Жамият | 10:43 / 25.09.2024
16688
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда одамлар устига Captiva ҳайдаган эркак қамалди. Унинг машинаси эса мусодара қилинган 

Сайхунобод туманида футбол майдонида одамлар устига машина ҳайдаган ҳайдовчи 4,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Унинг Captiva машинаси эса жиноят қуроли сифатида топилиб, давлат фойдасига мусодара қилинган. Эркак судда ҳаммадан узр сўрашини билдириб, ўзига охирги имконият беришни сўраган.

Фото: Видеодан кадр

2024 йилнинг 29 май куни Сайхунобод туманида маст эркак Captiva’ни стадионга бошқариб тушиб, атрофдагиларнинг ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда машинани одамлар устига ҳайдаб борган эди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277 - моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи тегишли тартибда қамоққа олинган ҳамда машина жарима майдончасига жойлаштирилганди.

Ушбу шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Бу кун” информацион дастурида маълум қилинди.

Ҳайдовчи судда кечирим сўраб, қайтиб одамлар тўпланган жойларга бормаслигини билдирди.

Иккинчи айланган вақтимда машинамнинг бурчаги бир болага тегиб кетди. Кейин шунча воқеа бўлди, таваккал дедим-да, стадион дарвозасига қараб ҳайдадим. Ўша орада машинани тошбўрон қилишди. Кейин тўғри чиқиб, уйимга кетдим.

Ҳаммадан узр сўрайман, тавба қилдим. Энди умуман одам йиғилган жойга, тўйга ҳам бормайман, ваъда бераман. Охирги имконият беришингизни сўрайман”, деган у. 

Судда даъвогарлар ундан шикояти йўқлигини билдирган. Бироқ эркакнинг машинаси олд қисми билан икки нафар шахсни туртиб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетгани оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланган. Суд ҳукми билан эркакка 4 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони қаттиқ тартибли калонияда ўташ белгиланган.

Шунингдек, суд ҳукми билан Captiva машинаси жиноят қуроли деб топилган ва давлат фойдасига мусодара қилинган.

Қайд этилишича, мазкур шахс муқаддам ҳам безориликда айбланиб, судланган. Ўшанда унга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Бироқ эркак озодликни чеклаш талабларини бузгани учун ушбу жазо озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган бўлган.

Мавзуга оид