Иқтисодиёт | 08:40 / 06.05.2024
2638
2 дақиқада ўқилади

ОПЕК Ўзбекистонда хусусий боғчаларни ривожлантиришга 20 млн доллар ажратади

Янги лойиҳа бир қатор янги мактабгача таълим муассасалар қуриш ва модернизация қилиш, шу билан бирга уларда болалар учун ўринлар сонини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

ОПЕК Ўзбекистонда хусусий боғчаларни ривожлантиришга 20 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид ал-Халифа узоқ муддатли ҳамкорликни муҳокама қилди ва хусусий секторни давлат банкларини хусусийлаштириш жараёнига жалб этиш масалаларини кўриб чиқди.

Учрашув доирасида Ўзбекистонда “Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида 20 миллион доллар миқдоридаги битим имзоланди.

Ушбу лойиҳа президент томонидан тасдиқланган “2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да белгиланган мақсадларга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг бир қисми бўлди. Лойиҳа хусусий секторга мактабгача таълим муассасаларини қуриш учун имтиёзли кредитлардан фойдаланиш имконини беради.

Лойиҳа бир қатор янги мактабгача таълим муассасалар қуриш ва модернизация қилиш, шу билан бирга уларда болалар учун ўринлар сонини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Мавзуга оид