Украина Patriot тизимлари ва танклар сўради. НАТО ёрдам ваъда қилди, аммо бошқача тарзда
Украина мамлакат фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун Patriot русумли ракетага қарши тизимлар ҳамда Россияга қарши курашишда Ғарб типидаги танкларга жуда муҳтож. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба НАТО саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Саммит якунига кўра, альянс аъзолари Киевни тўлиқ қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқлади, бироқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёки танклар етказиб бериш ҳақида ҳеч қандай баёнот берилмади.
2022 йил октябр ойи бошидан буён Россия Украинадаги фуқаролик объектларини мунтазам равишда ўққа тутиб келмоқда, бунинг натижасида мамлакат аҳолиси электр, иссиқлик тизими, алоқа ва сувнинг тез-тез ўчирилиши шароитида яшашга мажбур бўлмоқда. Қишда ҳаво ҳарорати кескин пасайиши билан бу ҳолат анча жиддий муаммога айланиши мумкин.
Киев Россия ҳарбийларининг мамлакат энергетика тизимига янги ҳужум бошлашидан хавотирланмоқда, шу боис Кулеба Германия Украинага Patriot тизимларидан фойдаланишга рухсат беришига умид билдирди. Берлин шу турдаги тизимларни Полшага, унинг ҳудудига иккита ракета қулагандан сўнг етказиб берганди.
«Бизнинг илтимосимиз оддий: Patriot’ларни имкон қадар тезроқ беринг, чунки тинч аҳоли ва муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш учун Украинага бу тизим керак. Бу ҳужум қуроли эмас», деган Украина ташқи ишлар вазири.
Шунингдек, у Украина қуролли кучлари Россия армиясига муваффақиятли қаршилик кўрсатиш учун Ғарб типидаги танкларга эҳтиёжи борлигини айтиб ўтган.
Ғарб ҳарбий экспертлари фикрича, Россия фронтда зирҳли техника бўйича устунликка эга, чунки уларда совет давридан қолган катта захиралар мавжуд. Украина жанг майдонида жуда кўп рус танклари ва бошқа техникаларини қўлга киритишга муваффақ бўлди, аммо ҳозирда ҳужум қуроллари соҳасида барибир Россия билан тенгликка эриша олмайди.
«Бизга зирҳли техникалар, айниқса қишда фойдаланиш учун гусеник занжирли техникалар керак. Шунингдек, бизга НАТО типидаги танклар ҳам керак ва бу қарор (қуролларни етказиб бериш қарори) имкон қадар тезроқ қабул қилиниши лозим», деган Кулеба.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, ўз навбатида, алянснинг ҳозирги асосий вазифаси Украинага Россия устидан ғалаба қозониши учун ёрдам бериш эканини айтди. Саммитда иштирок этган барча ташқи ишлар вазирлари ҳарбий, иқтисодий, молиявий ва гуманитар масалаларда бутун кучларни Украинани қўллаб-қувватлаш учун сафарбар қилишга ваъда берди.
«Уларни шунчаки жанг майдонига юбориш мумкин эмас»
Шу билан бирга, саммитда Украинага танклар ёки Patriot тизимлари етказиб бериш бўйича аниқ ваъдалар берилмади.
24 ноябр куни Германия Полшага юбораётган Patriot тизимлари фақатгина НАТО ҳудудида фойдаланиш учун мўлжалланганини маълум қилди. Кулеба ўз нутқида Киев Берлин билан Patriot комплексларини Украинага етказиб бериш бўйича музокараларни давом эттиришини айтди. Украиналиклар бу тизимлар орқали ўз ҳудудини рус ракеталаридан ҳимоя қилишни кўзлаган.
АҚШ мудофаа вазирлиги матбуот котиби Пат Райдер Вашингтон Украинага Patriot тизимлари ва танклар етказиб беришни ҳозирча режалаштирмаётгани, аммо бу борадаги муҳокамалар давом этаётганини айтди.
«Patriot тизимлари, М1 танклари ёки замонавий қирувчилар каби кучли қуроллар ҳақида гап кетганда шуни айтиш керакки, уларга муҳим техник ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизими керак. Уларни ишлатиш учун ҳарбийларни ўқитиш лозим. Ушбу қуролларнинг ҳеч бири «ёқ ва ишлат» усулида ишламайди. Уларни шунчаки жанг майдонига юбориш ва фойдаланишни бошлаш мумкин эмас», дея тушунтирган Райдер Пентагондаги брифингда.
Райдер, шунингдек, Украинага Patriot тизимларини бошқа давлатлар томонидан юбориш масаласи уларнинг суверен ҳуқуқи эканлигини, аммо Вашингтон бу қарор НАТOдаги барча иттифоқчилар билан муҳокама қилинганидан кейингина қабул қилинишига умид билдиришини айтди.
29 ноябр куни Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Patriot тизимларини Украинага етказиб бериш бўйича музокаралар ҳақидаги хабарларга жуда кескин муносабат билдирди. У НАТOни «жиноий ҳамжамият» деб атади ва ўзининг телеграмдаги каналида «Агар НАТО украиналикларни Patriot тизимлари билан бирга шахсий таркиб билан ҳам таъминласа, улар дарҳол қуролли кучларимиз учун қонуний нишонга айланади», деб ёзди.
Хабарда Медведев нишон дея ким ёки нимани назарда тутгани аниқ эмас. Нишон Patriot тизимлари, Украина қўшинлари ёки НАТО ходимларидан қайси бири экани номаълум.
Совет қуроллари
АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен CNN телеканалига НАТО давлатлари Украина армиясида ишлатилувчи совет типидаги қуроллар учун ўқ-дорилар ишлаб чиқаришга сармоя киритиш ниятида эканини тасдиқлади. Бу орқали, Вашингтон ўқ-дорилар тақчиллигини қисман қопламоқчи.
«Биз улар (Украина армияси) ўзларига зарур нарсага эга бўлувчи ва янада самаралироқ бўлувчи барча вариантларини кўриб чиқмоқдамиз. Бундай вариантлардан бири Украина қуролли кучларида ўнлаб йиллар давомида хизмат қилган совет давридаги қуроллар ва тизимлар учун ўқ-дорилар етказиб беришдир. Бу баъзи ҳолларда узоқ вақт давомида ишлаб чиқарилмаган нарсани қайта ишлаб чиқариш кераклигини билдиради», дейди Блинкен.
The New York Times газетаси 27 ноябр куни, алянс аъзолари совет давридаги артиллерия снарядларини ишлаб чиқаришни қайта бошлаш учун Чехия, Словакия ва Болгариядаги эски заводларга сармоя киритишни муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берди.
НАТOга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари саммити Бухарестда бўлиб ўтди ва икки кун давом этди.
Саммит натижаларидан сўнг, Кулеба алянснинг Украинани ташкилотга қабул қилмаслик тўғрисидаги 2008 йилги қарорини стратегик хато деб атади ва мамлакатнинг ҳозирги аризасини кўриб чиқишни уруш охиригача қолдирмаслик кераклигини таъкидлади.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинанинг алянсга аъзо бўлиш истагини кўриб чиқишнинг зарурий шарти унинг урушдаги ғалабаси бўлиши ва ҳозирда барча саъй-ҳаракатлар шунга қаратилиши кераклигини айтди.