Ўзбекистон | 15:02 / 25.12.2019
5189
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон эркин муомаладаги қимматли қоғозларнинг ЯИМдаги улушини 5 йилда 25 баробарга оширмоқчи

Фото: KUN.UZ

2019 йил охирига келиб, Ўзбекистонда чиқарилган қимматли қоғозларнинг умумий номинал қиймати 92,35 трлн. сўмни ташкил этмоқда.

Шундан фақат 1,5 фоизи ёки 1,4 трлн. сўми эркин муомалада бўлиб, бу – ялпи ички маҳсулотнинг 0,4 фоизидан кам.

Таққослаш учун, Сингапурда бу кўрсаткич – 188 фоиз, Малайзияда – 112 фоиз, Россияда эса 34 фоизни ташкил қилади.

Бу ҳақда 2020-2025 йилларда капитал бозорини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси тақдимотида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Стратегиядан кўзланган энг асосий мақсад – беш йил ичида эркин муомаладаги қимматли қоғозларнинг ЯИМдаги улушини 10 фоизга (6 млрд долларга) етказишдир.

Ушбу мақсадга эришиш учун белгиланган асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:

  • Ўзбекистон резидентлари ва норезидентлари томонидан барча турдаги қимматли қоғозларни, шу жумладан чет эл эмитентларининг қимматли қоғозларини сотиб олиш бўйича тўсиқларни бартараф этиш, пенсия тизимини ислоҳ қилиш ва Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ бухгалтерия ҳисоби тартиб-таомилларини амалга ошириш;
  • корхоналарни хусусийлаштириш тартибини, жумладан қўшалоқ листинг орқали такомиллаштириш, секьюритизацияни, муниципал облигациялар чиқарилишини, «Сукук» ислом облигациялари каби янги молиявий маҳсулотларни жорий қилиш ҳамда маҳаллий фонд биржаларида хорижий валютада муомалада бўлган облигациялар чиқарилишини ривожлантириш;
  • Қимматли қоғозлар бўйича халқаро комиссиянинг (IOSCO) халқаро стандартлари ва тамойиллари асосида, капитал бозори тўғрисида ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш орқали капитал бозори соҳасидаги ҳуқуқий-меъёрий базани бирлаштириш;
  • мавжуд биржаларни ягона миллий валюта гуруҳига бирлаштириш, ягона миллий қимматли қоғозлар Депозитарийсини яратиш, унга ҳисоб-китоб банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини бериш, мижозларни текшириш тизимини жорий этиш ва капитал бозори профессионал иштирокчиларининг ўзини ўзи бошқариш нодавлат бирлашмасини ташкил этиш;
  • капитал бозори регулятори мустақиллигини таъминлаш, унинг ходимларини молиялаштириш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мамлакатларнинг қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи органларида иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни жалб қилиш

Бундан ташқари, 2025 йилнинг I чорагида Ўзбекистон «Morgan Stanley Capital International» (MSCI) жаҳон фонд бозори индекси рейтингидаги дунёнинг етакчи мамлакатлари рўйхатига кириши ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон бунга қадар, 2021 йил IV чорагида Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилотининг (IOSCO) ўзаро ҳамкорлик ва ахборот алмашиш бўйича кўп томонлама англашув Меморандумига (MMoU) қўшилиши кутилмоқда.

Стратегия лойиҳаси фақат рус тилида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Ҳужжатнинг ўзбек тилидаги талқини билан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги расмий сайтида танишиш мумкин.

Мавзуга оид