Жамият | 16:28 / 14.01.2021
8739
7 дақиқада ўқилади

Терак симёғочлар, ариқдан сув ичаётган болалар, дуоларда тилга олинадиган кўприк — Хатирчидаги қўшчинорликларнинг муаммолари

Kun.uz’га Навоий вилояти Хатирчи туманининг Қўшчинор маҳалласида яшовчи аҳоли томонидан ҳудуддаги муаммолар хусусида мурожаат келиб тушди. Kun.uz мухбири ушбу ҳудудга бориб, қишлоқ одамлари билан суҳбатлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Вилоят марказидан 70-75 километр олисда жойлашган маҳалла аҳолисини фақат табиий газ ёки ички йўллар эмас, ўнга яқин муаммо қийнаётган экан.

Йўқ имконият учун солиқлар орттирилган ставкада тўланяпти

Суҳбат жараёнида мурожаатчилар ер ва молк-мулк солиғини қўшни қишлоққа нисбатан кўп тўлашаётганини таъкидлашди. Сабаби, «Қўшчинор» маҳалласи ҳудуди Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 мартдаги 68-сонли қарорига асосан шаҳар посёлкаси тоифасига киритилган экан. Бироқ мазкур қишлоқда шаҳар посёлкаси дегулик имконият ҳам, инфратузилма ҳам йўқлигига гувоҳ бўлдик.

«Светимиз йўқ, газимиз йўқ, йўлимиз йўқ, аммо солиғимиз шаҳар тоифасидаги посёлка бўлгани учун йилига 420 минг сўм. Қўшни қишлоқ одамлари 310 минг сўм солиқ тўлашади. Бизнинг ҳеч нарсамиз бўлмаса ҳам 100 минг ортиқча тўлаймиз. Майли, нафақа оляпмиз, солиқларни ўз вақтида тўлаймиз. Бироқ йўқ нарса учун ортиқча солиқ тўлаш жабр бўляпти», дейди Қурбонбой Носиров.

Аҳоли уйини иситиш учун дарахтларни кесмоқда

Қишлоққа 1979 йилда табиий газ тортиб келинган. 2010 йилдан газ келмай қолган ва 2014 йилда бутунлай узилган, асосий қувурнинг катта қисми эса кесиб кетилган.

«Аслида қишлоғимиздаги табиий газ қувурлари одамларнинг маблағи эвазига тортилганди. 2014 йилда бизда газ узилди. Аммо 2014 йилдан кейин туманнинг табиий газ етиб бормаган бошқа жойларига давлат маблағлари харажат қилиниб, газ тортилди. Бизнинг қишлоқда тайёр қувур бўлса-ю, газ бермаса, қувур йўқ бошқа ҳудудга эса газ тортилса. Буни қандай тушуниш керак?», дея куйинади қишлоқнинг ёши улуғларидан бири Умарқул Пўлатов.

Яна бир фуқаро Насиба Бозорова эса ҳовлисида дарахт қолмагани, уйни иситиш учун кесиб, ўтин сифатида ёқишаётгани, маҳаллада болалар боғчаси ҳам йўқлигини айтиб ўтди.

Қўшчинорликлар шамолдан қўрқишади

Маҳалла аҳли шамол бўлишидан қўрқади. Кўчалардаги симёғочларнинг аксарияти теракдан, қўлбола усулда ясаб чиқилган. Кучлироқ шамол бўлса қулаб тушиши ҳеч гап эмас. Уларнинг айтишича, ҳатто 30-40 йил олдин қурилган ҳовлилар учун ҳам ҳали бетон симёғочлар ўрнатилмаган.

Қурбонбой Носиров свет муаммоси ҳақида гапирди.

«60 ёшга киряпман, уй қуриб чиққанимга 40 йил бўляпти, ҳали бизга свет учун симёғоч ўрнатилмади. Терак, толдан тиклаб фойдаланаяпмиз. Шамол бўлса ўчади. Кўнгилсиз ҳодисалар юз бериб, 3-4та хонадон ёниб кетди ҳам», дейди у.

Шунингдек, ҳудудда электр энергияси билан боғлиқ яна бир муаммо бор: қишлоқнинг маълум бир қисми Самарқанд, бошқа қисми эса Навоий линиясига уланган. Самарқанд линиясига уланган қисмида суткасига 12 соатлаб электр энергиясида узилишлар бўлади. Ҳолбуки, ҳар икки вилоятнинг ҳудудий электр тармоқларига тегишли трансформатор ёнма-ён жойлашган.

Шу қишлоқда яшовчи Умрзоқ Каримовнинг маълум қилишича, қишлоқни Навоий линиясига улаш учун 10 метр кабел кифоя қилади. Агар бунинг имкони бўлса, 500га яқин хонадонда электр энергияси таъминоти яхшиланади. У свет йўқлигидан президент мурожаатномасини ҳам кўролмаганини айтиб ўтди.

Дуога қўшилган кўприк

«Қўшчинор» маҳалласида яшовчи инсонлар шифохона учун қўшни қишлоққа боришга мажбур. Чунки, поликлиника қўшни қишлоқда жойлашган. Пиёда бориш мумкин бўлган энг яқин йўл икки қишлоқни боғловчи кўприк орқали ўтади. Айланиб боришга эса 5-10 минг сўм кира ҳақи зарур.

Анча йиллар олдин аҳоли ҳашар йўли билан қурган мазкур кўприк сел ювиши оқибатида яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ундан ўтиб қайтиш учун каттагина жасорат керак.

Шерали Шоназаров бу хусусида шундай дейди: «Ушбу кўприкдан шифохонада ишловчилар ҳам, у ерга борувчи беморлар ҳам ўтишга мажбур. Агар бу кўприкдан ўтмайдиган бўлишса, кунига 10 минг сўм сарфлаб, таксида бориб-келишларига тўғри келади. 500-600 минг сўмга маош олиб ишловчи аёлларимиз бор. Улар топган пулини йўлкирага сарфлашадими? Бу масала бўйича бир неча марта тегишли жойларга мурожаат қилганмиз. Келиб расмга, видеога олиб кетишади, аммо натижа йўқ».

Айтишларича, қишлоқ нуронийлари ўз дуоларига «Шу кўпригимиз устидан одам ўтаётганида қуламасин», дея қўшиб қўйишаркан.

Чиқиндига тўла каналдан аҳоли сув ичяпти

Шерали Шоназаровнинг маълум қилишича, аҳоли қулаш арафасида турган кўприк остидан оқиб ўтаётган канал сувини ташиб, истеъмол қилади. Айтишларича, чиқиндихонага айланаёзган каналдан турли ҳайвонларнинг ўлиги ҳам оқиб келаркан гоҳида. Айримлар истеъмол учун ерости сувидан ҳам фойдаланар экан.

Қўшчинорнинг яна бир муаммоси – ички йўллар аҳволи. Қишлоқда ички кўчаларнинг аксарияти хароб аҳволда. Ёғинли кунларда машина тугул, пиёда юриш ҳам мушкул бўлиши кўриниб турибди.

Хулоса қиладиган бўлсак, қишлоқ муаммолари занжирдек бир-бирига уланиб кетган: газ ва электр энергияси йўқлиги боис ҳовлисидаги дарахтни кесиб, уйни иситмоқчи бўлаётган инсон каналдан ташиб келинган сувдан ичгани учун касал бўлса, уни шифохонага олиб бориш зарур, аммо йўл абгор, кўприкнинг ярми қулаган.

Қишлоқда ҳокимни танимайдиганлар бор

Қишлоқ аҳолиси туман ҳокими, сектор бошлиқлари бу муаммоларни келиб ўрганмаганини айтиб ўтди.

«Ўзига яраша муаммоларимиз бор. Буларни ҳал қилиш учун депутатларни сайладигу, ура-ура қилиб номзодларни кўрсатиб бердик. Вилоят депутати келган пайтда «Қайси муаммомизни ҳал қилиб берасиз?», дея сўраган эдим. Шунда депутат «Мен муаммони ҳал қилувчи эмасман, етказиб берувчиман» деди. Бундай бўлса биз ўзимиз ҳам етказаверамиз тегишли жойга, депутат нимага керак?! Бу ерда сектор бошлиғи, ҳатто ҳоким кимлигини билмайдиган фуқаролар ҳам бор», дейди Мавжуда Раҳматова.

Четдан бориб кўрган одамга «Қўшчинор» маҳалласида яшашнинг ўзи қаҳрамонликдек туюлади. Аслида, бу қишлоқ аҳолиси ҳам ўзлари истагандек умргузаронлик қилишга, ёруғ ва иссиқ хонадонларда яшашга, равон йўллардан юриб, тоза сув ичишга ҳақли. Фақатгина тегишли масъуллар бу муаммоларга эътибор қаратиши, унинг ечими учун ҳаракат қилишлари зарур бўлади.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири
Аброр Икромов, оператор

Мавзуга оид