Ўзбекистон | 11:37 / 23.02.2024
26442
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари нисбатан совуқ об-ҳаво сақланиб туради

Ўзбекистон бўйича 23-25 феврал кунларига об-ҳаво прогнози эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Бугун ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво ҳарорати меъёрдан 3-5 даражага паст бўлган нисбатан совуқ об-ҳаво сақланиб туради.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, кечалари -0...-5 даража, баъзи жойларда +2 даражагача, кундуз куни 23 февралда +2...+7 даража, 24-25 февралда +0...+5 даража атрофида бўлади. Шимолда кечалари -7...-12 даража, кундуз кунлари +0...+5 даража бўлади.

Бугун, 23 февралда республика ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилоятида баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

24-25 феврал кунлари республиканинг аксарият ҳудудларида вақти-вақти билан асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди.

Тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қор ёғади. Қор кўчиши хавфи бор.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади. Шамол 7-12 м/с тезликда эсади, 24-25 февралда 15-18 м/с гача кучайиши мумкин.

Йўлларда баъзи жойларда яхмалак кузатилади.

Пойтахтда бугун кундузи вақти-вақти билан бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Ҳарорат +3...+5 даража бўлади.

Шанба куни вақти-вақти билан қор ёғади. Шамол ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси -1...+1 даража, кундузи +1...+3 даража бўлади.

Якшанба куни бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси -3...-5 даража, кундузи +2...+4 даража бўлади.

Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол 3-8 м/с тезликда эсади.

Мавзуга оид