Ўзбекистон | 12:30 / 17.03.2019
34791
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилоятининг собиқ прокурори қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура бу хабарларни рад этмоқда

Хорижий нашрларда ва ижтимоий тармоқда Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

«Қодировни тергов қилган прокурор ҳам қамоққа олинди»  мазмунида тарқалган хабарларда 4 март куни ишдан олинган Улуғбек Тошев 8 март куни юқори лавозимдаги амалдорга катта миқдорда (50 минг доллар) пора бераëтган пайтда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олингани айтилган.

Бош прокуратура матбуот хизматида эса Улуғбек Тошев ушлангани ҳақида маълумот йўқ.

Матбуот хизматининг Kun.uz’га берган изоҳида Тошев ишда йўл қўйилган камчиликлар учун ишдан олингани таъкидланиб, у пора бераётган вақтда қўлга олингани ҳақидаги хабарлар асоссизлигини маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Улуғбек Тошев Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманганга ташрифидан сўнг ишдан олинганди.

Маълумотларга кўра, Улуғбек Тошев 2015 йилгача Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари бўлиб ишлаган. Ўз вақтида собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров билан «яқин бўлгани» айтиладиган Тошев 2016 йилнинг апрелида Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани прокурори лавозимидан олинганди. Шундан кейин у маълум вақт Тошкент вилояти Янгийўл тумани прокурори лавозимида ишлаган.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Улуғбек Тошев 2017 йилда маълум вақт давомида собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров иши бўйича тергов гуруҳига раҳбарлик қилган.

У 2018 йил апрелида Наманган вилояти прокурори сифатида иш бошлаганди.

ОАВ маълумотларига кўра, «Қодиров иши» доирасида 21 киши ҳибсга олинган, уларнинг аксари прокуратура тизимининг собиқ вакилларидир.

Эслатиб ўтамиз, 11 март куни Бош прокуратура матбуот хизмати прокуратура тизимидаги ходимларга пора беришга уриниш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида маълумот берганди. Унга кўра, 2018 йилда мазкур ҳолатлар юзасидан 82 нафар шахсларга нисбатан жиноят ишлари, 16 нафар шахсларга нисбатан эса маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар қўзғатилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид