Жаҳон | 14:40 / 09.01.2026
2806
10 дақиқада ўқилади

Ғазода бузилаётган сулҳ, Россиянинг «қонуний нишонлари», Истанбулда кучли довул ва интернетдан узилган Эрон – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил Ғазога яна зарба берди: 13 киши ҳалок бўлди

Ғазо фуқаролик мудофааси хизматининг маълум қилишича, пайшанба куни Фаластин ҳудудида Исроил ҳужумлари камида 13 кишининг, жумладан, беш нафар боланинг ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳужумлар сулҳга қарамай юз бермоқда.

Хусусан, Ғазонинг жанубидаги чодирга дрон зарбаси берилиши оқибатида тўрт киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлди. Жабалия қочқинлар лагери яқинида эса 11 ёшли қиз ҳалок бўлган, мактабга берилган зарба бир кишининг ўлимига олиб келган. Хон Юнус яқинида дрон зарбаси яна бир эркакни ўлдирган.

Ҳамас назорати остидаги идора яна икки нафар фаластинлик бошқа ҳужумларда ҳалок бўлганини хабар қилди. Исроил ҳарбийлари бу хабарларни текшираётганини айтди.

Пайшанба куни кечқурун эса Исроил ҳаво ҳужуми Ғазо шаҳрининг шарқий қисмидаги бир уйни нишонга олди. Яна тўрт киши ўлдирилди.

Аввалроқ Исроил армияси «Ғазо шаҳри ҳудудидан Исроил томон снаряд учирилгани», бироқ у Ғазо ҳудуди ичида қолиб кетганини айтганди. «Шундан сўнг ҳарбийлар учириш нуқтасини нишонга олди», дейилади IDF баёнотида.

10 октябрдан буён АҚШ воситачилигидаги мўрт сулҳ Исроил кучлари ва Ҳамас ўртасидаги жангларни тўхтатди. Бироқ ҳар икки томон тез-тез сулҳ бузилаётганини даъво қилиб келмоқда.

Ғазо соғлиқни сақлаш идораси маълумотига кўра, сулҳ кучга кирганидан бери Исроил кучлари Ғазода камида 425 фаластинликни ўлдирган.

Россия Украинадаги Ғарб қўшинларига қарши

8 январ куни Россия Ғарб ҳукуматлари томонидан Украинага юбориладиган ҳар қандай қўшинлар «қонуний ҳарбий нишон» бўлишини айтди. Бу баёнот Британия ва Франция сулҳдан кейин Украинага кўп миллатли куч жойлаштириш режаларини эълон қилганидан сўнг янгради.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги илк марта Кўнгиллилар коалициясига жавоб бермоқда. Москва баёнотида «Ғарб ҳарбий бўлинмалари ва бошқа инфратузилмаларининг Украинага жойлаштирилишини Россия хавфсизлигига, шунингдек, бошқа Европа давлатлари хавфсизлигига бевосита таҳдид солувчи хорижий аралашув» сифатида таснифлаган. «Бундай барча бўлинмалар ва объектлар Россия Қуролли Кучларининг қонуний жанговар нишонлари ҳисобланади».

Бир неча кун олдин Франция президенти Эммануэл Макрон бу таркибда Украинага минглаб француз аскарларини юбориши мумкинлигини айтганди. Британия бош вазири Кир Стармер эса бу «Британия, Франция ва ҳамкор кучлар Украинада фаолият юритиши, унинг осмони ва денгизларини ҳимоя қилиши учун ҳуқуқий асосни яратади», деган.

АҚШ эса Украинага ўз қўшинларини юборишни рад этган. Бироқ махсус вакил Стив Уиткофф президент Доналд Трамп Украина учун хавфсизлик протоколларини «қатъий қўллаб-қувватлаётганини» айтган.

Эронда интернет узилди

Пайшанба куни Эрон бўйлаб норозилик намойишлари давом этди. Намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун яна кўплаб бозор ва расталар ёпилди. Маълумотларга кўра, ҳозиргача намойишлар атрофидаги зўравонликлар камида 42 кишининг ўлимига сабаб бўлган, 2 270 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Норозиликларнинг кенгайиши Эроннинг фуқаровий ҳукумати ва унинг олий раҳнамоси Али Хоминаийга босимни оширмоқда.

Пайшанба куни Эрон марҳум шоҳининг сургундаги ўғли Ризо Паҳлавий аҳолини яна намойишларга чиқишга чақирди. Шундан сўнг давлатда интернет бутунлай узилди, Эронга шаҳар телефонлари ва мобил телефонларга қўнғироқлар ҳам уланмай қолди. Аввал ҳам бундай узилишлардан кейин ҳукумат томонидан норозиликларни қаттиқ бостиришлар бўлган.

Паҳлавий Европа етакчилари ва АҚШ президенти Доналд Трампни Эрон «режимини жавобгарликка тортиш»га чақирди.

Шу билан бирга, Эрондаги намойишлар етакчисиз қолмоқда. Паҳлавийнинг чақириғи кейинги воқеаларга қандай таъсир қилиши ҳозирча номаълум.

Истанбулда кучли довул

Истанбул пайшанба куни сўнгги йиллардаги энг кучли об-ҳаво ҳодисасига дуч келди — довул кучидаги шамол, кучли ёмғир ва кескин совуқ ҳаво мегаполис бўйлаб кундалик ҳаётни издан чиқарди.

Метеорологик маълумотларга кўра, шамол тезлиги соатига 100 километрдан ошиб, Бофорт шкаласи бўйича 11-даражага етди. Бу бўрон кучига жуда яқин бўлган «зўравон довул» тоифасига киради.

Фавқулодда вазиятларни мувофиқлаштириш маркази маълумотига кўра, ҳафтанинг бошида 17–18°C бўлган ҳарорат тахминан 10 даражага пасайиши кутилмоқда.

Бўрон туфайли Истанбулдаги барча паром қатновлари тўхтатилди. Кучли шамол бир нечта туманларда дарахтларни қулатди, автомобилларга зарар етказди ва ҳаракатни издан чиқарди. Бакиркўйда қирғоқ йўли бўйлаб дарахт тўрт машинани босиб қолди.

Бўрон қўшни ҳудудларга ҳам таъсир қилди: Эдирнеда сув тошқини бўлди, Измирда кучли ёмғир, Чаноққалъада эса бўғоз орқали денгиз ҳаракати тўхтатилди.

Метеорология хизмати бир неча кундан бери огоҳлантирган бу бўрон Мармара ва Эгей ҳудудларини қамраб олган. Туркия Ички ишлар вазирлиги чоршанба оқшомида умумреспублика огоҳлантириши эълон қилди: кучли шамол, бўрон, момақалдироқ ва айрим ҳудудларда қор кўчиши хавфи бор.

АҚШда агентлар иштирокида отишмалар

8 январ куни Орегон штатининг Портленд шаҳрида АҚШ федерал агентлари иштирокидаги отишмада икки киши яраланди.

Маълум қилинишича, агентлар ўзини таништирганида, ҳайдовчи автомобилни «қуролга айлантириб», ҳуқуқ-тартибот ходимларини босиб кетишга уринган. Ички хавфсизлик департаменти баёнотига кўра, автомобилдаги йўловчи ва нишон трансмиллий жиноий гуруҳ «Трен де Арагуа«га алоқадор бўлган. »Ҳаёти ва хавфсизлигидан қўрққан агент ҳимоя сифатида ўқ узди. Ҳайдовчи йўловчини олиб воқеа жойидан қочиб кетди», дейилади баёнотда.

Отиб яраланган икки кишининг шахси ҳали аниқланмаган, улар отишма жойидан бир неча квартал нарида топилган. Шаҳар полиция бошқармаси баёнотида айтилишича, бир эркак ва бир аёл касалхонага олиб кетилган, уларнинг аҳволи ҳозирча номаълум.

Бу ҳодиса бир кун аввал Миннеаполисда иммиграция хизмати (ICE) агенти 37 ёшли аёл кишини отиб ўлдирганидан кейин содир бўлмоқда. Бу АҚШ бўйлаб федерал ҳуқуқ-тартибот органларига қарши норозиликларни келтириб чиқарди. Маҳаллий ҳокимият ва шаҳар мэри ICE агентларидан шаҳарни тарк этишни талаб қилмоқда. Доналд Трамп маъмурияти эса ўша ҳодисада офицер ўзини ҳимоя қилганини айтмоқда. Ишни ФҚБ тергов қилмоқда.

Ливан жанубда хавфсизликни ўз қўлига олганини билдирди

Ливан армияси мамлакат жанубида хавфсизликни ўз қўлига олганини билдирди. Бу ҳудуд ўнлаб йиллар давомида Эрон қўллаб-қувватлайдиган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ҳукмронлигида бўлиб келган эди.

2024 йил ноябрда Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги вайронкор уруш тўхтаганидан бери Ливан «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантириш учун кучли халқаро босим остида қолмоқда.

Ливан армиясига кўра, бу ҳудудни қуролсизлантириш мақсади «самарали ва аниқ тарзда» амалга оширилган, бироқ портламай қолган ўқ-дорилар ва туннелларни тозалаш бўйича ишлар ҳали давом этади.

«Ҳизбуллоҳ» бошқа ҳудудларда қуролсизланишга қаршилик кўрсатадими — номаълум, чунки у Литани дарёсининг шимолида қуролсизланмаслигини айтган. Президент Жозеф Аун гуруҳга қарши куч ишлатишни рад этиб, бу ички бўлинишни кучайтириши, зўравонликка олиб келишини айтди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идораси Ливан армияси баёнотига жавобан «Ҳизбуллоҳ»ни тўлиқ қуролсизлантириш йўлидаги ҳаракатлар «рағбатлантирувчи бошланиш, аммо етарли эмас», деди.

Париждаги тракторлар

8 январ куни президент Эммануэл Макрон Франция Евроиттифоқнинг Жанубий Америка давлатлари билан имзолаши режалаштирилган кенг қамровли савдо келишуви Mercosurʼга қарши овоз беришини билдирди.

Бу пайтда фермерлар ўз тракторлари билан битимга норозилик сифатида Парижга кирувчи йўллар ва Триумфал арк каби диққатга сазовор жойларни тўсиб қўйди. Ўнг қанотга мансуб фермерлар уюшмаси вакиллари Париждаги намойишларга чақирган.

«Битимнинг имзоланиши воқеанинг охири эмас. Мен Европа Комиссиясидан олинган мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилиши ва фермерларимизни ҳимоя қилиш учун курашни давом эттираман», деди Макрон.

Ирландия ҳам битимга қарши овоз беради, деди унинг бош вазир ўринбосари Саймон Ҳаррис. Аммо Европа Комиссияси Италия қўллаб-қувватлашини олса, битим жума кунги овоз беришда қабул қилиниши мумкин.

Франция қишлоқ хўжалиги вазири Анни Женварга кўра, ЕИ аъзолари битимни ёқласа ҳам, Франция уни Европа парламентида тўхтатишга уринади.

Mercosur — Евроиттифоқ билан Жанубий Америка давлатлари ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг имтиёзли савдосига доир келишув. Европалик фермерлар Лотин Америкасидан келадиган арзон ва сифати паст маҳсулотлар уларни бозордан сиқиб чиқариши ва ишсизликка олиб боришини айтмоқда.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид