Ўзбекистон | 09:56 / 11.01.2022
7228
4 дақиқада ўқилади

COVID-19 яна авж ола бошлади: карантин кутилмаяпти, лекин барча тиббий ниқоб тақишга ўтиши керак

Барча жамоат жойлари ёпилиб, қатъий карантин жорий этилмайди. Лекин фуқаролар тиббий ниқоб тақиш режимига амал қилишларига тўғри келади.

Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Зайниев иштирокида ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Хуршид Очилов

Х.Очиловнинг айтишича, янги йил таътилларидан сўнг коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари бутун республикада, жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам орта бошлаган. Самарқанддаги махсус шифохонада айни пайтда аҳволи ўртача оғирликдаги ва оғир бўлган 164 нафар касаллар даволанишмоқда.

COVID-19 касаллигининг қайта авж олишига бош сабаб қилиб янги йил байрами таътил кунларида фуқаролар ижтимоий масофага риоя қилмагани, оилавий йиғинлар ва тадбирларда кўпроқ иштирок этишганини кўрсатишган.

Суҳроб Зайниев фуқаролар касалликка чалинганда ваҳимага берилмасликларини сўради. Энг муҳими уй шароитида турли уколлар ва дорилар билан касалликни даволашга уринмаслик кераклиги уқтирилди.

Суҳроб Зайниев

«Коронавирус инфекцияси билан зарарланган фуқароларни даволаш учун ССВ томонидан махсус протокол ишлаб чиқилган бўлиб, ўзбошимчалик билан даволаш курсларини бошламасдан, қатъий ўша протокол йўналишда даволаш талаб этилади», — деди С.Зайниев

Бунинг учун энг аввало оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишлари керак. «102» рақамига қўнғироқ қилинса, коронавирус билан касалланган беморларга хизмат кўрсатувчи махсус бригада хонадонга бориши айтилди.

Махсус штаб телефон рақами: (66) 234-99-48

С.Зайниев эпидемия яна авж оладиган бўлса, вилоятдаги 7 та шифохонада 2800 ўринли койка захираси яратилгани, 3 ойлик дори-дармонлар захираси яратилганини ҳам айтиб ўтди. Франциядан келтирилган, замонавий кислород станциялари ҳам хизматга шай экан.

3-сон туғуруқ мажмуасида коронавирус инфекциясига чалинган ҳомиладор ва туғруқ арафасидаги аёлларни даволовчи махсус бўлим ишга туширилгани эълон қилинди.

Шунингдек, вакцина билан эмланганига 6 ойдан ошган беморлар бустер вакциналар билан эмланиши ҳам наф бериши эслатиб ўтилди.

Биргина рақам: Самарқанд вилоятида турли вакциналар билан эмланганидан сўнг ҳам коронавирус юқтирган 1313 нафар бемор қайд этилган бўлиб, уларнинг бор-йўғи 4 нафари оғир аҳволга тушган. Ҳеч ким ўта оғир аҳволга тушмаган ва вафот этмаган.

Айни пайтда вилоятда 523 мингдан зиёд ўзбек-хитой вакцинаси захираси мавжуд. Ҳафтанинг якунига қадар Moderna ва Pfizer вакциналари келтирилиши режалаштирилган. 

Вилоят СЭО ва ЖСМ (СЭС), Самарқанд шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиника, 2-, 4- ва 12-оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекцияси юқтирилганини аниқлаб берувчи ПЦР-тест лабораториялари хизмат кўрсатмоқда.

Вилоят санитария эпидемиология осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги маркази мутахассиси Зойир Мўминовнинг маълум қилишича, Самарқандда ҳали омикрон штамми аниқланмаган.

Зойир Мўминов

Коронавирусга қарши курашиш республика махсус комиссиясининг тавсиясига кўра, фуқаролар касаллик авж олмаслиги учун санитария-гигиена қоидаларига амал қилишлари лозим бўлади. Жумладан:

  1. Кўчаларда ва жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш;
  2.  Бино ва иншоотлар ичида, бекатларда ижтимоий масофани сақлаш;
  3. Зарарсизлантирувчи воситалар (антисептиклар)дан фойдаланиш;
  4. Оммавий тадбирларда иштирокни кескин қисқартириш.

Вилоят ҳокими ўринбосари Х.Очиловнинг айтишича, кескин карантин жорий этилиши эҳтимоли кам. Лекин эҳтиёткорликни унутмаслик кераклиги ҳақида халқимизни огоҳлантириб қўйиш журналистлардан сўралди.

«Чунки бунинг иқтисодиётга зарари жуда катта бўлади. Фақат, фуқароларимиздан ўзининг ва атрофидагиларнинг саломатлигини ўйлаб, ниқоб тақиши, антисептиклардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлашларини илтимос қилиб сўраб қоламиз», — деди у.

 Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид