Тошкентда ЭКУ маркази устидан жиноят иши қўзғатилди
“Турк-Бухоро ЭКУ маркази”нинг Тошкент филиали экстракорпорал уруғлантириш усулида фарзанд кўриш истагидаги ўнлаб оилаларнинг норозилигига сабаб бўлганди. Kun.uz'нинг бу ҳақдаги материалидан сўнг ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Kun.uz 8 ноябр куни ЭКУ орқали ҳомилали бўлиш истагида бўлган бир гуруҳ аёллар “Турк-Бухоро ЭКУ маркази” Тошкент филиали томонидан алдангани ҳақида суриштирув эълон қилганди.
Корхонада таъсисчиларнинг келишмовчилиги сабаб клиника фаолияти тўхтаб қолган, уруғлантирилган эмбрионлар ва мижозлар тўлаган пуллар тақдири эса номаълум бўлиб қолмоқда.
Маълум бўлишича, ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Миробод туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тошкент шаҳар прокуратураси ахборот хизмати буни тасдиқлади.
Қайд этилишича, клиникада 49 нафар аёл билан тиббий муолажалар кўрсатиш учун ҳар бири 42,6 млн – жами 2 млрд 87,4 млн сўмлик шартномалар тузилган. Aммo муолажалар якунланмаган. Шу сабабли ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Kun.uz клиника нима учун тўсатдан ёпилиб қолгани, эмбрионлар тақдири нима бўлгани, кўрсатилмаган тиббий хизмат ҳақлари қайтариладими ёки йўқ – шуларни билиш мақсадида марказ раҳбарларига боғланишга уринган, аммо уринишлар зое кетганди.
Мавзуга оид
19:44 / 19.11.2024
Йўл қурилиши бўйича буюртма олиб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
17:26 / 08.11.2024
“Эмбрионлар қаровсиз қолиб кетди” — ЭКУ орқали фарзанд кутган аёллар алданди(ми?)
07:46 / 07.11.2024
ИИББ интернетда фирибгарликнинг янги кўриниши авж олгани ҳақида огоҳлантирди
19:06 / 01.11.2024