Ўзбекистон | 08:42 / 17.09.2018
67039
2 дақиқада ўқилади

UzCard ишламаяпти. Тизимдаги носозлик қачон бартараф этилади?

UzCard банклараро тўлов тизими ҳамон ишламаяпти. Тизимда 15 сентябрь куни соат 18:52да жиддий носозлик юзага келганди ва бу муаммо икки кун ўтиб ҳам бартараф этилмади.

Kun.uz мухбирлари UzCard тизими ягона алоқа марказига қўнғироқ қилишди. У ердан маълумот беришларича, тизим ҳали ишламаган, ишга тушганда мижозларга SMS хабарнома юборилади. 

Шу билан бирга, оператор тизимдаги носозликлар бугун, 17 сентябрь куни бартараф этилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди. 

UzCard тизими ишдан чиқиши Ўзбекистондаги 18 миллиондан ошиқ пластик карта муомаласига таъсир кўрсатди. Марказий банк маълумотларига кўра, 2018 йилнинг январь—август ойларида тўлов терминаллари орқали 39,2 триллион сўм пул тушган. Бу эса кунига ўртача 160 миллиард, соатига ўртача 6,7 миллиард сўм дегани. 

Айни вақтда муаммо сабаби ҳамон аниқ айтилмаяпти. UzCard тарқатган маълумотда фақат марказ мутахассислари томонидан тизимни ишга тушириш учун барча зарур чора-тадбирлар олиб борилаётгани маълум қилинган. Пул маблағларига тегишли барча маълумотлар хавфсиз ҳолатда сақланмоқда, дейилган UzCard’нинг 16 сентябрь кунги хабарида.

 

 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид