Ўзбекистон | 00:12 / 05.01.2023
109208
2 дақиқада ўқилади

Манба: Собиқ бош прокурор Рашид Қодиров шартли равишда озодликка чиқарилди

2019 йил 26 июн куни 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодиров бундан бир неча кун аввал шартли равишда озодликка чиқарилган. Бу маълумотни Kun.uz'нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги бир-биридан мустақил икки манбаси тасдиқлади.

Фото: RFE / RL

2000-2015 йилларда Ўзбекистоннинг бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашид Қодиров пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилганди.

Суд жараёни 6 ойга яқин давом этганди. Иш жараёнида «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилган, 200га яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинганди.

Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодиров 2018 йил февралида қўлга олинган эди. Ўшанда унга нисбатан Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210 (пора олиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганди.

Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ҳам Қодиров озодликка чиққани ҳақида пост қолдириб, собиқ бош прокурор ҳақида олиниши керак бўлган фильм кўрсатилмаганини эслади.

Мавзуга оид