Ўқиш ва ишлаш учун Канадага бориш, виза масалалари ва маошлар — Торонтодаги ўзбек юристи билан суҳбат
Канада ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан дунё миқёсида қудратли давлатлар қаторида туради. Табиийки, аксар ривожланган давлатлар қатори Канадага ҳам ишлаш ва яшаш мақсадида бориш истагидаги инсонлар кўпчиликни ташкил этади.
Канада ҳам хорижликларнинг мамлакатга келиб ишлаши учун қатор иммиграция дастурларига эга. Ушбу дастурлар ва Канадага бориш учун виза турлари, уларни олиш йўллари, иммигрантларга қўйиладиган талаблар ҳақида эса ҳамма ҳам билавермайди. Биз шу мавзуда Канадада ўз юридик фирмасига эга ўзбекистонлик юрист Раҳматжон Собиров билан суҳбат ташкил этдик.
– Раҳматжон ака, аввало, ўзингиз ҳақингизда қисқача гапириб берсангиз.
– Ҳозирда Канаданинг Торонто шаҳрида яшайман. Канадага кўчиб ўтганимга 15 йил бўлди. Канадада адвокатлик билан шуғулланаман. Шунингдек, Sobirov’s Law Firm юридик фирмасини бошқариб келаман.
Фирмамиз асосан чет эллик сармоядорлар ва тадбиркорларга Канада бозорига кириб келишда иммиграция масалаларида ёрдам беради.
– Канадага бориш учун виза олишнинг қандай йўллари бор?
– Канаданинг иммиграцион тизими ва сиёсатини тушунмасангиз, Канадани бошқа давлатларга ўхшатиб юборишингиз мумкин. «Масалан, Корея ёки Японияга боряпмиз, нега Канадага бора олмаймиз?» дейишади. Бу хато. Шунинг учун Канадани таниб олишимиз керак.
Канада 37 миллион аҳолиси бўлган, дунёнинг энг ривожланган 10 та давлатидан бири. Ялпи ички маҳсулоти, яшаш шароити ва иқтисоди жуда ривожланган давлат. Шу билан бирга, айни вақтда муаммолари бор: Канадада туғилиш кам.
Айрим иқтисодчиларнинг фикрича, Канада аҳолиси 50 миллионга чиқиши керак. Шундагина иқтисод бунданам яхши ривожланади. Шунинг учун Канада иммиграцион сиёсатга катта эътибор бермоқда.
Канада ҳеч қачон лоторея ёки омадга боғлиқ иммиграцион дастурлар чиқармаган. Фақатгина кучли танлов остида илмли, ўрта ёшли, тилни яхши биладиган, тажрибали одамлар келиши учун жуда кўп дастурлар яратиб қўйган.
Энг машҳур дастурларидан бири – «Express entry», яъни Канадага тезда кириш дастури. Бунга ўхшаш 60дан зиёд иммиграцион программалар бор.
Канадага келишга қарор қилган инсон биринчи навбатда ўзини таниб олиши керак. Яъни қандай муваффақиятларга эришган, ёши тўғри келадими, сармояси борми каби саволларга жавоб топиши керак.
Канада ҳар йили 350 мингга яқин инсонни қабул қилади. Бундан ташқари, йилига 500 мингга яқин талаба ўқишга келади. Канада кейинги 3 йил ичида 1 миллионга яқин иммигрант олишни режалаштиряпти. Буни тўғри тушуниш керак. 1 миллион иммигрант дегани бу – танловдан ўтган, талабларга жавоб берадиган, тилни яхши биладиган инсонлар бўлади деганидир.
– Талаба визаси ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Канадада 2та асосий тил бор: инглиз ва француз тили. Шу 2та тилдан биттасини албатта билиш керак. Ўзбекистон фуқароси шу тиллардан IELTS ёки TCF олиши керак. Кўпчилик тил ўрганиш учун келмоқчи бўлади, лекин Ўзбекистонда туриб, тил ўрганишга пойдевор қўймасдан, тил ўргангани Канадага бораман деса, элчихонадан виза олиши қийин бўлади.
Канаданинг энг машҳур университетлари бирига танлов асосида қабул қилиниб, виза олишга кирсангиз, уни олиш имкониятингиз юқори бўлади. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, обрўли университетларга ва факультетларга ўқишга кирган ватандошларимиз келишмоқда; сони кам, лекин келишмоқда. Келганлар орасида тўғридан тўғри Ўзбекистонда ўқиб келаётганлар эмас, балки Япония, Корея ва Европада ўқиган йигит-қизлар кўпроқ.
Талабларга келадиган бўлсак, асосий талаблар икки хил: расмий талаблар ва виза олиш талаблари. Баъзилар бор, ўқишга киради, лекин виза ололмайди. Бу уларнинг ўтмиши, шунингдек, талаба сифатида қабул қилинган университетининг мамлакатдаги рейтингига ҳам боғлиқ.
– Талабаларга Канадада ҳам ўқиб, ҳам ишлаш учун қандай имкониятлар бор?
– Канадада талабалар ҳафтасига 20 соат ишлашлари мумкин. Таътил вақтларида эса ҳафтасига 40 соатгача ишлаш ҳуқуқига эга бўлишади. Агар бу ерда бир йил таҳсил олган бўлсангиз, бир йиллик, агар икки йил ўқиган бўлсангиз, икки ёки ундан кўпроқ муддатга ишлаш ҳуқуқига эга бўласиз.
Канадада ўқиган ва ишлаган талабалар учун иммиграция йўллари очиқ бўлади. Бундан ташқари, ўқиш ёки ишлаш мобайнида ўз оилангизни ҳам олиб келиш ҳуқуқингиз бор.
– Ўзбекистонликлар Канадада ишчи-виза олишлари учун қандай талаблар бор?
– Инглиз ёки француз тилларини биладиган ака-ука ёки опа-сингилларимиз Канадага мос равишда резюме тайёрлашлари керак бўлади. Айниқса, IT-йўналишида мутахассис бўлганлар учун кенгроқ имкониятлар мавжуд.
Француз тилини биладиганлар асосан инглиз тилида гаплашадиган жойлардаги корхоналарга мурожаат қилишсин. Сабаби – Канадада инглиз тили кўп фойдаланиладиган ҳудудларда 5 фоиз француз тилини биладиган ишчилар бўлиши шарт қилиб қўйилган.
– Ишчи-визани қўлга киритиш учун қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
– Француз тилини ўрганиш. Чунки француз тилини билганларга имкониятлар кўпроқ.
– Туристик виза ҳақида маълумотлар берсангиз.
– Тур-визаларнинг кўплаб турлари бор ва бундай визалар берилаётганда ҳам жуда кўп жиҳатларга эътибор қаратилади. Мисол учун, виза олувчи олдин ҳам саёҳат қилганми, моддий таъминоти етарлими, ўз юртида ота-онаси, оиласи борми, мол-мулкка эгами, каби жиҳатлар ўрганиб чиқилади. Чунки туристик виза ўн йил муддатга, кўп маротаба фойдаланиш учун берилади.
– Ўзбекистон ватандошлари Канадада қандай ишлар билан шуғулланишади, уларнинг маошлари қанча ва бизнинг ватандошларга нисбатан муносабат қанақа?
– Ўзбекистонликлар бу ерда турли соҳаларда ишлашади. Булар – ҳуқуқ, иқтисод, банк, ресторан, туризм соҳалари. Лекин ўзбекистонликлар жуда кам, чунки Канада визасини олганлар одатда юқори тоифадаги мутахассислар бўлишади.
– Канададаги маошлар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
– Маошлар миқдори ҳудудларга қараб ҳар хил. Масалан, бизнинг ҳудудда соатига энг кам иш ҳаққи соатига 15 канада доллари (тахминан 11,3 АҚШ доллари – таҳр.). Бу маошга кафе, ресторандаги оддий ходимлар ишлашади. Қолган маош мутахассисларнинг тажриба ва маҳоратига кўра ошиб бораверади. Қурилиш соҳасидагилар маоши соатига 25 канада долларидан бошланади.
– Ойлик харажатлар қанчага тушиши мумкин?
– Торонтода ёлғиз ишчи учун еб-ичиш ва ижара билан 1500–2000 канада доллари (1130–1500 АҚШ доллари) сарфланади.
Суҳбатнинг биринчи қисмини тўлиқ Kun.uz'нинг YouTube'dagi канали орқали томоша қилишингиз мумкин. Тез орада эълон қилинадиган иккинчи қисмда ўзбек бизнесменлари Канада бозорига қандай кириши мумкинлиги, ойлик маошлар, Канадага сохта виза тайёрлаб берувчи фирибгарлар каби бошқа масалаларда ҳам сўз борди.
Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
“Ойи, мен аварияга учрадим” – Тошкентда ғаройиб фирибгарлик содир этилди
Жамият | 15:02 / 14.01.2025
“Пандора қутиси очилди” — Дунё империализм даври остонасидами?
Жаҳон | 22:59 / 13.01.2025
Humo тўлов тизими 65 млн долларга сотилди
Иқтисодиёт | 16:19 / 13.01.2025
Ҳудудларда 16 та автовокзал ва автостанциялар қурилади
Ўзбекистон | 07:45 / 13.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ўзбекистон ва Покистон тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширади
Иқтисодиёт | 15:36
-
Германия Киевга 2024 йил учун якуний ҳарбий ёрдам пакетини топширди
Жаҳон | 15:26
-
“Автобусга чипта хариди учун янги инфокиосклар тадбиркорлар томонидан ўрнатилади” – Тошшаҳартрансхизмат
Ўзбекистон | 15:22
-
Ҳудудларда кичик отеллар қурилишига субсидиялар ажратилади
Ўзбекистон | 15:14
Мавзуга оид
08:50 / 14.01.2025
Канадада Ўзбекистон бош консулхонасини очиш режалаштирилмоқда
21:31 / 10.01.2025
“Трамп безори, Маск эса тентак” – канадаликлар АҚШ таркибида бўлишни хоҳлайдими?
17:27 / 09.01.2025
Империалист Трамп: у ҳам худди Путиндек қўшниларнинг ерларига кўз олайтирмоқда
16:16 / 09.01.2025