Будапештда тахминан 2 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди, бу уни Европа Иттифоқидаги йирик шаҳарлардан бирига айлантиради. Будапешт Венгриянинг иқтисодий-маданий маркази ҳисобланади. Бу ерда мамлакатдаги етакчи йирик компаниялар, банклар ва молиявий муассасалар жойлашган. Аммо аҳолининг асосий қисми маданият, санъат ва иқтисодиётга катта эътибор беради ва фаолият юритади. Балки шунинг учун ҳам бу шаҳар меҳмонларда илиқ хотиралар билан ёдда қолади.

Тўрт фаслда сизни нима кутади?

Шаҳарда театрлар, концерт заллари, музейлар ва галереялар сони жуда кўп. Аҳоли бир неча турли маданиятлар, анъаналар ва тиллар билан таниш. Ўз маданиятини юқори даражада намоён эта оладиган венгерлар бундан усталик билан фойдаланишади. Йилнинг тўрт фаслида ҳам хушчақчақ кайфиятни тақдим эта оладиган тадбирлар уларнинг жон-у дили. Қишда ҳам у ерда зерикиб қолмаслик аниқ, чунки декабрда рождество муносабати билан маҳаллий ҳунармандчилик, анъанавий таомлар ва сувинерлар кўргазмалари бошланади. Маҳаллий маданиятни ҳис қилиш учун бу яхши имконият.

Будапештда баҳорнинг келишини ҳар йили март-апрел ойларида ўтказиладиган баҳор фестивали (Budapest Spring Festival) очиб беради. Бу Венгриянинг энг йирик ва қадимий маданий фестивалларидан бири бўлиб, 1981 йилда ташкил этилган ва маданиятнинг барча йўналишларини қамраб олади. Фестиваль Венгрия пойтахти Будапештда ўтказилиб, дунё миқёсида машҳур маданий тадбирлардан бирига айланган. Майда эса Будапешт халқаро гастрономик фестивали бошланади. Унда сайёҳлар маҳаллий ва халқаро таомларнинг турфа хилини татиб кўришлари мумкин.

Ёзда эса шаҳар кўчаларида кўчма санъат фестивали ўтказилади, бу сайёҳларга санъат ва маданиятни яқиндан ҳис қилиш имконини беради. Мусиқа шинавандалари бу мусиқа фестивалларини яхши билишади ва ҳар йили бу мавсумда  дунёнинг турли мамлакатларидан сайёҳлар оқими Будапештга қараб йўналади.

Куз эса Будапештга бориш учун йилнинг энг қулай палласи саналади. Ҳар йили октябр ойида ўтказиладиган Будапешт халқаро кинофестивали (BUDAPEST INTERNATIONAL FILM FESTIVAL) Европадаги энг муҳим кино тадбирларидан бири ҳисобланади. Фестивалда жаҳон киносида танилган режиссёрлар, актёрлар, продюсерлар ва кино экспертлари иштирок этади.