпроқ ҳурмат қозонади ва «Ҳерта» билан дерби мақомидаги бир қатор ўртоқлик ўйинларида майдонга тушади.
«Унион»нинг Бундеслигага қайтиши Берлин дербисини ҳам футболга қайтарди. Сўнгги йилларда «Ҳерта» кучли ҳисобланиб келган бўлса-да, ушбу мавсумда вазият ўзгарди – «Унион» еврокубок ўринлари учун курашаётган бўлса, «Ҳерта»нинг аҳволи оғир. Пал Дардаи шогирдлари хавфли зонадан атиги 1 очко масофада, 14-ўринда бормоқдалар.
Ҳам тарихийлиги, ҳам турнир жадвалидаги ҳолат бўйича, албатта, ўзига яраша эътиборга арзигулик ўйин.
Германия Бундеслигаси. 27-тур.
4 апрель (якшанба)
СЕВИЛЬЯ – АТЛЕТИКО
Ўйин бошланиш вақти: 23:55
ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReportTV»
Кутилмаганда чемпионлик курашида имкониятга эга бўлиб қолган «Реал» ва «Барселона» мухлислари биргаликда бор умид билан «Севилья»га мухлислик қилишса, ажаб эмас. Икки хонали сонлар атиги 4 очкога айланди ва яна бир қоқилиш рўй берса, «Барселона» бир ўйин масофасига келиб қолади. Ҳали «Камп Ноу»да ўзаро учрашув кутиб тургани, 15 ўйиндан бери, ютқазмай келаётган, президентлик сайловларидан сўнг анча ижобий кайфиятга кириб қолган «Барселона»нинг шаштидан келиб чиқсак, «Атлетико»да босим катта. Симеоне шогирдларини Андалусияда икки сафар ўйини кутиб турибди. Имкон борича «Севилья» ва «Бетис»га қарши ўйинларда ғалаба қозониш шарт.

«Севилья» 10 очколик фарқ билан 4-ўринга мустаҳкам жойлашиб олган бўлса-да, бутун дунё кузатиб турган ўйинда чемпионат масаласини ҳал қилишга қизиқади, албатта. Айниқса, «Атлетико»га қарши 6 ўйиндан иборат ғалабасиз серия ҳам Лопатеги жамоасига қўшимча мотивация берса ажаб эмас.
Чемпионлар Лигасида «Челси»га деярли қаршилик кўрсата олмаган ва Ла Лигада деярли ютилган совринни хавф остида қолдирган жамоанинг руҳияти билан Симеоне жиддий шуғулланишга мажбур. Севильядаги мағлубият бу вазифани анча осонлаштиради.
Бошқа ўйинлар:
3 апрель (шанба)
МИЛАН – Сампдория (15:30), ЧЕЛСИ – Вест Бромвич (16:30), ЖЕНОА – Фиорентина (18:00), ЛАЦИО – Беневенто (18:00), РЕАЛ – Эйбар (19:15), Болонья – ИНТЕР (23:55).
4 апрель (якшанба)
Ньюкасл – ТОТТЕНҲЭМ (18:05), МЮ – Брайтон (23:30)
5 апрель (душанба)
БАРСЕЛОНА – Вальядолид (23:55) .