Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яккасаройда аҳоли эътирозларига сабаб бўлган меҳмонхона қуриладиган бўлди
Тўқимачи маҳалласи фуқаролари 5 қаватли меҳмонхона қурилишига норози бўлиб, “Toshneftgazishchita’minot” МЧЖни судга берган эди. Бир неча ой давом этган суд ишида қурувчи ютиб чиқди. Қурилишни вақтинча тўхтатиш тўғрисидаги дастлабки ҳимоя чораси бекор қилинди.
6 август куни биринчи инстанция суди қурилиш объектида жойлашган дарахтлар тақдирига аниқлик киритишга қарор қилган эди. 19 август кунги суд йиғилишида Тошкент шаҳар Экология бошқармаси инспектори Миркомил Абдувоҳидов иштирок этиб, ҳудуддаги дарахтлар юзасидан изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, меҳмонхонага туташ жойда 2 та ёнғоқ ва 1 та ўрик дарахти бор. Қурувчи ўрик дарахтини қуритиб қўйган.
“Бу дарахтлар уларнинг кадастридан ташқари бўлган ҳудудда жойлашган. Қонун бўйича биз буларнинг “Inter-inshoot” МЧЖ ва “Toshneftgazishchita’minot” корхонасига огоҳлантириш хати чиқардик. Телефон номерларини олиб боғландик, лекин ҳеч қанақа реакция бўлмади. Ҳурматли судя, улар битта ўрик дарахтини қуритиб қўйган, битта ёнғоқ дарахтини шикастлантирган, илдизларини очиб ташлаган, ўзи тепа қисмидан қуришни бошлаган”, – дейди Абдувоҳидов.
Инспекторнинг айтишича, ўрикдан ташқари 2 та ёнғоқ дарахти кўп йиллик бўлгани учун мораторийга тушган. Шу билан бирга, инспектор ўрик дарахтининг қуриб қолиши экология органлари берган қурилишга рухсат хулосасини бекор қилишга асос бўлмаслигини айтди.
Қурувчи манфаатини ҳимоя қилаётган Марат Ҳайитов ёнғоқ дарахтлари кесилмаслигини билдирди.
“Ҳозир 2 та ёнғоқ дарахти тўғрисида айтилди. Улар автотураргоҳдан ташқарида, яъни қуриладиган меҳмонхона ва офис бинолари ўртасидаги яшил ҳудудда жойлашган. У дарахтлар кесилмайди. Бу лойиҳамизда ҳам кўрсатилган. Лойиҳа белгиланган тартибда, ҳаммаси электрон равишда киритилган, уни хоҳлаган жойдан чиқариб келишса бўлади.
2023 йил 24 декабр куни Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси тасдиқланди. Биз қураётган ҳудуднинг орқасидаги жойлар ҳаммаси қайта реконструкцияга тушган бинолар ҳисобланади. Яъни бузилиб, 2045 йилгача қайта қурилиши керак. Бу ҳудуд “Eco House” МЧЖга ажратилган. Улар билан келишувимиз бор. Яъни улар томонидан бош режага мувофиқ лойиҳалаштирилган бинолар қурилишига меҳмонхона биноси таъсир қилмайди. Ўшаларни ҳисобга олиб, аризачи Раҳимова ҳамда бошқаларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилмагани сабаб аризани қаноатлантиришдан рад этишингизни сўрайман”, – деди Ҳайитов.
Ишни ўрганиб чиққан судя, даъвогарларнинг жавобгар Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига нисбатан лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича 2024 йил 15 июлдаги 125381700-сонли хулосани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабини қаноатлантиришни рад этди.
Тўрт нафар даъвогар ҳисобидан давлат бюджетига 362 500 сўм давлат божи ва Олий суд департаментига 43 000 сўм видеоконференцалоқа харажатлари ундирилади.
Қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиш ҳақидаги дастлабки ҳимоя чораси бекор қилинди.
Мавзуга оид
19:35 / 25.12.2025
Акмал Шукуровни озодликка чиқариб юборган судялар ишдан олинди
18:28 / 25.12.2025
“Credit House” ишида суд бошланди: биринчи кун қандай ўтди?
18:56 / 22.12.2025
“Credit House” иши бўйича суд бошланмоқда
18:18 / 18.12.2025