Light | 12:15 / 31.03.2020
87469
4 дақиқада ўқилади

Уйда антисептик гелни қандай тайёрлаш мумкин?

Бутун дунё пандемия исканжасида бўлган ҳозирги вақтда гигиенага риоя қилиш зарурати юқори. Бот-бот такрорланаётган талаб — қўлларни тоза тутишни таъминлашда ёрдам берувчи антисептик гелни уй шароитида қандай тайёрлаш мумкинлигини қуйида билиб олишингиз мумкин.

Фото: Shutterstock

Антисептик гел таркиби қандай бўлиши керак?

Антисептик таъсир кучига эга бўлиши учун унинг энг камида 60 фоизини спирт ташкил қилиши лозим. Спиртнинг шу нисбати билангина антисептик самара кўрсатади: вирусларнинг тери тўқималарига ўрнашиб олишига имкон берувчи ёғ қобиғини ёриб ўтади.

Ароқ ва шу каби спирт сақловчи маҳсулотлар бунда тўғри келмайди, Чунки уларда спирт нисбати етарли даражада юқори эмас.

Антисептик гел тайёрлаш учун истеъмол қилинмайдиган, яъни тиббий ёки техник спиртдан фойдаланиш маъқул. Уни дорихонадан ёки техник товарлар дўконидан топиш мумкин.

Қўлларни дезинфекциялаш учун спиртни соф ҳолда қўллаш ярамайди. Бу усул вирусни ўлдиради, аммо қўлнинг табиий ёғ қатламига шикаст ҳам етказади. Натижада ортиқча қуруқлик, қичиш, микрожароҳатлар ҳосил бўлиши, булар эса инфекция учун очиқ дарвоза вазифасини ўташи мумкин.

Антисептик гел самарали бўлиш билан бирга зарарсиз бўлиши ҳам муҳим. Бунинг учун у керакли нисбатдаги спирт ҳамда қўлни ҳимояловчи воситаларни ўзида жамлаши лозим.

Сизга керак бўладиган воситалар:

– ингредиентларни аралаштириш учун тоза идиш;

– чойқошиқ ёки ёғоч куракча;

– тайёр гелни сақлаш учун қулай ихчам идиш (0,25-0,5 литр ҳажмли қопқоқли банка яхши вариант);

– антисептикдан фойдаланиб юриш имконини берувчи идиш. У пурковчи дозаторга эга бўлиши керак. Бунинг учун дорихонадан харид қилинган антисептикнинг бўшаган идиши мос келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган рецепт

ЖССТ мутахассислари томонидан тавсия этиладиган бу антисептикдан қўлларни тоза тутиш ҳамда турли юза ва буюмларни дезинфекциялаш учун фойдаланиш мумкин.

Керак бўлади:

– 96 фоизли тиббиёт спирти – 100 мл;

– 3 фоизли перекис водороди – 5 мл. Перекис вирусни ўлдирмайди, аммо суюқликда ҳосил бўлиши мумкин бўлган бактерия споралари билан курашади;

– 98 фоизли глицерин – 2 мл;

– қайнатиб совитилган сув – 10-15 мл.

Тайёрлаш тартиби:

Барча ингредиентларни тоза идишга солиб, бир хил масса ҳосил бўлгунча аралаштириш керак. Массани пурковчи идишга солинг. Тайёр суюқлик уч сутка турсин, бу спиртда ёки идишда бўлиши мумкин бўлган микроорганизмлар ўлиши учун муҳим.

Тайёр антисептик воситага бир неча томчи эфир мойи ёки лимон суви қўшиш мумкин. Бу воситага ёқимли ҳид бағишлайди. Аммо бундай ҳид берувчилар аллергия бериши ҳам мумкинлигини унутманг.

Яна бир самарали рецепт

Healthline тиббий нашри тавсия этувчи бу антисептик 60 сония ичида микроб ва вирусларнинг 99,9 фоизини ўлдиради.

Керак бўлади:

– 96 фоизли тиббиёт спирти – 100 мл;

– алоэ косметик гели – 50 мл;

– ҳид берувчилар (лимон суви ёки исталган турдаги эфир мойи) – 3-4 томчи;

– 98 фоизли глицерин – 3-4 томчи.

Тайёрлаш тартиби:

Барча ингредиентларни бир хил массага келгунга қадар яхшилаб аралаштиринг. Глицеринни 3-4 томчидан ошириб юборманг, акс ҳолда гел ўта қуюқлашиб кетиши ва ёпишқоқ бўлиб қолиши мумкин. Тайёр массани пуркагичли идишга солинг. Антисептик тайёр.

Антисептик гелдан фойдаланиш тартиби

Антисептик гел қўллардаги вирус ва микробларни самарали йўқотиши учун ундан тўғри фойдаланиш керак.

  • Битта қўл кафтига бир неча томчи антисептик томизинг / бир неча маротаба пурканг.
  • Кафт ва бармоқларингизни бир-бирига обдон ишқаланг. Қўллар тўлиқ қуригунча ишқалашда давом этинг (30-60 сония).

Мавзуга оид