Жамият | 08:30 / 10.06.2019
19509
6 дақиқада ўқилади

Хивалик фермернинг ери бошқа тадбиркорга ноқонуний бериб юборилди – можаро тафсилотлари 

Kun.uz таҳририятига Хива шаҳрида истиқомат қилувчи Гулора Жуманиязова мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган фермер хўжалиги ери бошқа тадбиркорга бериб юборилгани, ҳокимлик томонидан ноҳақликка йўл қўйилгани ҳақида шикоят қилди.

Вазиятни ўрганиш учун Хива шаҳрига бориб, Гулшан-2 маҳалласи, Кўҳна Хива кўчаси 38-уйда истиқомат қилувчи мурожаатчи билан учрашдик, шунингдек, ҳокимликнинг мансабдор шахсидан изоҳ олдик.

Гулора Жуманиязова 1952 йилда туғилган, маълумоти олий, Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган, мутахассислиги – олим-агроном. Унинг оиласи 28 йилдан бери кўчатчилик билан шуғулланмоқда.

«1991 йили, жамоа хўжалиги томонидан ажратилган ерда давлатга мевали ва манзарали дарахтларнинг кўчатларини етиштириб бериш билан шуғуллана бошладик. 2004 йили «Абдушариф боғбон» фермер хўжалигини ташкил қилдик. Ҳозир унга ўғлим Умар Атаев раҳбарлик қиляпти. Хива тумани ҳокимлиги қарори билан бизга Дашёқ қишлоғи, Гулшан маҳалласи ҳудудидан 3,8 га ер ажратиб берилди. Шу вақтдан бошлаб, вилоят аҳолиси ва фермерлари учун мевали ва манзарали дарахтларнинг кўчатларини етиштириб, аҳоли эҳтиёжини таъминлаб, туман ҳокимлиги томонидан қўйилган талабларни бажариб келяпмиз. Бундан ташқари, мурувват уйлари, ногиронлар уйи, сиҳатгоҳлар ва кам таъминланган оилаларга кўчатларни беминнат, хайрия асосида етказиб берганмиз», - дейди Гулора Жуманиязова.

2019 йил март ойида «Абдушариф боғбон» фермер хўжалигига тегишли бўлган ернинг бир қисмида «Хоразм Ғунча» МЧЖ томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Кейинчалик маълум бўлишича, Хива шаҳар ҳокимлиги 2018 йил 21 июлда фермер хўжалигига тегишли бўлган ернинг бир қисмини «Хоразм Ғунча» МЧЖга ажратиш ҳақида 1246-сонли қарорини чиқарган.

«2019 йил март ойида фермер хўжалигимизга тегишли бўлган ернинг 1,7 га майдонида тадбиркор Жамшид Рўзметов томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Боғ атрофидаги деворлар бузилди, кўчатлар узиб ташланди. Хива шаҳар ҳокимлиги мулозимлари бу ерда гидропоника технологиясига асосланган иссиқхона қурилишини, боғдаги мулкни баҳолатиб, ҳужжатини тақдим қилишим кераклигини, бизга эса компенсация тўлаб берилишини айтишди. Ажабланарлиси шундаки, бу ернинг фермер хўжалигимизга тегишли экани ҳақидаги қарор ўз кучини йўқотмаган, уни ҳеч ким бекор қилмаган эди», - деди Гулора Жуманиязова.

Шундан сўнг, «Абдушариф боғбон» фермер хўжалиги раҳбари Умар Атаев томонидан 1,7 га майдондаги экинлар, дов-дарахтлар баҳолаш фирмасида баҳолатиб олинган. Уларнинг қиймати 88,6 миллион сўм экани аниқланган.

«Ер давлатники, уни қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлса, бўйсунишга мажбурмиз деган хулосага келиб, мулкимизни баҳолатиб олдик. 88,6 миллион сўм экани аниқланди. Бироқ, Хива шаҳар ҳокимлиги бундай миқдордаги компенсацияни тўлашга маблағ йўқлигини, ердан фойдаланишда давом этишимиз мумкинлигини маълум қилди. Аммо еримиз ҳудудида қурилиш ишлари тўхтатилмади. Натижада, ердан ҳам, мулкимиздан ҳам қуруқ қолсак керак, деб ўйладик. Шундан сўнг, прокуратурага мурожаат қилдик», - деди Умар Атаев.

Хива шаҳар прокуратураси Хива шаҳар ҳокимининг 2018 йил 21 июлдаги 1246-сонли қарорини Ер кодексининг 23, 24-моддалари, шунингдек, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси талабларига зид равишда қабул қилинганини аниқлаб, бу қарорни бекор қилиш ва қонунга мувофиқлаштириш ҳақида 2019 йил 18 май куни протест киритган.

Мурожаатни ўрганиш ва мақолани тайёрлаш жараёнида Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан бу протест қаноатлантирилиб, 2018 йил 21 июлдаги 1246-сонли қарори бекор қилингани маълум бўлди.

Вазият бўйича Хива шаҳар ҳокимининг иқтисодий ва тадбиркорлик масалалари бўйича 1-муовини Қувондиқ Ҳасановдан изоҳ олдик.

«Бу воқеадаги чалкашликлар 2017 йилда Хива шаҳар ва тумани чегараларининг ўзгариши билан боғлиқ. Ўша пайтдаги қарорга кўра, Хива туманининг Гулшан маҳалласи ҳудуди шаҳарга киритилди. 2018 йил 21 июлда Хива шаҳрининг собиқ ҳокими Эркин Яқубов томонидан «Абдушариф боғбон» фермер хўжалигига тегишли бўлган ернинг бир қисмини «Хоразм Ғунча» МЧЖга бериш ҳақида қарор чиқарилган. Тан олиш керак, бунда фермер хўжалигининг ери давлат захирасига қайтарилмасдан туриб, бошқа тадбиркорга берилгани хато эди.  Прокуратура бу қарорга протест киритганидан сўнг, ҳокимликнинг бу қарори бекор қилинди. «Абдушариф боғбон» фермер хўжалигининг ерга эгалик қилиш ҳуқуқи тикланди», - деди Қувондиқ Ҳасанов.

«Абдушариф боғбон» фермер хўжалиги раҳбари Хива шаҳар ҳокимлиги топшириғига кўра, 1,7 га ер майдонидаги мулкини, дов-дарахтлар, экинлар қийматини баҳолатиб олган. Бунга 1,2 миллион сўм сарфлаган. Мулк қиймати 88,6 миллион сўм экани аниқланган. Нима учун фермер хўжалиги ери қонуний асосда давлат захирасига қайтарилмади, унинг мулки учун компенсация тўланмади?

«Ҳа, дарҳақиқат шундай қилмоқчи эдик. Аммо Хива шаҳар ҳокимлигида бунча миқдордаги компенсацияни тўлаш имконияти йўқ. Энди бу вазиятда фермер билан тадбиркорни муросага келтириш, юзага келган вазиятнинг томонлар учун мақбул ечимини топишда кўмаклашишга ҳаракат қиламиз», - деб жавоб берди Қувондиқ Ҳасанов.

Ҳозирги вақтда ер қонуний эгасига қайтарилди, унинг ҳуқуқи тикланди. Аммо 1,7 га майдонда олиб борилаётган қурилиш ишлари тўхтатиладими? Буни билмаймиз.

Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Ҳокимлик томонидан шошма-шошарлик ва лоқайдлик билан, ноқонуний чиқарилган қарор натижасида, бу ҳудудда катта маблағ сарфлаб, қурилиш ишларини бошлаб қўйган тадбиркорнинг аҳволи қандай бўлади? Ҳозирча бу саволнинг жавоби ҳам мавҳумлигича қолмоқда.

Афсуски, мансабдор шахсларнинг иш фаолиятидаги қўпол хатолари мана шундай оқибатларни келтириб чиқарган.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид