Ўзбекистон | 16:00 / 21.10.2020
10777
2 дақиқада ўқилади

Пичоқ ва шу каби бошқа ашёларни жамоат жойларида ғилофсиз олиб юриш тақиқланади

Ўзбекистонда совуқ қуролларни ҳамда қурол ўрнида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа ашёларни ишга боғлиқ бўлмаган ҳолатларда жамоат жойларида олиб юриш тақиқланмоқда. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир тегишли қонун Сенатда маъқулланди.

21 октябрь кунги ялпи мажлисда сенатор Содиқжон Турдиев юқоридаги каби ҳолатларда фуқаро жаримага тортилиб, у олиб юрган ашё мусодара қилиниши қанчалик тўғри экани ҳақида савол берди.

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромовнинг таъкидлашича, қонунда жамоат жойларида пичоқ ёки қурол ўрнида фойдаланиш мумкин бўлган шунга ўхшаш ашёлар фақат ғилофга солинган ҳолда олиб юриш белгиланган. У ашёлар ғилофсиз, очиқ ҳолда олиб юрилсагина жарима қўлланишини айтди.

«Ишлаб чиқилган қонунда ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда пичоқ ёки шунга ўхшаш қурол ўрнига ўтувчи ашёлар олиб юришга чекловлар йўқ. Бу ерда аниқ ёзилганки, очиқ ҳолдаги ғилофсиз пичоқларни олиб юрса бўлади. Касбий, спорт фаолиятлари ёки хўжалик мақсадларида бемалол пичоқ билан юриш мумкин. Фақат кўчада, жамоат жойларида ёпиқ, ғилофга солинган ҳолда олиб юриш талаб этилади. Биласизлар, пичоқлар бозорларда сотилади, унга чекловлар қўйилмаган.

Бундан ташқари, бозорда хўжалик ускуналарини бемалол бориб ўткирласа бўлади. Фақат жамоат жойларда ғилоф билан олиб юриш керак. 185-модда 2-қисми билан совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юрганлик бўйича протокол тузиш ҳуқуқи фақат профилактика инспекторларига берилади. Бу жараёнда қарор чиқариш ҳуқуқи эса судларга берилган. Кўчада юрадиган ички ишлар ходимларига бундай ҳуқуқ берилмаган.

Қонун қабул қилингандан кейин биз, албатта, бу бўйича дарсларни ўтказамиз. Қонун мазмун-моҳиятини барча профилактика инспекторларига тушунтирамиз», – деди Азизбек Икромов.

Мавзуга оид