Ўзбекистон | 17:00 / 12.09.2017
399876
2 дақиқада ўқилади

Видео: Ҳоким мактаб директорларини урди

Kun.uz таҳририятига Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида август ойи охирида рўй берган ҳодиса видеоси юборилди.

Бу видеода Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Маҳмудович Эгамбердиев тумандаги мактабларнинг директорларини йиғиб, уларни бир қаторга терган ҳолда калтаклагани тасвирланган.

Туман ҳокимининг сўзларидан англаш мумкинки, мактаб директорлари Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб келмагани учун жазоланишган.

«Бечора районо мудирини итдек қиламан, аслида сен ҳам айбдор. Нега районингни ҳурмат қилмайсан?», дея бақиради ҳоким.

У директорлардан бирининг юзига уриш баробарида «Ватан мустақиллиги сенинг мустақиллигинг эмасми? Байраммасми?» дея сўроққа тутиб, ҳақоратлашни давом эттиради.

Kun.uz манбасининг маълумотига кўра, туманда Мустақиллик байрами аввалига 25 август кунига белгиланганди, кейин байрам куни 27 августга қолдирилган. Мактаб директорларининг айримлари байрам учун йиққан одамларини 27 август куни ҳам такроран байрам ҳудудига олиб кела олишмаган, айримлари байрам қайси кунга қолдирилганидан бехабар ҳам бўлишган. Натижада 27 август куни байрамда томошабин кам бўлган. Вилоят ҳокими эса байрам юқори савияда ташкиллаштирилмаган, деб Носиржон Эгамбердиевга хайфсан берган. Шундан сўнг, туман ҳокими мактаб директорларидан «аламини олган».

Эслатиб ўтамиз, Носиржон Эгамбердиев Сайхунобод туманига 2016 йилнинг октябрида ҳоким этиб тайинланганди. У бунгача Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Kun.uz таҳририяти тегишли давлат идоралари, хусусан, Ўзбекистон республикаси бош прокуратураси ва Халқ таълими вазирлиги бу ҳолатга эътибор қаратиб, фуқароларнинг поймол этилган ҳуқуқлари тикланиши учун иш олиб боришини сўрайди.

Мавзуга оид