Ўзбекистон | 07:24 / 20.09.2022
1759
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда туристларни ички ишлар органларида рўйхатга олиш тизими соддалаштирилади

Хорижий туристларни вақтинчалик рўйхатга олиш ўрнига онлайн хабардор қилиш тартибига ўтилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 сентябр куни мамлакат ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум бўлди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, туристларни ички ишлар идораларида рўйхатга олиш тартибида ноқулайликлар бор. Хориждан келган туристни меҳмонхона 2 кун ичида, қариндошиникида қолганда эса, уй эгаси 3 кун ичида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиши керак.

Ички ишлар вазирлигига бу тизимни таҳлил қилиб, ортиқча чекловларни олиб ташлаш бўйича топшириқ берилди. Бунда хорижий туристларни вақтинчалик рўйхатга олиш ўрнига онлайн хабардор қилиш тартибига ўтилади.

Туристик агентларга ҳам лицензия талаби бекор қилиниб, хабардор қилиш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу орқали қўшимча 1 мингта турагент пайдо бўлишига имконият яратилади.

– Туризм – бу ҳам инвестиция, ҳам экспорт, ҳам янги иш ўринлари ва камбағалликни қисқартириш дегани. Шунинг учун ҳар бир ҳудудда бу соҳага жиддий эътибор қаратиб, кўпроқ сайёҳларни жалб этиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси йилда 7 миллион хорижий ва 12 миллион маҳаллий туристларни жалб қилиш, туризм экспортини 2 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги таъкидланди. Бу бўйича аниқ йўналишлар кўрсатилиб, ижросига масъуллар белгиланди.

Мавзуга оид