Жаҳон | 13:45 / 25.12.2024
3723
9 дақиқада ўқилади

Кучли қамалда қолган Ғазо, Ҳанияни йўқ қилганини тан олган Исроил ва Россияга рад жавоби берган Судан — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазо секторидаги қамали кучаймоқда. Сўнгги икки ой ичида шимолий Ғазога бор-йўғи учта юк машинаси озиқ-овқат ва сув етказиб борди. Oxfam ташкилоти маълумотига кўра, юк машиналарининг кўпчилиги Исроил ҳарбийлари томонидан тўхтатилган ёки кечиктирилган. Бунинг оқибатида минглаб фаластинликлар ёрдамсиз қолмоқда.

Халқаро ташкилотлар октябрдан бери Ғазога ёрдам етказиш имкониятидан маҳрум. Жабалия, Байт Лаҳия ва Байт Ҳанун каби ҳудудларда минглаб одамлар озиқ-овқат, сув ва дорилардан узилган. Одамлар инсонпарварлик ёрдами сифатида тарқатилаётган текин иссиқ овқатга улкан навбатлар ва тиқилинчлар ҳосил қилмоқда.

Ғазодаги аҳвол ҳақида Oxfam ташкилоти шундай дейди: «Бу жойдаги инсонлар мусибатни бошдан кечирмоқда. Давлат секторлари тўхтаб қолди, инсонпарварлик ёрдами етиб бормаяпти. Буни тўхтатиш учун глобал ҳамжамиятдан қаратилган чоралар зарур».

БМТ маълумотларига кўра, Ғазо ҳозирги замонда жисмоний аъзолари ампутация қилинган болаларнинг энг кўп яшайдиган ҳудудига айланган. Улар бу фожиани зудлик билан тўхтатишга чақирди.

Исроил Ҳанияни ўлдирганини тан олди

Исроил биринчи марта ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлими учун жавобгар эканлигини тан олди.

Бу ҳақда Исроил мудофаа вазири Исроил Кац жамоат олдида яманлик ҳусийчиларга таҳдид қилган пайтида маълум қилди. У ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ» раҳбарларига нисбатан қилинган ҳаракатларни мисол қилиб кўрсатди.

«Биз ҳусийларнинг стратегик инфратузилмасини йўқ қиламиз ва уларни раҳбарларидан маҳрум қиламиз. Исмоил Ҳания, Яҳё Синвар ва Ҳасан Насруллоҳга Теҳрон, Ғазо ва Ливанда қандай йўл тутган бўлсак, Ҳудайда ва Санода ҳам шундай йўл тутамиз», — деди Кац.

Ҳаниянинг жорий йил июл ойида ўлдирилиши Эроннинг обрўсига зарба бўлди, чунки у Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан қўриқланадиган меҳмонхонада ўлдирилган эди.

Мафия тизимидан иборат Асад режими

Суриянинг Россиядаги элчиси Башар ал-Жаъфарий Асад даврида мамлакатда давлат режими эмас, балки мафия тизими ва коррупция ҳукмрон бўлганини маълум қилди.

«Сурияда ҳеч қачон ҳақиқий режим бўлмаган, — деди элчи. —Агар давлат режими бўлганида, у ўзини ҳимоя қилган бўлар эди. Бизда шахсий манфаатлар учун фойдаланилган мафия тизими ҳукмрон бўлди. Шунинг учун ҳам унинг қулаши тез рўй берди».

Элчи мамлакатнинг янги даврга кирганини таъкидлаб, янги Сурияни тинчлик ва меҳр-мурувват асосида тиклашни мақсад қилиб қўйганини билдирди.

«Биз янги йўл бошладик: янги ватан қуриш учун ҳаракатдамиз. Ўтмишдаги хатоларни такрорламаслик учун барча масъулиятни ҳис қилишимиз керак», — деди Жаъфарий. Унинг фикрича, элчихона ходимлари ёки бошқа муассасалар собиқ режимнинг хатолари учун жавобгарликка тортилиши керак эмас.

Туркия Сурияни электр билан таъминлайди

Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байрақтар Суриянинг энергетика ва электр инфратузилмасини ўрганиш учун махсус делегация юборилишини маълум қилди.

«Суриядаги асосий муаммо электр таъминотига боғлиқ. Ушбу масалани ҳал қилиш учун махсус ечим ишлаб чиқилади», — деди Байрақтар президент мажмуасида бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида.

Шунингдек, вазир Ливанга ёрдам кўрсатиш эҳтимоли ҳақида гапириб, бош вазир Нажиб Мийқотий томонидан электр таъминоти бўйича муаммоларга доир мурожаат қилинганини эслатиб ўтди. «Яқин вақт ичида Ливан учун ҳам электр энергияси етказиб бериш бўйича иш олиб борилиши мумкин», — деди у.

Бундан аввал Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатнинг Сурия халқини сиёсий, дипломатик, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёр эканини алоҳида таъкидлаган эди.

Британия Асмо Асадни қабул қилмайди

Британия ҳукумати Суриянинг собиқ президенти Башар Асаднинг рафиқасига нисбатан қўлланган санкциялар унинг мамлакатга киришини тақиқлашини яна бир бор таъкидлади.

Маълумотларга кўра, Асмо Асад Россияда лейкемия касаллигидан даволанмоқда ва уни давом эттириш учун Лондонга қайтиш имкониятини кўриб чиққан. Бироқ, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми парламентда унинг мамлакатга кириши мумкин эмаслигини таъкидлаб, қуйидагича фикр билдирди:

«У санкция остидаги шахс сифатида Британия ҳудудига қадам боса олмайди ва бу борада позициямиз аниқ».

Асмо Асад Лондон шаҳрида туғилган ва у ердаги Қироллик коллежида таълим олган. Аммо унга нисбатан жорий этилган қатъий санкциялар, жумладан активларни музлатиш ва мамлакатга киришни тақиқлаш қарорлари ўз кучида қолмоқда.

Денгизга ғарқ бўлган рус кемаси

Ўрта Ер денгизига чўкиб кетган Россиянинг Ursa Major юк кемаси билан боғлиқ тафсилотлар аниқлашмоқда. Кема Испания ва Жазоир ўртасида портлаш оқибатида вайрон бўлган. Кема экипажининг 16 нафар аъзосидан 14 нафари қутқарилган, 2 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

OSINT таҳлилчилар тахминига кўра, Ursa Major Суриянинг Тартус шаҳрига йўл олган бўлиши мумкин. Кема Суриядаги Россия базаларига қурол-яроғ ва таъминот етказишда иштирок этган.

Сурияда декабр ойида содир бўлган сиёсий ўзгаришлардан сўнг, Башар Асад ҳукумати ағдарилди ва Россиянинг Ҳмеймим ҳамда Тартусдаги ҳарбий базаларининг тақдири муҳокама остида қолди.

Судан Россияга рад жавоби берди

Суриядаги ҳарбий базаларидан ҳайдалиш таҳдиди остида қолган Россия Африкадаги диктатураларда ҳукмрон элитани қўллаб-қувватлаб туриш бўйича ҳарбий операциялар ўтказиш учун Судандан ҳарбий денгиз базаси яратишни тезлаштиришни сўраган.

Аммо Судан ҳукумати Россиянинг Қизил денгиз соҳилидаги Порт-Судан ҳудудида ҳарбий-денгиз базаси яратиш бўйича таклифини рад этди.

Россия Судан билан 2019 йилдан бери ҳарбий база ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борган, аммо мамлакатдаги сиёсий беқарорлик ва фуқаролик уруши келишувни тасдиқлашни мураккаблаштирган. Феврал ойида Россиянинг Судандаги элчиси Андрей Черновол база яратиш лойиҳаси номаълум муддатга қолдирилганини маълум қилди, аммо Москва музокараларни давом эттирган эди.

Россиянинг Порт-Суданга қизиқиши Суриядаги ҳарбий объектларини йўқотиш хавфи билан боғлиқ бўлган. Қизил денгиз соҳилидаги ҳарбий база Россияга Ҳинд океанидаги ҳозирлигини кенгайтириш ва Сувайш каналидаги муҳим денгиз йўлларини назорат қилиш имконини берар эди.

Москва Суданни қўллаб-қувватлаш учун замонавий ҳарбий техника, жумладан, С-400 ракеталарини таклиф этган. Бироқ Судан Вашингтон ва унинг иттифоқчилари томонидан салбий муносабатга дуч келишдан қўрқиб, бу таклифни рад этган.

Украинанинг янги ракетаси

Украина муҳандислари «Трембита» номли янги қанотли ракета яратди. У Москвагача бўлган масофани қамраб олиш қобилиятига эга бўлиб, лойиҳага тахминан бир ярим йил вақт кетган.

Ракета 200 км масофани ярим соатда босиб ўтиши мумкин, янгиланган модификациялари эса стратегик объектларга, жумладан, Москвага ҳам зарба бериш учун мўлжалланган. Ракетанинг жанговар каллаги 20-30 кг атрофида.

«Трембита» ракета двигателига эга бўлиб, унинг таннархи атиги 15 минг долларни ташкил этади. Бу ракетани Россия ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини заифлаштирувчи қулай қуролга айлантириш билан бирга, Киевнинг иттифоқчиларини қизиқтириши мумкин.

Украина мудофаа вазири Рустем Умеров ракеталар ишлаб чиқариш бўйича кенг кўламли дастур ишлаб чиқилаётганини ва 2025 йил бошига қадар қурол ишлаб чиқариш суръатлари сезиларли даражада ошишини маълум қилди.

Трамп Гренландияни сотиб олмоқчи

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Гренландияни сотиб олиш истагини яна бир бор билдириб, уни АҚШ назоратига ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Аммо Дания бош вазири ва Гренландия раҳбарлари бу таклифни қатъий рад этишди.

Гренландия — Даниянинг XVI асрдан бери автоном ҳудуди бўлиб, 1953 ва 1979 йилларда кенгроқ мустақилликка эришган. Оролнинг бош вазири Муте Эгеде Трампнинг баёнотига жавобан: «Гренландия бизники ва сотилмайди. Бизнинг эркинлигимиз осонлик билан қўлга киритилмаган», — деди.

Трамп оролнинг стратегик аҳамиятини таъкидлаб, унинг АҚШ ва Европани боғловчи муҳим йўналиш эканлигини, шунингдек, у ердаги нодир металлар технологик тараққиёт учун аҳамиятлилигини билдирди.

Бу Трампнинг биринчи уриниши эмас: 2019 йилда ҳам оролни сотиб олиш таклиф қилинган, аммо ўшанда ҳам Дания бош вазири Метте Фредериксен буни «абсурд» деб атаган эди.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид