Спорт | 16:06 / 16.06.2024
15059
14 дақиқада ўқилади

«Футбол муҳимроқ». Европа чемпионати клублар футболидан афзалроқлиги ҳақида

Michaela Stache / Reuters / Scanpix / LETA

Сўнгги йилларда гўёки клублар футболи анча илгарилаб кетгандек туюлади. Энг яхши мураббийлар ўша ерда, тактик янгиликлар клубларда кузатилади. Футболчилар ҳам аввалгидек, жаҳон чемпионати ёки Европа чемпионатларда эмас, клубларда кузатилади – биз миллий жамоага жалб қилинган африкалик футболчини ҳам анча олдин таниб бўламиз. Энг катта пуллар клублар футболида айланади, бу ҳам янгилик эмас. Авваллари, миллий чемпионатлар кўп ҳам намойиш қилинмас, шунинг учун ҳам миллий жамоалар ўртасидаги мусобақалар катта байрамга айланиб кетарди. Ҳозир ҳар ҳафтада футбол. Ушбу ўйин афсунгарларини кўриш учун икки йил кутишга муҳтож эмасмиз ҳам. Аксинча, кузда миллий жамоалар йиғинлари гўёки футболни вақтинчага танаффусга чиқариб юборгандек туюлади.

Хўш, унда нега, клублар футболи барча кузирларга эга бўлиб туриб ҳам, биз жаҳон ёки Европа чемпионатини ўзгача шукуҳ билан кутиб оламиз? Нега бир онда, очилиш ўйинида мадҳиялар янграши билан ҳамма аргументлар унутилади-да, «мана шу биз билган ва севган футбол» деб юборамиз? Келинг, ҳатто бугунга шартларда ҳам миллий жамоалар футболининг такрорланмас жозибаси сақланиб қолгани ва бунинг сабаблари ҳақида сўз юритамиз.

Ҳаммаси фақат бир ой давом этади

Бу жуда аҳамиятли. Биз миллий чемпионатларни қанчалик кузатиб, ҳафтадан ҳафтага севимли клубимиз ўйинини кутсак-да, турнирнинг бир йилга чўзилиши диққатимизни жалб қилишга халақит беради. Бир йил давомида ҳаммаси ўзгариши, жамоаларда пасайиш, кўтарилиш, жароҳатлар кузатилиши мумкин. Кеча Германиянинг биргина ўйинини кўриб, бу жамоанинг анча салоҳиятли эканини тан олдик ва немислар турнир фаворитлари сафида жиддий ўринга экани ҳақида мулоҳазалар кўпайди. Бир ўйинда жуда кучли ўйин кўрсатган бир жамоанинг мавсум давомида ўша савияда бўлишига ишониш қийин, ташқи таъсирлар ҳам етарлича бўлади. Европа чемпионатида эса, катта эҳтимол мана шу биз кеча кўрган жамоа турнир давомида кучайиб бориши мумкинки, лекин пасаймайди.

Умуман, мусобақа эндигина бошланиб, атиги бир ой ўтар ўтмас, финални томоша қилишимизнинг ўзи бошқача ҳиссиётлар тақдим этади. Масалан, Чемпионлар лигасида ҳам финалга яқин ўйинлар аҳамияти ошиб, ҳаяжон кучайиши бор, аммо плей-офф охирлаган сари иштирокчи жамоалар камайиб бориши, финалга бир ой вақт қолган муддатда атиги тўрт даъвогар қолишини унутмайлик. Еврода эса, финалга бир ой қолганда 24 жамоа бор, барча фаворитлар ҳали ўз саҳифаларини очгани ҳам йўқ. Финалдан атиги 4-5 кун олдин тўрт жамоада чемпион бўлиш имконияти сақланиб қолади.

Бундан ташқари, Европа чемпионатини чалғимасдан, тўлиқ шўнғиган ҳолда кузатиш мумкин. Йил давомида инсон турли даврларни бошдан кечиради, ишда, оилада турли юмушлари чиқади, касалланади ва ҳоказо. Ҳар қандай клублар футболини муайян бир чоғлама билан томоша қилиш имконсиз. Европа ёки жаҳон чемпионати учун эса, мисол учун, меҳнат таътили олиш ва барча ўйинларни томоша қилишга ният қилиш ёки дўстлар даврасида қандайдир тадбир билан мусобақанинг муҳим қисмларини бирга кўриш мумкин. Турнир ўтаётган шаҳарларга ташриф буюриб, унутилмас даврни ўтказиш эса, умуман бошқа даража. Бундай имкониятлар клублар футболида йўқ.

Шунинг учун ҳам одатда футболга унча қизиқмайдиган ёки жиддий таъқиб қилмайдиган инсонларнинг ҳам айнан ЖЧ ва Евроларда вақтинча мухлисга айланишини кўрамиз. «Фақат жаҳон чемпионати финалларини кўраман» деб мақтанадиган танишлар ҳаммамизда бор.

Футболчиларнинг спорт формаси

Ҳар қандай футболчининг турли даврлари бўлади. Доим ҳам биз кутган даражада ўйнолмаслиги мумкин, фаолияти давомида пасайишлар, муваффақиятсиз ўйинлар етарлича топилади. Биз ҳар қандай футболчига баҳо берар эканмиз, ҳаммасига умумий қараймиз, яхши ўйинларини эслаб, нималарга қодир эканига баҳо берамиз.

Жаҳон ва қитъа чемпионатлари футболчиларнинг энг яхши даврини кузатиш учун айни муддао. Чунки мусобақа учун танлаб олинадиган футболчилар сони чекланган. Табиийки, мураббийлар айни дамда энг яхши ҳолатда бўлган футболчиларни саралаб олади. Рэшфорд ва Грилишни зўр футболчилар сифатида биламиз, аммо афсуски, охирги мавсумда доим ҳам ишончни оқлашмади. Кўп марта улардан ҳафсала пир бўлди, майдонга тушмаслигини ҳам хоҳлаб қолдик. Оқибатда Саутгейт ҳам бу футболчиларни жамоасига жалб қилмади, Рэшфордни ҳам, Грилишни ҳам Еврода кўрмаймиз. Айтмоқчиманки, бу мусобақада майдонга тушаётган футболчи борки, айни дамда юқори спорт формасида, ўзининг яхши даврини бошдан кечираётган бўлади. Ҳатто одатда узоқ вақт ўз формасини ушлаб тура олмайдиган, баъзи қисқа даврларда ўзини кўрсатадиган футболчилар ҳам яхши тайёрланиб, режа асосида шу даврда юқори нуқтага чиқиб олиши мумкин.

Шунинг учун биз эски юлдузларни эслаганимизда ҳам, аслида клубларда узоқ давр ўйнаган, кўп яхши ўйинлар ўтказишган бўлса-да, бирор жаҳон чемпионати ёки Евро орқали хотирамизга муҳрлаймиз. Зидан деганда, албатта, 1998 ёки 2006 йилдаги жаҳон чемпионати келади. Роберто Баджо анча аввалроқ «Олтин тўп» олган бўлса-да, уни ўша Бразилияга қарши ўйиндаги пеналтиси орқали эслаймиз, Марко ван Бастен бомбардир, демак жуда кўп гол урган, аммо Евро-88 финалидаги голи унинг ташриф қоғозига айланган ва ҳоказо.

«Олтин тўп» учун муҳим мусобақа

Роналду ва Месси аста-секин футболни тарк этишяпти, демак бу совринни ютиш ҳам осонлашади. Бир йил давомида клублар даражасида жуда юқори савияда ўйин кўрсатишингиз мумкин, аммо агар Европа чемпионатида сиз эмас, ҳатто жамоангиз қоқилса, «Олтин тўп» олиш имкониятингиз кескин тушиб кетади. Мбаппе мана шу бир ой юқори савияда ўйнаб, чемпион бўлса, Фоденни ҳам, Кроос ёки Беллингҳэмни ҳам осонлик билан ортда қолдиради. Ҳатто фақат бир турнирда ўзини кўрсатиб ҳам асосий даъвогарга айланган ҳолатлар кўп. Каннаваро, Заммер ёки Модрични эслаш кифоя.

Ўз ўзидан футболчилар учун ҳам бу турнирнинг аҳамияти катта бўлаверади. Биз улар клубларида катта маош олиши, барча эътирофни йил давомида қабул қилишларини биламиз, аммо шу билан бирга уларнинг айнан Евро ёки ЖЧ иштирокчиси бўламан деб клуб алмаштирганини ёки мураббийлар билан зиддиятга борганини кўрамиз. Нега?

Чунки барибир, юқорида айтганимиздек, футбол тарихиди ўзини муҳрлаш учун бундай турнирлардан яхшироғи йўқ. Клублар футболи 90-йиллардан кейин ривожланиб, бугунги кунга етиб келган бўлса, миллий жамоалар футболи ўтган аср ўрталарида ҳам энг оммавий воқелик бўлган. Табиийки, бугунги Мусиала, Беллингҳэм, Кейн, Ямал, Мбаппе каби юлдузлар ўз исмларини Пеле, Эйсебио, Марадона, Чарлтон кабилар из қолдирган саҳифаларга ёзиб қўйишни орзу қилишади.

Миллий жамоаларда трансфер йўқ

 

Гўёки жамоани янада мукаммаллаштирадиган қуролнинг ишламаслиги ҳам ушбу мусобақаларни жозибали қилади. Клублар ўзи учун оғриқли позициялар учун пул сарфлаб, истаган футболчини сотиб олиши мумкин. Агар бирор мамлакатда топ-даражадаги чап қанот ҳимоячиси етишиб чиқмаса, мураббий бори билан қаноатланади ва шунга мос ечимлар қидиришга мажбур. Бундай шартларда ҳам футболни кузатиш ва таҳлил қилиш анча завқли бўлади. Айнан шу номукаммаллик футболни гўзаллаштиради, жалб қилади, янги юлдузларни кашф этади ҳам.

Мисол учун, клублар маълум даражада табақаланган ва таркиблар шунга асосан шаклланади. «Манчестер Сити» – бой клуб, ҳар бир чизиқда шунга яраша футболчилар бор. «Реал»да йиғилган футболчилар ҳам савия, ҳам маош, ҳам умуман футболдаги ўрни нуқтайи назаридан бир-бирига яқин, тўғрими?

Энди тасаввур қилинг, норвегиялик Эрлинг Ҳоланд, дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири ва катта эҳтимол, Англия учинчи лигасида тўп сурадиган бошқа бир норвегиялик футболчи билан бир жамоада ўйнайди. Клублар футболида фақат ўхшаб қолса, мамлакат кубоги илк босқичларида рақиб бўлиб қолиши мумкин бўлган футболчи билан айни мақсад, айни орзу йўлида бирлашади. Яна тасаввур қилинг, уэлслик оддий мухлис ўз миллий жамоасида ёш Гарет Бэйлни кўради. Ҳатто «Тоттенҳэм» мухлиси қачондир Бэйлдан ажралиб қолишини аниқ билган ҳолда, ўша уэлслик инсон бир нарсага амин – Бэйл энди фаолиятининг охиригача унинг жамоасида тўп суради. Бу ахир футболдаги тенгликни, ҳаёт инсонларни ҳар қанча табақалаштирмасин, ўртадаги фарқ айнан футбол туфайли қисқармаяптими? 

Ҳар жамоанинг ўз характери бор

Биз ҳар қанча ҳаракат қилиб, «камбэклар қироли» унвонини аввал «Манчестер Юнайтед», кейин «Реал»га тиркамайлик, бу аслида шунчаки журналистик ҳийла эканини ва бундай ўхшатишлар вақтинча бўлиб, ўша «Манчестер Юнайтед» ҳозиргисидан бутунлай бошқача бўлганини билиб турамиз. Ҳа, миллий жамоаларда ҳам футбол ўзгарди. Англия эмас, Испания кросслар билан ўйнамоқда, Италия сўнгги Еврони ютганда умуман эски жамоаларидан фарқли услубда тўп сурди. Футбол глобаллашиб, ҳаммаси аралашиб ҳам кетди, тўғри.

Аммо ҳар бир миллатнинг ўз характерига хос хусусиятлар ҳам ҳеч қаерга кетгани йўқ, барибир агар ҳимояда бехато ўйнайдиган Италия, пеналтилар сериясида ютқазаверадиган Англия, прагматик Германия, мафтункор Бразилия-ю, ғалаба учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган Аргентина асос сифатида қолаверади. Чунки бу асос яқин қайсидир бир неча ўйинга эмас, асрларга чўзилган тарихга тақалаверади.

Тасаввур қилинг, Чемпионлар лигаси финалида «Реал» ва «Бавария» ўйнамоқда. Шунда «Реал»нинг фалон йилдан буён умуман финалларда ютқазмаганини айтамиз, ҳар ерда ёзилади, тўғри, лекин биласизми, бу шунчаки бир факт экани, бугунги натижага таъсир қилмаслигини билиб турамиз. Аммо агар Англия ва Германия пеналтилар сериясига қолишса, инглизларнинг бу борада омадсизлиги эсланади ва бу жуда жиддий аргументга айланади. Яъни биз бугунги «Реал» саксонинчи йиллардаги «Реал»дан бутунлай бошқа, аммо шу Англия эллик йил олдинги Англия билан умумийликка эга эканини қабул ҳам қиламиз, ишонаверинг. Гўёки, бутун тарихдаги барча Европа чемпионатлари яхлит бир бутунлик бўлиб, у ерда иштирок этаётган жамоалар айнан ўзгармас, ўша-ўша экани тасаввури бизни ҳеч қачон тарк этмайди.     

Охиригача курашмайдиган «Ливерпул» футболчисини кўришингиз мумкин, аммо мадҳияни ёмон куйладиган италияликни эмас.

Атрибутлар

Энг муҳим нуқта. Футбол оддий спорт эмаслиги айнан терма жамоалар билан боғлиқ мусобақаларга қараб айтилганига амин бўлиш осон. Биз турли клубларда тўп сурадиган футболчиларнинг ҳикояларини эшитганмиз, ўқиганмиз. Албатта, уларни ўқир экансиз, футболнинг инсонлар ҳаётида тутган ўрни, унинг бир инсон ҳаётини қанчалик ўзгартириб юбориши мумкинлигига амин бўламиз, ибрат оламиз. Лекин барибир, у ҳикоялар шахсий. Ўша футболчининг ҳаёти.

Миллий жамоа эса, умумий. Бу ерда бутун бир миллат, катта бир мамлакат биргаликда азият чекади, биргаликда қувонади. Эрнесто Валверденинг муваффақиятсиз даври унинг ҳаётида қанчалик ўзгаришларга сабаб бўлганини ўқиш таъсирли, аммо Роберто Баджонинг пеналтиси бутун мамлакатни йиқитганди – бу умуман бошқа даража. Дербилардаги интрига, бир шаҳарнинг иккига бўлиниши, ҳа, ажойиб афиша, аммо бир мамлакатнинг бир онда қувончга бурканиши-ю, бир онда сукут сақлаши, ишонинг, умуман бошқа даража.

Европа чемпионати вақтида майдондан ташқаридаги тасвирлар ҳам қизиқ. Ана, болакай Роналдунинг либосини кийиб олибди, демак португал. Сочи сариқ-ку, демак сочи сариқ португаллар ҳам бўлар экан. Хорват қизлари чиройли. Хорват эканликларини қаердан билдинг? Шахмат тасвирли байроқни кўтариб олишибди. Ўзбек катта дўппи кийиб олади, кимдир ўз миллий рақсини стадионга «тиқиштиради», бири мусулмон, бири бошқа диндан, фарқли маданиятлар, фарқли эътиқодлар... Инсоният бир муддат мана шу фарқлиликларни кўради, кўриб ҳам, бу фарқлиликларнинг аслида аҳамияти йўқлигини ҳам тушуниб етгандек бўлади, бир-бирига қизиқиш билан қарайди, яқинлашади. Футбол туфайли.   

Кейин мадҳиялар янграйди. Ҳар бир инсонда қаергадир, нимагадир мансублик туйғусини ҳис қилади. Инсон ўз ҳолича эмас, бошқалар билан муносабатларда, мана шу умумиятда инсон эканини англаб етгандек бўлади.

Ҳаммаси тугаб, футбол бошланади. Тўқсон дақиқа нафақат ўзи учун, мамлакати учун янги тарих ёзишга уринаётган йигирма икки тентакни томоша қилинади. Қолган ҳаммаси унутилади. Футбол муҳимроқ.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид