Иқтисодиёт | 20:33 / 19.04.2023
79056
8 дақиқада ўқилади

Халқаро молиявий ҳакерлар 3та ўзбек банкидан миллионлаб доллар ўмарган бўлиши мумкин

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Инфинбанк, Асакабанк ва Анорбанкдан ҳакерлик ҳужумлари натижасида жами 7 млн долларга яқин пул ўғирланган бўлиши мумкин, дея хабар берди BBC ўзбек хизмати. Бу фирибгарлик ишида 200 га яқин ўзбекистонлик жабрланувчига айлангани, 16 киши терговга жалб этилгани айтилмоқда.

Фото: Corbis/ All Over Press

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда банк тизимининг ривожланиши ортидан молиявий фирибгарлик ҳолатлари ҳам кўпайди. Хусусан, 2022 йил сентябрда ижтимоий тармоқларда камида учта банкка – Инфинбанк, Асакабанк ва Анорбанкка ҳакерлик ҳужумлари уюштирилгани ва миллионлаб доллар ўғирлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Банкларнинг иккитаси вазиятга расмий муносабат ҳам билдирди.

Жумладан, Инфинбанк ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни инкор этмаган ҳолда, фақатгина айтилаётган суммалар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди, аммо ўғирланган пул миқдори ҳақида аниқ маълумот бермади.

Асакабанк ҳам муносабат билдириб, бу ҳодиса мижозлар жамғармаларига таъсир қилмаслигини келтириб ўтди, ўз навбатида банк ҳисобидан 700 минг доллар ўғирлангани ҳақидаги маълумотни рад этмади.

Бир неча кун ўтиб Анорбанкдан ўғирланган пул миқдори 2 млн долларни ташкил этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Анорбанкдан муносабат бўлмади, лекин ўз телеграм каналида мижозларига пулларини ҳимоя қилишга ёрдам берадиган қоидаларни тақдим қилди.

BBC ўзбек хизматига аноним тарзда гапиришга рози бўлган шахснинг айтишича, россиялик ҳакерлар Ўзбекистондаги бир нечта банкларнинг кибер-хавфсизлик тизимларини бузиб кириб миллионлаб доллар ўғирлашган. Унга кўра, бунга улар оддий ўзбекистонликларни жалб қилиб, уларнинг банк карталаридан фойдаланган. Унинг ўзи ҳам бир неча марта сўроқ қилинган.

Kun.uz мазкур жиноят ишига доир саволлар билан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди, лекин ҳозирча жавоб бўлмади.

BBC суҳбатдошининг таъкидлашича, мазкур фирибгарлик ишига 200га яқин ўзбекистонлик жалб қилинган, умумий ҳисобда эса 7 миллион доллар ўғирланган бўлиши мумкин.

BBC: Сиз бу ишга қандай аралашиб қолдингиз? Ҳаммаси қандай бошланди?

Аноним суҳбатдош: — Бу иш сентябрь ойида бошланган. Ҳозирда ҳибсга олинган 16 киши тахминан 200 дан ортиқ мобил фойдаланувчиларнинг қурилмаларига ўрнатилган иловалардан пул ўтказмаларини амалга оширган. Хусусан, менинг телефонимдан фойдаланилган ҳолда, илова очилган, кейин унга пул туширилган, маблағнинг бир қисми бошқа фойдаланувчига ўтказилган, маълум қисми олиб қолинган. Кейинчалик аниқланиши бўйича, бу банкларда йўқолган пуллар экан. Буни билмаганмиз. Гувоҳ сифатида бир неча марта чақиришди. Телефонимни олган дўстим ҳам менинг айбим йўқлигини тасдиқлади.

— Дўстингиз телефонингизга илова ўрнатиб, шу орқали пул ўтказган. Бу ҳақида сиз ҳам билармидингиз?

— Дўстим ўзининг картасида лимит тугагани айтиб, менинг картам орқали пул ўтказишини айтди. Лекин пул банклардан ўғирланганини билганим йўқ. Кейинчалик аниқланиши бўйича, танишим ҳам пуллар ўғирланганини билмаган. Ўзининг фоизи учун шу ишни қилган. Мени картамга қанча пул кирган бўлса, шунча маблағ чиқиб кетган. Дўстимнинг ўзи молиявий манфаат кўрганини кейинчалик айтди. Аммо пуллар ўғирланганини билмаган.

Дўстингиз сизга ҳам қандайдир улуш бердими бу пуллардан?

— Сўраганим йўқ, ўзи ҳам бергани йўқ. Телефонинг керак дегани учун бергандим.

Ушбу схемани ўзингиз билганингизча ва тушунганингизча айтиб бера оласизми?

— Адашмасам, танишимнинг телеграмига хабар келган. Унда ўша хабарни юборган одам қанчадир пул ишлаб олиш имкониятини тушунтирган. Телефонга эса Анорбанк ва Апельсин иловаларини ўрнатиш кераклигини айтишган. Қанча пул келиб тушиши, қанчасини ўзингизга олиб қолишингиз ва қанчасини қайси картага қайта ўтказишингизни тушунтиришган.

Хабар ёзган одам Россия фуқароси эканини, ҳисоб рақамида пул борлиги, аммо ўзининг номига ўзбек карта очолмаслиги сабабли пулларини чиқара олмаётганини айтган. Шундан сўнг танишим айтилган дастурларни телефонимга ўрнатган ва пул менинг картамга келиб тушган. Сўнгра бошқа карталарга ўтказиб юборилган. Шахсан, менинг картамга 400 млндан сал кўпроқ пул келиб тушган.

Сиз ҳам терговга жалб қилингансиз. Ушбу жараёнда яна нималарни билиб олдингиз? Пуллар қаерга кетган бўлиши мумкин?

— Пулларни россиялик ҳакерлар банкларнинг хавфсизлик тизимини бузиб, карталарга чиқариб юборишган. 16 киши қамоққа олинганидан келиб чиқсак, пуллар Ўзбекистонда эмас. Тўғри улар фоиз пулини олишган, аммо асосий маблағ чиқиб кетган. Ҳаммага бу бизнинг пул, Россия фуқароси бўлганимиз учун сўм карталарда айлантира олмаяпмиз, ёрдам бер, деб ёзишган. Украина-Россия урушидан кейин, русларнинг ўз маблағларини бошқа мамлакатларга чиқариши кўпайди. Одамлар шунга ишонишган бўлса керак.

Терговга келадиган бўлсак, сентябрда бошланган. 16 киши эса бир ойча олдин, мартда ҳибсга олинди. Тергов пайтида мендан телефонимни олган шахс кимлигини, менга ким бўлишини, манфаат кўрган ёки кўрмаганимни сўрашди. Дўстим ҳозир қамоқда. Ўзи талаба эди. Менинг картамдан юборилган пул ҳам оддий, мардикор бир бола ҳисобига ўтказилган. У ҳам билмаган ҳолда бу ишларга аралашган.

Ҳозирда ҳибсда ушланиб турганлар қайси модда билан айбланяпти?

— Адашмасам, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми билан айбланяпти. Тергов сентябрда бошланган бўлса, май ойида тугаши керак. Танишимнинг ёнига фақат адвокат киришига рухсат бериляпти, оила аъзолари билан ҳам учраштиришгани йўқ. Ишни ИИВ олиб боряпти.

Мазкур жиноятга қанча одам жалб қилинган бўлиши мумкин?

— Менинг билишимча, 200 дан ортиқ одам тергов жараёнига жалб қилинган. Буни расмий равишда айтишмадию, эшитиб қолдим. Ўғирланган пуллар ҳақидаям ижтимоий тармоқдаги қайсидир каналларда чиққанди. Ўшанда умумий сумма миқдори 7 млн доллар деб айтилганди. Ҳозирда ўша каналларда бу маълумот йўқ, ўчириб ташланган.

Давом этаётган тергов жараёнидан сизнинг хавотирингиз нима?

— Тўғри, терговчилар ўзининг ишини қиляпти. Ҳеч қандай эътироз йўқ. Аммо бу ерда шаффофлик бўлиши керак. Ичкаридаги одамлар қайси модда бўйича айбланяпти, суд қачон бўлади, тергов қачон тугайди, айтилмаяпти. Банк ходимлари ҳам терговга жалб қилинган ё қилинмаганини аниқ билмайман, лекин ўша банкларнинг хавфсизлик тизимини ўрнатганлар ҳам жавобгар бўлиши шарт. Мен ҳакерлар ичкаридан одам топмай, бу ишларни қилганига ишонмайман. Кимдир ёрдам берган бўлиши керак. Албатта, бу шахсий фикрим. Ҳозирда ҳибсга олинган 16 киши асосий жиноятчилар эмас, буларга пул келиб тушган ва қайта бошқа одамга ўтказишган. Орада манфаат кўришган, лекин пул ўғирланганини билишмаган. Ўз ҳаётини қадрлайдиган одам бу ишни қилмасди, деб ўйлайман. Бош айбдорлар ҳам топилиб, жавобгарликка тортилишини хоҳлардим.

Дўстингиз моддий зарарни қопладими, яъни олган фоизини қайтариб берганми?

— Олган фоизини қайтариб берган. Бу 4 минг долларга яқин пул бўлган. Пулларнинг асосий қисми кимга кетгани ҳаммага маълум-ку. Яъни пулларнинг асосий қисмини ўғирлаганлар учун ҳам бу 16 киши жавоб бермаслиги керак. Уларни ҳам қидириб топиб жавобгарликка тортиш, ҳаммасининг ўзига яраша жазосини бериш керак деб ўйлайман.

Мана шу суҳбатга тайёрланиш жараёнида Ички ишлар вазирлиги билан боғланишга ҳаракат қилдим, бу ерда жуда ҳам ёпиқлик ва махфийлик сезиляпти. Нима учун мана шундай бўляпти, деб ўйлайсиз?

— Банклардан пул ўғирлангани ҳақида бутун оммага айтилса, банкларимизнинг хавфсизлик тизими сустлиги билиниб қолади ва яна ҳакерлик ҳужумлари уюштирилиши мумкин. 

Мавзуга оид