Жаҳон | 14:05 / 10.01.2026
14660
7 дақиқада ўқилади

Венесуэлага $100 миллиард сармоя, Евроиттифоқ тасдиқлаган Mercosur ва Украинага отилган «Орешник» – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазо бўйича Тинчлик кенгашига бошқарувчи танланди

Болгариялик сиёсатчи ва БМТнинг Яқин Шарқ бўйича собиқ элчиси Николай Младенов АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Ғазо бўйича Тинчлик кенгаши бош директори лавозимига танланди.

Ушбу тайинлов 8 январ куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу томонидан эълон қилинди. Младенов Нетаняҳу жамоаси билан музокаралар олиб борган. AP нашрининг ёзишича, тайинлов АҚШ расмийси томонидан ҳам тасдиқланган.

Младенов Ғазо секторини бошқариш вазифаси юклатилган, лекин ҳали синовдан ўтмаган халқаро тузилманинг энг юқори лавозимли расмийсига айланди.

Сулҳ битимига кўра, Трамп раислик қиладиган бу орган — янги технократ фаластинликлар ҳукумати устидан назоратни, Ҳамасни қуролсизлантиришни, халқаро кучларни жойлаштиришни, Исроил қўшинлари чекинишини ва секторни қайта қуришни назорат қилиши керак.

9 январ куни Николай Младенов Рамаллаҳда Фаластин маъмуриятининг юқори мартабали расмийси Ҳусайн аш-Шайх билан ҳам учрашди. Икки томон «Ғазо секторидаги вазият, иккинчи босқичга ўтиш йўллари ва Трамп режасини амалга ошириш механизмлари»ни муҳокама қилган.

53 ёшли Младенов узоқ вақтдан бери Яқин Шарқ сиёсати билан шуғулланиб келади ва араб дунёси билан ҳам, Исроил билан ҳам ижобий алоқаларга эга. У БМТнинг Ироқ бўйича махсус вакили ва Яқин Шарқ бўйича тинчлик элчиси бўлиб ишлаган. Младенов бу лавозимда Исроил ва Ҳамас ўртасида музокаралар ғоясини сақлаб қолишга ёрдам берган.

Украинага иккинчи марта «Орешник» отилди

Жумага ўтар кечаси Россия Украинага юзлаб дронлар ва ўнлаб ракеталар билан йирик тунги ҳужум уюштирди, пойтахт Киевда камида тўрт киши ҳалок бўлди. Қарийб тўрт йилдан бери давом этаётган уруш давомида руслар иккинчи марта, ядровий қурол ташиш қодир гипертовушли ракета «Орешник»ни қўллади. У Украинанинг энг ғарбий қисми, НАТО билан чегарадош Лвив областига урилди. Бу эса Киевнинг НАТОдаги иттифоқчиларига аниқ огоҳлантириш сифатида талқин қилинмоқда.

Россия бу ҳужум ўтган ой Путиннинг қароргоҳларидан бирига Украина дрони ҳужум қилганига жавобан амалга оширилганини айтди. Лекин Трамп ҳам, Украина ҳам бу даъволарни рад этган.

Москва «Орешник» қаерга текканини айтмади. Бироқ рус ОАВлари у Лвив вилоятидаги ерости газ омборига зарба берганини ёзди.

Киевга ҳужумларда эса Қатар элчихонаси ва кўп қаватли уйлар зарар кўрган. Кўплаб аҳоли иссиқлик таъминотидан узилиб қолган.

Европа етакчилари ҳужумни «кескинлаштирувчи ва қабул қилиб бўлмайдиган» деб қоралади, Евроиттифоқ эса Путиннинг дипломатияга жавоби «яна кўпроқ ракеталар ва вайронагарчилик» бўлганини айтди.

Венесуэлага 100 миллиард доллар сармоя

АҚШ президенти Доналд Трамп жума куни Оқ уйда дунёнинг энг йирик нефт компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Трампга кўра, улар Венесуэлада ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 100 миллиард доллар сармоя киритишни истаётганини айтган.

«Америка компаниялари Венесуэланинг чириб кетган энергетика инфратузилмасини қайта тиклаш ва охир-оқибат нефт ишлаб чиқаришни ҳеч қачон кўрилмаган даражаларга етказиш имкониятига эга бўлади», деди Трамп учрашув очилишида.

«Қайси нефт компаниялари у ерга киришини биз ҳал қиламиз», деди у. Трамп Венесуэланинг муваққат раҳбарияти АҚШга 50 миллион баррел хом нефт етказиб беришини мақтади ва бу чексиз давом этишини кутаётганини айтди.

АҚШ кучлари эса эмбарго ижросини таъминлаш учун Венесуэла нефт танкерларини қўлга олишни давом эттирмоқда. Жума куни шундай бешинчи танкер мусодара қилинди.

Бироқ йирик нефт гигантлари юқори харажатлар ва сиёсий беқарорлик туфайли мамлакатга катта, узоқ муддатли сармоя киритишга иккиланмоқда. Чунки олдин бу корпорацияларнинг Венесуэладаги активлари бир неча маротаба мусодара қилинганди.

Трамп АҚШ Венесуэлага сармоя киритаётган компанияларнинг жисмоний ва молиявий хавфсизлигини кафолатлашини айтди, бироқ тафсилотларни очиқламади.

Mercosur тасдиқланди

Жума куни Европа Иттифоқи аъзо давлатларининг малакали кўпчилиги Mercosur келишувини қўллаб-қувватлади. Шу билан Европа Комиссияси ҳамда Лотин Америкасининг бир гуруҳ давлатлари — Аргентина, Бразилия, Парагвай ва Уругвай ўртасида йигирма йилдан ортиқ давом этган мураккаб музокараларга нуқта қўйилди.

Euronewsʼга кўра битимга Франция, Полша, Австрия, Венгрия ва Ирландия қарши овоз берган, Белгия эса бетараф қолган. Битимни баҳолаш учун қўшимча вақт сўраган Италия охир-оқибат уни ёқлаб овоз берди.

Европа фермерларининг битимга қаршилиги жуда кескин бўлди. Битим кучга киргач, аксарият маҳсулотлар бўйича божлар босқичма-босқич бекор қилинади, бироқ мол гўшти, парранда гўшти ва шакар каби маҳсулотларини ҳимоялаш учун квоталар сақлаб қолинади.

Бироқ битимнинг якуний тасдиқлаш тартиби Европа Парламентининг розилигини ҳам талаб қилади. Эндиликда Франциядаги мухолифлар битимни парламентда тўсиб қолишдан умид қилмоқда.

БРИКС ҳарбий машғулотлар бошлади

9 январ куни Кейптаун яқинида Хитой, Россия ва Эрон ҳарбий кемалари Жанубий Африка мезбонлигида бир ҳафталик денгиз машғулотларини бошлади. Бу АҚШнинг Венесуэлага ҳужуми фонида геосиёсий кескинлик кучайган бир пайтга тўғри келди.

Хитой бошчилигидаги машғулотлар ўтган йили ҳам БРИКС доирасида ташкил этилганди. Жанубий Африка қуролли кучлари баёнотига кўра, машғулотлар денгиз хавфсизлиги ва қароқчиликка қарши амалиётларни машқ қилиш ҳамда «ҳамкорликни чуқурлаштириш»га қаратилган.

Хитой, Россия ва Жанубий Африка БРИКСнинг узоқ йиллик аъзолари ҳисобланади, Эрон эса гуруҳга 2024 йилда қўшилган. Эрон ҳарбий-денгиз кучлари ҳам машғулотларда қатнашмоқда. Айни пайтда эса мамлакат ичида норозилик намойишлари кучайиб бормоқда.

БРИКС гуруҳига кирувчи бошқа давлатлар — жумладан, Бразилия, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари машғулотларда қатнашадими-йўқми, ҳозирча аниқ эмас.

Бу машғулотлар АҚШ билан Жанубий Африка ўртасидаги муносабатларни янада таранглаштириши кутилмоқда. ЖАР Африкадаги энг ривожланган иқтисодиётлардан бири, бироқ Трамп маъмурияти томонидан кескин танқид қилинмоқда.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид