18:04 / 04.08.2021
8531

Қорақалпоғистонда станцияда турган вагон ёниб кетди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги Қоратов станциясида йўловчи поездида ёнғин содир бўлгани ҳақида тарқалган видео юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, 4 август куни соат 13:29 да Қорақалпоғистон Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Қораўзак тумани «Қораўзак» станциясида турган вагонларнинг бирида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Шунга кўра, 3 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:30 да воқеа жойига етиб борган. Ёнғин соат 14:40 да ўраб олиниб, 14:58 да тўлиқ бартараф этилган.

Таъкидланишича, ёнғин ўчириш қисмидан ёнғин содир бўлган манзилгача масофа, тахминан, 45 километрни ташкил этади.

Маълум бўлишича, ёнғин Қўнғирот йўли машина станциясига қарашли ишчилар ётоқхона сифатида фойдаланишга мўлжалланган, бошқа таркибдаги вагонлардан алоҳида турган вагонда содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Воқеа жойига Қорақалпоғистон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбар ходимлари ва туман ФВ бўлими ходимлари борган.

Top